2015 йил Эронда мингдан ошиқ одам дорга осилди

2015 йил Эронда мингдан ошиқ одам дорга осилди

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар 2015 йил охирига келиб Эронда ўлимга ҳукм қилинганлар сони мингдан ошиб кетишидан хавотирга тушмоқда. Бу эса ўтган 2014 йилги ҳолатдан икки марта кўп деганидир. Ҳисоботларга кўра, 2015 йилнинг биринчи ярмида Эронда 753 одам ўлимга ҳукм қилинган, яъни ўртача ҳисоб бўйича кунига учтадан одам қатл қилинмоқда.

Amnesty International тарқатган ҳисоботга кўра 2015 йил охирига келиб ўлимга ҳукм қилинганлар сони минг кишидан ошиб кетган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг таъкидлашича, Эрон ҳукумати баъзи бир ўлим ҳукмларини тан олган, бироқ аслида ўлимга ҳукм қилинганларнинг сони жуда кўпдир.

БМТ ҳисоботи

Аҳмад Шаҳиднинг айтишича, 2014 йилги БМТнинг махсус ҳисоботида Эрон 289 одамга ўлим ҳукми ўқилган деган бўлса ҳам, аслида уларнинг сони 743 эди. БМТ Бош ассамблеясига қилинган ҳисоботда 2014 йили Эронда 753 одам ўлим ҳукмига биноан қатл қилинганлиги айтилган. Бу рақамлар дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда анча кўпдир. Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, аксар ўлим ҳукмлари зўравонлик бўлмаган жиноятлар учун бўлиб, улар ўлимга маҳкум қилишни тақиқловчи халқаро қонунларга зиддир, Эронда ўлим ҳукмини бекор қилиш тавсия қилинган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчиларнинг ҳисоботлари

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва халқаро кузатувчилар Эрондаги сайловлардан сўнг норозилик намойишлари вақтида ўлимга ҳукм қилиниш кенг қўлланганини танқид қилишди. Ўшанда сиёсий рақибларни ва норозилик намойишларини йўқ қилиш учун кўпчилик ўлимга маҳкум қилинган эди.
«Юнайтед Пресс» агентлиги эронлик профессорнинг сўзларини келтирди, ўшанда у “одамлар сайловлардан сўнг норозилик намойишларига чиқишди, режим эса аҳолининг бундай йўл тутишини ҳеч ҳам кутмаган эди”, деган эди. «Юнайтед Пресс» ҳам БМТнинг Эрондаги ўлимга ҳукм қилишларни танқид остига олган резолюциясини зикр қилиб ўтган.

Чексиз равишда ўлимга ҳукм этишлар

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг баён беришича, Эрон ўлим ҳукмини ҳеч қандай чекловсиз ўз манфаатлари йўлида қўллаб келмоқда, хусусан сиёсий жараёнларда ҳам. Ўлим ҳукмлари холис ва эркин бўлмаган судлар тарафидан чиқарилмоқда, кўп ҳолатларда жиноятни очиб, исбот қилиб бериш базаси ҳам йўқ.

Курдлар қатлиоми

Яқинда Эроннинг Олий маҳкамаси 27 та суннийлардан бўлган курдларга олий жазони эълон қилди. Бундан сўнг халқаро ташкилотлар ва Amnesty International Эронни ўлим ҳукмини бекор қилишга чақирди. Ўлимга ҳукм қилинган 27 та маҳкум Эрон Ислом Республикасига, Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш эълон қилганликда айбланган эди. Бироқ маҳкумлар бу айбловларни инкор қилдилар.
Бу одамлар 2009-2010 йилларда Эроннинг махсус хизматлари тарафидан Эрон Курдистонида ҳибсга олинган, сўнг яширин турмаларда сақланиб, уларга адвокатлар ҳам берилмаган. Айблов жинояти ҳам адолатли тергов қилинмаган. Улар тинмасдан қийноқ ва азобларга солинган ва қийноқлар орқали кўрсатма беришларига мажбур қилинган.
1979 йили Эрон ҳукуматига шиа руҳонийлари келганидан сўнг мамлакатда кунига кимдир қатл қилиниб келинмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар минглаб диссидент ва режимга қарши бўлганлар қийнаб ўлдирилганлиги ҳақида гапирмоқдалар. Ҳумайнининг 1979 йилги инқилобидан сўнг қатл қилинганларнинг сони 8 мингдан 30 минггача экани айтилади.
Оятуллоҳ Ҳумайнининг “фатво”сига кўра, Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайнни қўллаганлар ҳамда Эронга қарши ғарб билан тил бириктирганларнинг барчасини ўлимга маҳкум қилиш керак. Шулар қаторида ҳумайничиларнинг режимига қарши бўлганларни ҳам ўлдириб ташлаш керак экан.

Масалан, яқинда Саудия Арабистонида ўлимга ҳукм қилинган бир гуруҳ жиноятчилар қатл қилинганида Яқин Шарқнинг бир нечта мамлакатларида норозилик намойишлари бўлиб кетди. Ҳатто элчихоналарга ҳам ҳужум уюштирилиб, элчихона биносига ўт қўйилди. 
Саудия Арабистонида бир йилда 60-70 одам ўлимга ҳукм қилинади, уларнинг аксари оғир жиноятларни (одам ўлдириш, ўғрилик, зўравонлик ва ҳоказолар) содир этилганликда айбланган. Ҳамда 2003-2005 йилларда террористик ҳуружларни амалга оширган "Ал-Қоида" террорчи оқимларининг вакиллари ёки рофизий террорчиси Нимрга ўхшаганлар ўлимга ҳукм қилинган. Бу каби ўлим ҳукмларини Эрондаги ҳумайнийчилар режими билан қиёс ҳам қилиб бўлмайди.
 "Ушла ўғрини" деб энг қаттиқ бақирадиганнинг ўзи ўғри бўлади, деган мақол шу бўлса керак.

saudianews.ru материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top