Қандай қилиб ўзингизда «Рамазон ҳиссини» пайдо қилиш мумкин

Қандай қилиб ўзингизда «Рамазон ҳиссини» пайдо қилиш мумкин

Рамазон бошланганига маълум вақт бўлди. Атрофдаги инсонлар ушбу даврни қанчалик севишларини, шайтонлар занжирбанд қилинган шундай бир чоғда қанчалар таъзим учун фикрни жамлаш осонлиги ва умуман қандай бахтли эканликларини таъкидлашмоқда... Аммо сиз «Мен нима учун буларни ҳис қилмаяпман?» деб ўйлайсиз. Китоблар ўқийсиз, маърузалар тинглайсиз ва ўзингизда худди шундай туйғуларни шакллантиришга уринасиз, лекин улар келмайди. Сизда «Рамазон ҳисси» йўқ!

 

Балки Рамазон сиз режалаштиргандек бошланмагандир

 

Дарҳақиқат, Рамазон – бу фикрларни жамлаш ва ўзни чуқурроқ англаш пайтидир. Аммо ҳаёт ушбу пайтда тўхтамайди: ўз ишимиз ва уй юмушларимиз ҳам бўлаверади. Бироқ бу сиз Рамазондан наф ололмайсиз, деган маънони билдирмайди.

Бизнинг ҳаётимиз муаммолар ва асаббузарликларга тўла, шунингдек, улар Рамазон бошланиши муносабат билангина енгилроқ бўлиб қолмайди. Албатта, шайтонлар занжирбанд қилинган, лекин биз тарбияси устида ишлашимиз лозим бўлган ўзимизнинг нафсимиз қолмоқда.

Авваллари шундай ўйлардимки, Рамазон келиши билан мен дарҳол яхшироқ бўлиб қоламан. Ҳали Рамазон бошлангунга қадар ўзимнинг барча камчиликларим юзасидан тавба қилиб, бу ойни янги саҳифадан бошлаш ва барча белгиланган мақсадларга эришишни режалаштирар эдим. Лекин, шунга қарамасдан, яна нимадир етишмайди.

Мен шуни англадимки, Рамазон фақат ташқи ўзгаришлардан ташкил топмаган – сиз Қуръони Каримни тўлиқ қироат қилишингиз ва кўплаб ҳадисларни ўқиб чиқишингиз, Рамазон ҳақидаги маърузаларни эшитишингиз мумкин, аммо ўз-ўзидан бу сизга таъсир кўрсатмайди. Бу амалга ошишиш учун биз ўз ички оламимизга қараб кўришимиз зарур. «Сувни ифлос идишга қуйиб бўлмайди», деб бекорга айтишмайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинад:

 «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мўмин инсон гуноҳ қилганда унинг қалбида қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилса ва кечирилишини сўраса, унинг қалби тозаланади. Аммо унинг гуноҳлари кўпайиб борса, қора доғлар ҳам кенгайиб бораверади. Айни шу нарса Аллоҳ Ўзининг Китобида эслатиб ўтган «раан»дир: « Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир[1]». (Имом Термизийдан ривоят қилинган).

Шунинг учун биз бу пайтда қалбларимизни тозалашимиз ва юмшатишимиз керак.

Аллоҳ Қуръони Каримда айтади:

«Сўнгра шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ва ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади, баъзилари ёрилиб, ундан сув чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушади. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас» (Бақара сураси, 74-оят).

Балки сиз аллақачон таслим бўлдингиз ва ўйламоқдасизки: «Мен яхшироқ бўла олмасам, рўза ва ибодатларимдан нима фойда?!»

Эҳтимол, сизнинг феълингизда ёки ҳаёт тарзингизда сиз воз кечишни хоҳламаётган бирор нарса бордир?! Ёки сиз нима устида ишлашингиз зарурлигини жуда яхши биларсиз, лекин шунчаки истамаётгандирсиз?!

Аллоҳ айтади:

«Айтинг-чи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эсламайсизларми?!» (Жосия сураси, 23-оят).

