БСТ: кашандалик триллион доллар зарари келтиради

БСТ: кашандалик триллион доллар зарари келтиради

БСТ: кашандалик триллион доллар зарари келтиради

10.01.2017
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кашандаликнинг оламшумул иқтисодий зарарини триллион доллар деб баҳолади. Жаҳон иқтисодиёти кашандаликнинг оқибатлари туфайли ҳар йили 1000000000000 (триллион) доллардан ортиқ зарар кўрар экан.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БСТ) ҳамда АҚШ Саратон (рак) миллий институтининг ҳисоботида ана шундай дейилган, деб хабар беради Reuters агентлиги.
Бу мисли кўрилмаган иқтисодий талафотлар тамаки чекиш оқибатида келиб чиққан касалликларни даволаш харажатлари ҳамда кашандалар орасида меҳнат унумдорлигининг пасайиши билан боғлиқ экан. Ҳисобот муаллифларининг айтишича, келгусида бу харажатлар фақат ортиб боради. Айни пайтда, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, тамаки ишлаб чиқарувчи компаниялар йилига 269 миллиард доллар даромад кўрмоқда.
БСТнинг ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар йили кашандалик оқибатида тахминан 6000000 (олти миллион) киши ўлар экан. Бу рақам 2030 йилга бориб 8 миллионга етиши кутилаётган бўлиб, бу кўрсаткич асосан аҳолининг даромадлари паст ва ўрта даражада бўлган мамлакатлар ҳисобига ортар экан.
БСТ «глобал тамаки эпидемияси» ҳақидаги ҳисоботларни ҳар йили мунтазам равишда эълон қилиб келади. БСТ 2013 йилда кашандаликдан етган иқтисодий зарарни ярим триллион доллар деб баҳолаган эди. Сўнгги уч йил ичида етказилган зарар ниманинг ҳисобига икки баравар ортганига бу йилги ҳисоботда аниқлик киритилмаган.
McKinsey таҳлилчилари турли омилларнинг жаҳон иқтисодиётга таъсири ҳақидаги тадқиқотларида айтишича, кашандалик ҳар йили 2,1 триллион долларнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон ялпи ички маҳсулотига урушлар, терактлар ва жиноятчилик туфайли ҳам худди шунча миқдорда зарар етар экан.

Манба: Медуза

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « 1 декабрь – ОИТС га қарши курашиш куни
Юқорига