Юртимизда доктор Одил Фалаҳ меҳмон бўлди

30 май куни Кувайт давлати вакф ва исломий ишлар вазирлиги вакили, Бутун дунё васатия марказининг муассиси ва раиси, Осиё мусулмонлари кенгаши идорасининг раиси, Шариатни мукаммал татбик килиш олий кенгаши кумитаси раисининг муовини доктор Одил Фалаҳ юртимизга шахсий зиёрат билан ташриф буюрдилар. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари муҳтарам меҳмонни кутиб олдилар. Islom.uz порталининг мажлислар залида доктор Одил Фалаҳнинг «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуаси, Islom.uz портали ижодий жамоаси ҳамда «Олтин силсила» саҳиҳ ҳадислар туркумининг таржима-таҳрир гуруҳи аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

 

Шайх ҳазратлари учрашувга ҳозир бўлганларга доктор Одил Фалаҳ жанобларини таништириб, у кишига ташриф учун ўзбек халқи номидан миннатдорчилик изҳор этдилар. Учрашув давомида жаноб Одил Фалаҳ Islom.uz порталининг, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуаси ходимларининг фаолияти билан танишиб, олиб борилаётган хайрли ишлардан беҳад мамнуният изҳор этдилар. Хусусан, «Олтин силсила» туркуми устида олиб борилаётган ишлар муҳтарам меҳмонимизда улкан таассурот қолдирди. Шайх ҳазратлари доктор Одил Фалаҳ жанобларига «Олтин силсила»нинг икки жузини тақдим қилиб, ушбу улкан илмий лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Дўстона кайфиятда ўтган учрашув сўнггида доктор Одил Фалаҳ юртимизда Ислом маърифатини таратиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар ҳақида, уларнинг ажру мукофоти ва бутун инсониятнинг, Ислом умматининг келажагига қўшадиган ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб сўзлади.

Учрашувдан сўнг шайх ҳазратлари муҳтарам меҳмонни «Ҳилол-нашр» босмахонасига таклиф қилиб, «Олтин силсила» туркумини чоп этиш жараёни билан таништирдилар. Ушбу улкан илмий лойиҳанинг кўлами, китобнинг сифати, айниқса, ноёб технологиялар ёрдамида тайёрланаётган муқовалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг Одил Фалаҳ жаноблари шаҳримиздаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидини зиёрат қилдилар. Меҳмонимиз муҳташам масжиднинг ободлиги, гўзал ва бетакрор безатилганлигини кўриб, ҳайратда қолганини яширмади. 
Навбатдаги зиёрат маскани пойтахтимизнинг энг тарихий ва айни пайтда энг обод, кўркам масжидларидан бири – «Ҳазрати Имом» мажмуаси бўлди. Шайх ҳазратлари доктор Одил Фалаҳ жаноблари билан бирга мажмуага ташриф буюриб, меҳмонларни ушбу мўътабар зиёратгоҳ билан таништириб чиқдилар. Ташриф сўнггида Одил Фалаҳ жаноблари ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилдилар.
Доктор Одил Фалаҳ жанобларининг юртимизга ташрифи ҳақидаги видеолавҳа ҳамда батафсил маълумотлар билан тез кунда танишишингиз мумкин.

 

back to top