Балки диндош ака-укаларингиз ёки опа-сингилларингиздан ким биландир аразлашгандирсиз ва сиз уларга нисбатан кек сақлаётгандирсиз?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жаннат эшиклари ҳар душанба ва пайшанба кунлари очилади, агар Аллоҳнинг ҳар бир бандаси кечирилишини сўраса (ўша пайтда), у Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаган бўлса, унга кечирилиш берилади. Аммо инсоннинг қалбидан диндош биродарига нисбатан нафрати бўлса, у мағфират қилинмайди» (Имом Муслим ривояти).

Ёки сиз Рамазонга тайёрланишда ортиқча уриниб юбордингиз, шунинг учун шу даражада чарчадингизки, ҳеч нарса ҳис қилмаяпсиз...

Сабаб қандай бўлишидан қатъий назар, буни ҳозироқ тўғрилашни бошланг. Рамазоннинг асл моҳиятига қайтинг, ўз ниятларингизни қайта янгиланг ва ўзингиз учун Рамазон ойида нима режалаштирганингизни ўз-ўзингизга эслатинг. Катта мақсадларингизни кичикроқ бўлакларга бўлинг ва ўзингиз хоҳлаганчалик тез амаллай олмаслигингизга хавотир олмай, уларга интилинг.

Ҳадисда айтилган: «Инсон Рамазон ойида рўза тутиб, у жаннатий бўлиб қолиши амалга ошмасдан Рамазон тугаб қолса, бурни билан чангга ишқалансин » (Имом Термизий).

Аллоҳ бизни бундай ҳолдан сақласин.

Рамазон – бу ҳар қандай эзгу ишлар ва амаллар учун энг яхши пайт. Бу Аллоҳдан нажот тилаш ва ўзини эзгу ишларга йўллашни сўраш учун гўзал онлардир. Яхши ишларга йўллаш деганда фақат улар ҳақида сўзлашгина эмас, балки кундалик ҳаётимизга тадбиқ этиш ҳам назарда тутилади.

Қачондир маъруза пайтида эшитишимча, Рамазон ойининг бошланишида таровеҳ намози вақтида масжидда намозхонлар беш қатор, Рамазоннинг ўрталарида – фақатгина икки қатор, охирида эса тўрт қатор бўлиб сафланишади. Бу мисолдан шуни кўриш мумкинки, Рамазон ойининг ўрталарида ўзларининг иймон даражасини туширадилар. «Нега?» деб сўраш мумкин. Чунки Рамазон ойининг бошланишида инсонлар ўз зиммаларига ортиқча кўп мақсадларни олишади, шунинг учун ойнинг ўрталарига келиб чарчаб қолишади ва бўшашиб кетадилар.

 

Шундай қилиб, бутун ой давомида ўз иймон мақсадларини қандай сақлаб қолиш мумкин

 

Дуо қилинг! Аллоҳ нимаики яхшиликларни хоҳласангиз, шунга етишишингизда қўлласин. Рамазон ойида нимани бажаришни режалаштирган бўлсангиз, барчасини кетма-кетликда ва уларни ҳаётингизнинг қолган қисмида ҳам амалга оширишга қувват беришини тиланг.

Ўзингизнинг олдингизга ортиқча кўп ва қийин масалаларни қўйманг. Агар Рамазоннинг бошланишида сиз ўзингизга ортиқча кўп ишларни бажаришни режалаштирсангиз, албатта, ойнинг ўрталарида ва охирида улар сиз учун оғир юкка айланади. Бу сафар сизга фақатгина бир ёки икки эзгу ишни бажаришни режалаштиришингизни, лекин уларни, шубҳасиз, амалга оширишга киришишингизни маслаҳат бераман. Бу иш, мисол учун, ҳар куни мусулмонларни дуо қилиш, яна бир қўшимча суннатни (одатда сиз қолдирадиган) бажариб бориш ва шунга ўхшаш бўлиши мумкин.

Ҳадисда айтилганидек: «Аллоҳнинг энг суйган ишлари шундай ишларки, улар кичик бўлса ҳам, доимий бажарилади» (Имом Бухорий ривояти).

Яхшиликдан бошлаш – бу унчалик катта иш эмас. Уни ҳар куни оғишмай бажариш – мана шу ҳақиқатдан мушкул иш. Шунинг учун шошилинг ва ҳозироқ бошланг!

 

Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ тайёрлади

[1] Мутоффифун, 14.

Юқорига