Ҳаёт мазмунини қидириб

Ҳаёт мазмунини қидириб

Ҳаёт мазмуни - инсонларнинг барчаси уни излаш билан овора, уларнинг аксарияти ўзларини алдайди ва арзимаган қисмигина ҳаёт мазмунини топганини ишонч ва қатъият билан айта олади.

Ҳаёт мазмуни, мавжудликнинг моҳияти - фалсафий ва маънавий масала бўлиб, у мавжудликнинг асл мақсадини аниқлашга, инсониятнинг, инсоннинг бу дунёдаги тақдирига бевосита алоқадордир - деб маълумот берилган Википедия луғатида.

“Ҳаёт мазмуни” деганимизда биз нимани назарда тутамиз? Бирор нарсанинг мохияти унинг натижаси ўлароқ аниқланади. Масалан, университетда таълим олишнинг мазмунини билиш учун биз унинг охир-оқибатда қандай натижалар олиб келишини тушуниб олишимиз керак.

 “Отанг каби қурувчи бўлиб ишласанг, сен ҳуқуқшунослик йўналишида ўқишингда нима мантиқ” - деб, ўзига ҳеч қандай манфаат ҳамда натижа келтирмайдиган соҳаларга куч-ғайратини сарф этаётган инсонга танбеҳ берилади. Шундай экан, ҳаётнинг мохиятини англаб олиш учун, натижада нима бўлади, буларнинг барчаси қандай оқибатлар учун бунёд этилган каби саволларга жавоб топиб олиш керак. Биз нима учун яратилганмиз, барча нарса нима учун ва нима мақсадда, қандай натижа учун халқ этилган. Ушбу асосий саволларга жавоб топа олсак, ҳаётимизнинг мазмун-мохиятини англаб етамиз.

Ҳаётнинг мазмуни ҳақидаги саволга фан жавоб бера олмайди, чунки фан барчаси нима учун яратилганлигини ҳамда ўзи бошқариб турган биологик механизм бўлмиш инсонни ўлимдан кейин нималар кутишини тушунтиришга қодир эмас. Инсоннинг ердаги тақдири фақатгина Яратувчининг ўзигагина аён.

Инсоннинг ердаги мақсадини иккига: бош - олий мақсад ва олий мақсадга ҳамоханг иккинчи даражали мақсадга ажратиш мумкин. Инсоннинг бу дунёдаги олий мақсади ўз руҳини Аллоҳдан ўзга бирор кимсага ёки бирор нарсага таслим қилишдан омонда сақлашдан иборат.

 Турли кучларнинг таъсир доирасида бўлган инсон фақатгина Яратувчига бўйсунишликка буюрилган ва бунда унинг ҳалоллиги, яратувчига миннатдорлиги, жасурлиги ва ахлоқининг гўзаллиги ўз ифодасини топиши талаб этилади.

 Моддапарастлик пўртанасидан у юқорига, Жаннатга ва Яратувчининг розилигига эришишмоққа интилиши ҳамда худбинлик ва бузуқлик даражасига тушмаслиги керак.

Инсоннинг ердаги иккиламчи мақсадлари ерни обод қилиш, адолатли жамият яратиш, авлодни давом эттириш ва уни тарбиялаш, ўз малака ва истеъдодларини мукаммаллаштириш, табиат ҳамда бизни ўраб турган барча нарсаларда Аллоҳнинг қонунларини ўрганишдан иборат. 

Мусулмон оила кодексининг 1 моддасида шундай дейилади: “Аллоҳ инсонга икром кўрсатди ва уни ўзининг барча махлуқотларидан устун қилиб қўйди, ерни обод қилиши учун ўз ўринбосари этиб тайинлади: ўзларининг жисмоний ва маънавий эҳтиёжларини қондириши учун меҳнат қилишни; яхшилик ва адолат, ҳақиқатнинг олий қадриятлари устун бўлган инсоний жамият қуришни; Ўз пайғамбарлари ва элчиларига юборган дастурлари асосида Аллоҳга бўйсунишнинг моҳиятини англашни ҳамда У яратган қайсидир махлуқотига эмас, балки Унинг Якка ўзига эътиқод қилишни, бўйсунишни ва таслим бўлишни буюрди”.

Ҳаёт мазмунининг умумий тушунчаларидан ташқари моҳиятга эришиш шакллари ва механизмлари ҳам мавжуд.

Ушбу мақсадлар ва мазмунлар асносида инсонлар бу дунёда бир-бирлари билан ўзаро мусобақалашадилар. Бу дунё - ўз ўрнида синовларга тўла майдон бўлиб, унда маълум тўсиқлар ўрнатилган ҳамда ушбу тўсиқлардан муваффақиятли ўтганликлари учун инсонлар маълум ҳисобга эга бўладилар.

“ У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди.” (Мулк, 2)

Инсоннинг олий мақсадини амалга ошириш учун керак бўладиган ҳаётнинг асосий қоидаси бу мусобалашмоқ ва рақобатдир. Жаннат ва ундаги роҳат-фароғат ҳақида Қуръонда шундай марҳамат қилинади:

“Ва мусобақа қилувчилар шу нарса учун мусобақа қилсинлар.” (Мутоффифун, 26)

Эзгу ишларни амалга оширишдаги рақобат инсон мавжудлигининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Амалларининг натижаларига кўра улар Жаннатнинг турли даражаларига жойланадилар. Кимгадир Жаннат атрофидан макон насиб қилса, кимдир эса марказдан ўрин топади, яна кимларгадир пайғамбарларга қўшничилик қилишдек олий макон ато этилади.

Ҳаёт мазмунининг иккинчи тамойили бу маънан покланиш ва ўзида эзгу хусусиятларни ривожлантиришдир. Аллоҳ таоло хар бир инсонда яхшиликка мойиллик билан бир фаторда ёмонликка мойилликни ҳам яратган. Инсоннинг вазифаси ўзида яхшиликни ривожлантириш ва ёмонликларни йўқ қилишдир. Бу вазифанинг муваффақияти унинг қай даражада эътиқод билан рағбатлангани ва иродасизлик ва қўрқоқликдан озод бўлганига боғлиқ.

“Ва нафс билан ва унинг бекаму кўст қилиниши билан қасам. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди. Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди.” (Шамс, 7-10)

Покланишга бўйсуниш ва таслим бўлиш, тафаккур қилиш ва инсонга маълум бошқа усуллар орқали эришилади.

Ҳаёт мазмунини топишга киришишда инсон ўзини четга олиб қочиши ҳамда иккиламчи мақсадларни, хусусан, оиланинг таъминоти, ерни обод қилиш кабиларни тарк этиб, бутун эътиборни фақат бўйсуниш ва покланишга қаратишлиги мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, доимий равишда бу дунё ташвишлари билан андармон бўлиб, инсоннинг олий ва бош мақсади ва унинг вазифаси ҳақида ҳам унутиб қўймаслик керак.

“Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг расулларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазлидир. Уни Ўзи хоҳлаган кишига беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.” (Хадид, 21)

Юқорига