“Татуировка” дегани нима?

“Татуировка” дегани нима?

Татуировка – тери ичига махсус асбоблар билан ўчиб кетмайдиган суратлар ёки ёзувларни сунъий йўл билан чизиш ҳисобланади.
Татуировка тарихига саёҳат қилиш учун жуда қадимги даврларга, яъни Қадимги Мисргача бориш керак бўлади. “Татуировка” сўзи (қисқача – “тату”) таит тилидан олинган (“ta” - расм, “atoua” - илоҳ). Ибтидоий даврларда қадимги одамлар ўз таналарига қайси қабиладанлиги, ижтимоий ҳолатини кўрсатиб туриш учун расмлар чизиб олишар эди. Ҳатто, улар бунда қандайдир сеҳрли куч бор, жангларда ҳимоя қилади, касалликлардан сақлайди, деб ишонишган.
Бошқа тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, “татуировка” сўзи яванликлар тилидан олинган бўлиб, полинезияликларнинг "тату" сўзига мувоффиқ экан ва "яра", "ярадор" маъноларини ифодалар экан.

Доктор Гелльштерн ўзининг "Жиноятчиларнинг татуировкалари" деган асарида, "татуировка" сўзининг келиб чиқишини гапириб, бу сўзни денгизчи Кук Гаити оролларидан олиб келганини айтади. Гаити оролининг аҳолиси ҳар хил баҳоналарни сабаб қилиб ўз таналарига тату чиздирар экан.
Профессор Рикканинг хабар беришича, европаликлар орасида тату ҳақидаги илк хабарлар XVIII аср бошларига тўғри келар экан. Ўшанда бозорларда танасига чизилган татуировкаларни кўрсатиб пул топмоқчи бўлган одамлар пайдо бўлган экан.
Ўшандан бери татуировкалар жуда тез тарқалиб кетди, айниқса денгизчилар орасида, сўнг жиноят оламида кенг тарқалди.
Маънавий ногирон бўлган одамлар, жиноятчилар орасида татуировкалар жуда оммалашиб кетди.
Расм, ёзувлар ва уларнинг танадаги жойлашган жойига қараб ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ҳодимлари жиноятчининг қайси жиноятларга кўпроқ мойил эканини тезда билиб олишлари мумкин.
Татуировкалар ёрдамида жиноят ишлари фош этилгани ҳам қайд этилган.
Замонамизда татуировкалар модага айланди, маданий ҳаётнинг бир тури намоён бўлмоқда. Бу иллат қандайдир заруратдан эмас, билакс куннинг нафсу ҳавосидан келиб чиққан.
Моданинг психологик асоси инстинктив, онгли иродага унчалик боғлиқ бўлмаган ҳамда доим ўзгариб турадиган подаликнинг бир кўринишидир... (Энциклопедик луғат)
Мода - тарихнинг айни давридаги яшаш тарзидир. Унинг ҳар бир инсон ва ҳаётнинг ҳар бир соҳасига алоқаси бор - пошнадан тортиб адабиётгача, муаттар ҳиддан меъморчиликкача.
Бироқ, ҳар бир мода деган нарса саломатликка фойдаси бор дегани эмас. Мода деб айтилган баъзи қизиқишлар ҳаёт учун зарарли, ҳатто хавфли бўлиши мумкин.
Жамиятда, айниқса ёшлар орасида турли хил стилда тату чизиш одатга айланди: боди-арт (рангли татуировка) ва оддий татуировка.
Агар татуировкага тегишли психология ҳақида гап очиладиган бўлса, бу ерда татуировкачининг руҳияти алоҳида диққатга сазовордир. У ҳар бир ишида ўзини намоён қилади.
Ҳар бир халқнинг асрлар давомида шаклланган ўзига хос символикаси, яъни рамзий белгилари бўлади. Улар билан танишиб чиқиш фойдадан ҳоли эмас.

