«Толерант» Европа муҳожирларни “оёқларидан йиқитиш” ва “ўт қўйиш” билан қаршиламоқда

Яқин Шарқдан Европага ўтаётган муҳожирлар оқими тинч ва жалжалсиз ҳолатда ўтмаяпти.  Эски Дунё бу мусофирларга унчалар хурсанд эмас. Яқин кунларда “чиройли” кадрни суратга олиш баҳонасида муҳожирни оёғидан чалиб йиқитган венгриялик журналист Петра Лазло барчанинг диққат-эътибор марказига айланди. Бу ҳолат юзасидан у ўз ишидан айрилди ва кечирим сўрашга мажбур бўлди. 

 Журналист ўз харакатларини карахтлик ва ваҳима ҳолати билан тушунтирган.  “Magyar Nemzet” газетаси Лазлонинг ўз ҳолатига тушунтириш берган ва кечирим сўраган хатини чоп этди. “Юзлаб муҳожирлар полиция тўсиғини ёриб ўтаётган вақтда мен суратга олиш билан машғул эдим. Бир муҳожир менга яқинлашиб келганда, мен қўрқиб кетдим, - тушунтиради у. – Сўнг, менга кимдир урилиб кетди. Менга хужум қилишди деб ўйлаб, ҳимояланишга харакат қилдим. Атрофда ваҳима бўлган вақтда, тўғри қарор қабул қилиш жуда қийин”.

Лазлонинг айтишича, у ўз харакатлари учун масъулиятни тўлиқ бўйнига олади, лекин уни бағритошлик ва расизмда айблашларини рад этади. “Сиёсатчилар мени “қўғирчоқ” қилишлари ёки менга ўлим билан таҳдид қилишларига яраша иш қилганим йўқ. Мен бор-йўғи вояга етмаган болаларнинг ишсиз қолган ҳамда нотўғри қарор қабул қилган онасиман. Менга бу ҳолат ҳақиқатда ачинарли”, - дейди у Guardian газетаси хабарига кўра. (Бошқа бир видеода, унинг қочқин қизчани ҳам тепкани ёзилган видео тасвирлар ҳам тарқалди, яъни бу ишни у биринчи марта қилаётгани йўқ - Абу Муслим)

Аввал ҳам айтилгандек, муҳожирлар билан бўлган ҳодисадан сўнг, Петра Лазло ишдан бўшатилган. У ультра-ўнг йўналишдаги “Энг афзал Венгрия учун” партияси билан боғлиқ бўлган, N1TV канали ходимаси эди. Телеканал вакиллари журналистнинг бу ҳулқини “номақбул” деб айтишган. Ундан ташқари, Лазлога нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий иш очилган. Шунга қарамай, Венгрия муҳожирларга нисбатан илиқ муносабатда деб айтиб бўлмайди. Муҳожирлар оқими натижасида мамлакатда транспорт билан боғлиқ тиқилинчлар содир бўлмоқда. Хукумат  муҳожирлар ўтаётган Сербия чегарасида тўрт метрлик девор қуришмоқда, аммо у фақат октябрь ойида тайёр бўлади. Бу вақтгача мамлакатга яна минглаб муҳожирлар кириб келади. Муҳожирлар ўзларини Германияга ўтказиб юборишларини сўраб, Венгрияда норозилик намойишларини ўтказмоқда. Ваҳоланки, у ерда ҳам уларни ҳеч ким қучоқ очиб кутаётгани йўқ.

Германия    

Бу мамлакат – муҳожирлар фикрига кўра, Европанинг етакчи давлати ҳисобланади. Охирги вақтларда бу ерда тез-тез муҳожирлар лагерига хужумлар содир этиладиган бўлиб қолди. Герстунген коммунасида номаълум шахслар лагерлардан бирига ўт қўйишган. Аввал ҳам, Унтервайссах шаҳрида муҳожирлар бошпанаси ёқилган эди. 

