Ҳафтада икки кун рўза соғломлаштиради, ёшартиради ва умрингизни узайтиради

Ҳафтада икки кун рўза соғломлаштиради, ёшартиради ва умрингизни узайтиради

2016 йилда Тиббиёт ва физология бўйича Нобель мукофоти япониялик профессор Ёсинори Осумига берилди. Токио университетининг ҳужайра биологияси бўйича мутахассиси, 71 ёшли Ёсинори Осуми ушбу нуфузли мукофотга аутофагия соҳасидаги улкан илмий фаолияти учун сазовор бўлди.

Аутофагия – организмнинг ўз-ўзини тозалаш ва тиклаш жараёнидир. Маълум бўлишича, ҳар бир ҳужайра ўзининг эскирган ёки шикастланган қисмини «еб», улардан халос бўлиш хусусиятига эга экан. Ҳужайра ўз моддасини қайта ишлаб, тикланиш ва фаолиятини давом эттириш учун янги имкониятлар, янги ресурслар пайдо қилар экан.

Бу соҳадан узоқроқ одамга тушунарлироқ бўлиши учун ҳужайрани эски автомобиль десак, уни бўлакларга ажратиб, эскирган қисмларини ташлаб юбориш, яроқлиларини эса бошқа машинага ишлатишга ўхшатиш мумкин. Ёсинори Осуми аутофагия ҳодисасини илк бор 1992 йилда кузатган экан.  Дастлаб у хамиртуруш ҳужайраларининг «ўз-ўзини ейиш» хоссасини бошқарадиган генларни кўриб чиққан.  Кейинчалик эса, аутофагия жараёнлари организмга турли касалликларга қарши курашда ёрдам бериши аниқланди. Жумладан, аутофагия хусусияти туфайли инсон танаси қандли диабет, юқумли касалликлар ҳамда  Паркинсон, Альцгеймер ва Хантингтон касаллиги каби дардлардан халос бўлишга ёрдам берар экан.

Олимларнинг айтишича, инсон ўз танасидаги аутофагия жараёнини тезлаштириши мумкин. Бунинг учун мунтазам равишда жисмоний машқлар қилиб туриш ёки углеводлар ейишни камайтириши керак экан. Биз мусулмонлар учун энг эътиборли жиҳати шундаки, аутофагия жараёнини тезлаштиришга сабаб бўладиган энг яхши омиллардан бири рўза экан. Рамазондаги каби бир кунда 12 соат ёки ундан кўпроқ вақт емай-ичмай юриш, айниқса, ҳафтада икки кун рўза тутиш инсон организмидаги ички аутофагия жараёнларини жонлантириб юборадиган қудратли омилдир. Ихтиёрий очлик инсон организмидаги ҳужайраларда аутофагияни юзага келтиради ва айнан шу омил туфайли мия бутун танада ўз-ўзини тиклаш жараёнларини бошлаш ҳақида буйруқ беради.

Мунтазам равишда рўза тутиб юриш инсонни соғломлаштириш ва ёшартиришнинг энг кучли усули бўлиб, айни пайтда иродани мустаҳкамлайди, ўз-ўзини назорат қилишни кучайтиради ва овқат ҳазм қилиши тизимининг дам олишига имкон беради. 

Бу гапларга ишонқирамай турганлар билиб қўйишсинки, аутофагия – ҳужайраларни тиклайдиган, организмнинг қаришини секинлаштирадиган қудратли куч экани бугунги замон фани учун катта илмий янгилик бўлди. Шунинг учун бу тадқиқотнинг муаллифига Нобель мукофоти берилди. Бир миллион доллардан ортиқ бу мукофот дуч келган одамга бекордан-бекорга берилмаслигини эса ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай экан, бу илмий кашфиёт дунёнинг энг пешқадам олимлари томонидан тасдиқланган, маъқулланган факт эканига алоҳида эътибор беришимиз керак. 

Айниқса, ортиқча вазндан қутула олмай куйиб-пишиб юрган қизларимиз гўзаллик салонига бориш ёки қимматбаҳо косметик воситалар ишлатишдан олдин мунтазам равишда ҳафтада икки кун рўза тутиб кўришсин. Иншааллоҳ, натижаси кутилганидан ҳам аъло бўлади. 

Динимизнинг аҳкомлари ана шундай кони фойдадир. Ундаги ҳар бир илоҳий кўрсатмани иймон-ихлос билан амал қилган одам нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам олам-олам манфаатларга эришади. Бироқ, чинакам мўминлар бу кўрсатмаларга бирор манфаат учун эмас, балки бизни йўқдан бор қилган Роббимизнинг амрига итоат қилиш ниятида, У Зотнинг розилигини топиш ниятида амал қиладилар. 

 

манба:  Umma.news

 

back to top