Саломатлик учун хатар

Бироқ, танага бунга ўхшаш ишловлар бериш саломатлик учун хатар туғдириши мумкин: оддий инфекциядан то ҳаёт учун жиддий бўлган касалликларгача. Шунинг учун тату қилаётганлар бу ишлари билан саломатликларига нечоғли хавф солаётганлари ҳақида бир ўйлаб қўйишлари керак бўлади.
Ҳозир татуировкаларни махсус ускуналар билан чизишади, уларнинг иши ҳудди тикув машинасининг ишига ўхшаб кетади. Чизилаётган расм ёки ёзувга қараб бу иш бир неча соат давом этиши мумкин ва оз миқдорда қон кетади. Чиздирилаётган жойига қараб татуировка чизиш оғриқли ёки оғриқсиз кечиши мумкин.
Татуировка чизилишида инфекция тушмаган тақдирда ҳам, айниқса қизил рангли модда қўлланилса, аллергия реакцияси содир бўлиши ёки терига зарар қилиш бошқа бир касалликни келтириб чиқариши мумкин.
Ҳолбуки, хорижий шифокорларнинг таъкидлашича, тату чиздириш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин экан. Татуажчилар ўз мижозларига қоқшол, сил ва хатто ОИТС касалликларини юқтириб қўйгани маълум.
Ҳамда инфекцион касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш давлат марказларининг (АҚШ) маълумотларига кўра, татуировка чиздириш импетиго ёки дерматит деб номланган тери инфекцияси касаллигини келтириб чиқариши мумкин.
Кўпинча, вақт ўтиши билан терига туширилган расм ости ёки унинг атрофида экзема пайдо бўлади. Бундай касалларни касалхонага ётқизишади. Бунга бўёқдаги парафениленодиаминлар сабаб экан, бу модда косметика саноатида оз миқдорда фойдаланишга рухсат этилган. Айниқса, қора ранг билан чиздирганлар кўпроқ зарар кўришлари мумкин.
Яна зарарлардан бири тиртиқ бўлиб қолиши.
Сўнгги йилларда Америка Қўшма Штатларида татуировкаларнинг инсон саломатлигига келтираётган зарари кўпайиб кетганидан, ҳукумат вазиятни назорат қилишга ҳаракат қилмоқда.
1961 йил жуда кўп штатларда татуировка чиздиришга чекловлар жорий қилинди. Ўшанда татуировкалар чиздириш жараёнида гепатит билан хасталанганлар жуда кўпайиб кетган эди.
2003 йили АҚШ ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилувчиларга бош ва бўйинга татуировка қилиш тақиқланди, кимнинг татуси бўлса, уни йўқ қилиш тавсия этилди.
Айни вақт Осиё ва Африкадан келтирилаётган вақтинча татуировка қилиш учун ишлатиладиган хнани ҳам АҚШга олиб кириш тақиқланган. Америкада хна сочни бўяш учунгина рухсат этилган бўлиб, тату-салонларда улардан фойдаланиш тақиқланади ва қонунан жавобгарликка тортилиши мумкин.
Айтмоқчи, Америка қон банклари ассоциацияси ва Америка Қизил Хоч ташкилоти татуировка қилган донарлардан бир йил ичида қон қабул қилмайди. Айни шу давр ичида ушбу зарарли иллатнинг салбий жиҳатлари ўзини намоён қилади.
Татуриовка қилишдан олдин яхшилаб яна бир бор ўйлаб кўринг!
Аллергиянгиз бўлса, асло мумкин эмас, ёки терингиз ҳаддан зиёд сезгир бўласа ҳам. Яна шуни билингки, татуаж қилиш жараёни жуда оғриқлидир, чунки расм солиш терига игна санчиш билан амалга оширилади. Сўнг чиздирилган расмни ўчирмоқчи бўлсангиз, кўп холатда танада чандиқ ва тиртиқлар қолади.
Сўнгги вақтларда хна бўёқлари билан солинадиган татуировкалар ҳам кенг тарқалди. Бу ерда хнанинг ўзи эмас, балки унинг таркибига қўшиладиган бўёқ жуда хавфлидир.
Бўёқ таркибида жуда кучли аллерген модда бўлиб, бутун умр мабойнида қуёш нуридан сақлаш кремлари, оғриқни қолдирувчи таблеткаларга аллергия қўзиши мумкин. Иммунитет тизимига таъсир қилиши ва бошқа инфекцион касалликларни юқтириб олиш хавфи туғилади. Бўёқдаги моддалар лимфа томирлари орқали лимфа тугунчаларига тушиб, унинг ишини издан чиқаради, бу эса ўз навбатида иммун тизимига салбий таъсир қилади.
Татуировкаларни ўчириш енгиллик олиб келмайди, чунки лимфа тугунчаларига тушган бўёқ моддалари ўзининг қора ишларини бажариб бўлган бўлади. Оқибат, лимфа тугунчалар бегона ва касаллик келтириб чиқарувчи нарсаларга тўлиқ қаршилик кўрсата олмай қолади ҳамда турли хил бактерия ва вирусларга қарши антижисм ишлаб чиқармай қўяди.
Шундай экан, саломатликни таҳликага қўйиш шартмикан? Чунки йиллар ўтиб, чиздирган расм учун пушаймон бўларсиз ва вақт ўтиши билан терингиз ҳам осилиб қолади, бир вақтлар кўзингизга чиройли кўринган расм ҳам осилиб хунук бўлиб қолади. Гўзаллик тимсоли балки бошқа тарафдадир, шу ҳақида ҳам ўйлаб кўринг... Мода эса, тез ўзгариб турадиган нарсадир.

Хулоса ўрнида

Савол: Ёшларимиз орасида баданларига турли нақш ва ёзувлар тушириш (татуировка) тобора урфга кириб боряпти. Йигитлар у ёқда қолиб, қизларимиз ҳам юз ва баданларига турли шакл ва холларни туширишяпти. Бундай ишларга шариат рухсат берадими?

Жавоб (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ): Бу каби ишлар динимизда қораланган, буни қилганлар ҳаром ишга қўл урган бўлишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: “Вашм қилдирувчини Аллоҳ лаънатласин”, деганлар.
Маълумки, Исломдан олдинги жоҳилият даврида аёллар ўртасида гўзал кўриниш, сохта чиройга эга бўлиш учун турли усуллар урфда эди. Шулар қаторида  “вашм” – ясама хол қўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна билан тештириб қон чиқаришар, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирор модда сепиб, ясама хол ёки турли белгилар қилишар эди. Буни амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким сохта хол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди. Ислом улама соч тақиш, юзларни ўзгартириш, тишлар орасини очиш ва баданга хол ёки бошқа шаклларни тушириш каби номаъқул ишларни ҳаром қилди (Аллоҳ билувчидир).

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top