Хайденауда бир гуруҳ радикаллар полиция тўсиғини ёриб ўтиб, худди шундай муҳожирлар марказига киришга харакат қилишган. Бу тўс-тўполон - ўттизга яқин полициячининг жароҳат олиши билан якунланган. Август ойи якунида қаршилик қилаётганлар мазкур лагерга ташриф буюрган Ангела Меркелга “хуштак чалиб” ўз норозилигини билдиришган. Канцлернинг мигрантлар борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватламаётган немислар кўчаларда норозилик намойишларини ўтказмоқда. Муҳожирлар туфайли германияликлар ўзаро урушиб кетаяпти: хабар берилишича, 6 сентябрь куни ўнг радикалларнинг антифашистлар билан тўқнашуви содир бўлган.

Ғарб матбуотига кўра, немис хукумати Африка ва Яқин Шарқдан кунига оқиб келаётган муҳожирларни Бухенвальдда Иккинчи Жаҳон уруши даврида концлагер бўлган ҳудудга жойлаштирган.                      

  Дания

Бу ерда ҳам муҳожирлар оқими – мамлакат транспорт тизимига ўз таъсири ўтказгани сезилмоқда. Хукумат вақти-вақти билан автомобиль ва темир йўлларни ёпиб туришга мажбур бўлмоқда. Муҳожирлар Данияда қолиш истагини билдиришмаяпти, улар қўшни давлатларга ўтишга харакат қилмоқда. Гап шундаки, Данияда мигрантлар учун нафақа миқдори икки марта камайтирилган ва умуман ишсиз мигрантларга нисбатан олиб борилаётган сиёсат кескинлашган. Шунинг учун, кўпчилик муҳожирлар учун бу мамлакат “ўтиш пункти” вазифасини ўтамоқда.      

Швеция 

Бу давлат – муҳожирлар орасида оммавийлиги бўйича иккинчи ўринда туради. Кўпчилик бу ерда қўним топишга харакат қилмоқда, зеро сирияликлар учун бу ерда бошпана топиш осонроқ. Бир қатор швед сиёсатчилари Дания йўлидан бориб мигрантлар учун нафақа миқдорини камайтиришни таклиф этишмоқда. “Швед демократлари” партия аъзоси Гунилла Шмидт таъкидлашича, келгиндиларни отиш учун, Дания ва Швецияни боғлаб турган кўприкка пулемёт қўйиш лозим. Бу фикр “Фейсбук” ижтимоий тармоғида изоҳ сифатида қолдирилган бўлишига қарамай, сиёсатчи кейинроқ бу сўзлари учун кечирим сўраган.        

Буюк Британия

Бирлашган қироллик бошқа Европа давлатларига нисбатан энг кам муҳожир қабул қилганига қарамай, йирик миқдорда молиявий ёрдам ажратган. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи (ЕИ) британияликлар фақат маблағ кўринишидаги ёрдамлари билан чекланиб қолмасликларини ҳоҳламоқда. Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон хабар беришича, мамлакат келгуси беш йил ичида фақатгина 20 минг сириялик муҳожирни қабул қила олади. Буюк Британия Мустақиллик партияси етакчиси Найджел Фарадж, ўз навбатида, мамлакат бу миқдордаги мигрантларни эплай олмаслигини, маълум қилган.  

Еврокомиссия бошлиғи  Жан-Клод Юнкер ўзининг Европарламентдаги йиллик мурожаатида рақамларни ошкор қилган: 160 минг киши. Худди шу миқдордаги муҳожирни, унинг фикрича, ЕИ давлатлари қабул қила олади. Фарадж  унга жавобан, Европада муҳожирларни тарқоқ жойлаштириш – катта хавф туғдиришини айтган. “Кўпчилик муҳожирлар – иқтисодий мигрантлардир. Шунингдек, аввал ҳам огоҳлантирганимдек, “Ислом давлати” Европага муҳожир кўринишида ўз жангариларини юбормоқда. Бу каби хатарга бориш- аҳмоқлик бўлади”, - унинг сўзларини келтиради BBC. 

Буюк Британиянинг муҳожирлар масаласидаги позицияси - унинг ЕИдан чиқиш эҳтимоли борасидаги мунозаралар таъсирини оширмоқда. 8 сентябрь куни маълум бўлишиса, Жамоалар палатаси томонидан мазкур масалада референдум ўтказиш маъқулланган.    

Абу Асадуллоҳ тайёрлади

back to top