Алвидо, холестерин!

Алвидо, холестерин!

Алвидо, холестерин!

Ошқовоқ хуштаъм сабзавот сифатида 5 минг йилдан бери маълумдир. Масалан, ҳиндулар унинг этини овқатга солишган, уруғидан ёғ олишган, пўчоғидан эса идиш ясашган. Бугунги кунгача ҳам кўпгина мамлакатларда ошқовоқ ўзининг ёқимли мазаси ва озуқа қиймати билан ниҳоятда машҳурдир. 100 грамм ошқовоқда 1 гр оқсил, 1 гр ёғ, 4,4 гр углевод, 91,8 гр сув бор бўлиб, унинг калория қуввати 22 кКал ни ташкил қилади.

Ошқовоқдан ниҳоятда мазали бўтқалар, шўрвалар, қуймоқлар, мураббо ва шарбатлар тайёрлаш мумкин. Ошқовоқни исталган шаклда истеъмол қилинаверади, уни хомлигича ҳам, қайнатиб ҳам, пишириб ҳам, тандирга ёпиб ва ҳатто музлатиб ҳам ейиш мумкин.
Аммо ошқовоқ нафақат мазали, балки саломатликка кони фойда сабзавот эканини ҳамма ҳам билавермаса керак. Ошқовоқ витаминларнинг кони, минералларнинг хазинасидир. Унинг таркибида қуйидаги дармондорилар бор:
- С, Т, А, D, E, F ва PP витаминлар
- В гуруҳ витаминлари
- макро ва микроэлементлар: темир, калий, кальций, магний, мис, фосфор, кобальт;
Бундан ташқари, ошқовоқ клетчатка (бириктирувчи тўқима), табиий қанд, модда алмашинувини тезлаштирувчи ва шу каби жуда кўп фойдали моддалар билан тўлиб-тошиб ётади.
Ошқовоқ томирларни кенгайтирувчи, яллиғланишни кетказувчи, яраларни тез битирувчи ва организмни тозаловчи хусусиятларга эгадир. Ошқовоқнинг эти модда алмашинувини, ошқозон-ичак йўлларининг фаолиятини яхшилайди, организмдаги сув-тузлар алмашинувини оширади. Бундан ташқари, ошқовоқда сил (туберкулёз) таёқчалари ўсишига тўсқинлик қилувчи модда ҳам бор! Шунингдек, тиббиётда ошқовоқ кўнгил айнишига қарши восита сифатида фойдаланилади. Баъзи олимлар ошқовоқни қариш жараёнларини секинлаштирувчи восита деб ҳам ҳисоблашади.
Ошқовоқнинг сўнгги йилларда энг долзарб бўлган яна бир ажойиб фойдали хусусияти шуки, у қондаги қанд ва холестерин миқдорини камайтира олади. Қуйида уй шароитда холестеринни камайтирадиган самарали шарбат тайёрлаш рецептини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ҚОВОҚ ШАРБАТ

Масаллиқлар:
•    100 гр хом ошқовоқ
•    Ярим стакан тоза сув

Тайёрлаш:
Ошқовоқнинг пўстини олиб ташлаб, унча катта бўлмаган бўлакларга бўласиз. Уларни блендерга солиб, устидан сув қуйиб, бир хил атала ҳолига келгунча аралаштирасиз. Қарабсизки, шарбат тайёр!
Бир ой давомида ҳар куни эрталаб наҳорда оч қоринга, овқатдан ярим соат олдин 250 граммдан ичасиз. Бир ойдаёқ фойдасини кўрасиз!
Бу ажойиб шарбат нафақат холестеринни камайтиради, балки ортиқча вазнни йўқотиб, организмни кузги-қишки мавсумда ниҳоятда зарур бўлган витамин ва микроэлементлар билан тўйинтиради.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, шариатимизда ҳар қандай тавсия бўлса, албатта инсонга манфаати бўлади. Ҳаммамизга маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқни яхши кўрганлар, уни суйиб истеъмол қилганлар, ошқовоқ солинган таомнинг ичида уни териб еганлари кўпгина ҳадисларда зикр қилинган. Икки дунё саодатига эришиш йўли кўрсатиб берилган динимиздаги ҳар бир кўрсатмада бир олам ҳикмат борлигини ушбу кичик бир мисолда ҳам кўриб турибмиз. Инсоният ошқовоқда бунчалик кўп фойдалар борлигини илм-фан ривожланиб, тараққий эта бошлаган даврда, асри саодатдан салкам бир ярим минг йил кейингина кашф қилди.
Демак, шариатимиздаги ҳар бир кўрсатмага ихлос билан, сидқидилдан риоя қилиб бораверсак, ўзимиз билмасак ҳам дунёю охиратимизга фойда бўлаверар экан.

back to top