Москва ташрифидан мақсад нима?

Москва ташрифидан мақсад нима?

Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 28 май куни Москвага расмий ташриф билан борди. У Россия президенти В. Путин ва давлатнинг бошқа нуфузли шахслари билан мулоқот ўтказди.

Бу ташрифдан мақсад нима бўлди? Россия ва Саудия икки томонлама мулоқот жараёнида қандай муаммоларга ечим топиб, қандай келишувларга эришдилар?

Россия-Саудия учрашуви АҚШ президенти Д. Трампнинг Саудия Арабистонига тарихий ташрифидан бир ҳафта ўтгач содир бўлди. Таъкидлаш жоизки, Д. Трампнинг расмий ташрифи натижасида Америка ва Саудиянинг стратегик ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, тарихда қиёси йўқ воқеа, яъни Эрон ҳамда Б. Асаднинг Сурия режимидан ташқари Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча давлатлар қатнашган араб-ислом-америка саммити бўлиб ўтди. Бу саммит натижасида Америка ва Саудия дипломатияси терроризм ва экстремизмга қарши курашда мусулмон мамлакатларининг кучли фронтини яратишдек улкан муваффақиятга эришди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу ҳамкорликдаги фронт Эронга қарши аниқ белгиланган йўналишларга ҳам эга бўлиб, бевосита Эроннинг нафақат Яқин Шарқдаги, балки бутун Ислом олами доирасидаги ҳозирги етакчилигини чеклашга қаратилган.

Шунинг учун, Саудия Арабистонининг расмий вакили Москва шаҳрига олий даражадаги Саудия-Америка учрашувига оид қатор масалаларни ҳал қилиш мақсадида борганлиги табиий ҳолдир, Кремл эса Россиянинг Яқин Шарқда кириб қолган боши берк кўчадан чиқиш йўлларини топишга уринмоқда.

Россия-Саудия музокарасининг кун тартибидаги расмий масалалари нефтнинг жаҳон бозори ва Сурия бўлди. Лекин музокарадан кўзланган  мақсад ва вазифалар анчагина жиддий бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Россиянинг Совет Иттифоқи эга бўлган халқаро мартабали давлат мақомига қайтаришни мақсад қилган Кремлнинг Яқин Шарқдаги сиёсати унумли бўлди деб бўлмайди. Суриядаги сиёсат Россиянинг араб дунёсида ишончли ҳамкорлари йўқлигини кўрсатиб қўйди. Россия Эрон билан ўзаро иттифоқига таянган ҳолда инқирозга юз тутган Б. Асаднинг тизимини қутқариб қолмоқчи. Россиянинг бу каби иттифоқдошларни танлаши бутун дунё мусулмонларининг 95 фоизини ҳамда Россия аҳолисининг салмоқли ҳиссасини ташкил этувчи суннийларнинг норозилигига сабаб бўлди.

АҚШ Саудия Арабистони ва араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши билан стратегик иттифоқ кўмагида Эронга қарши қудратли коалиция туза олганидан сўнг ва Эрон Яқин Шарқ минтақасида яккаланиб қолганидан кейин Москва вазиятнинг асл-моҳиятини тушуна бошлади. Россия ўзининг сиёсати оқибатида кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлик учун Саудия Арабистони ва бошқа қудратли араб давлатлари билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш кераклиги ҳақида бот-бот гапирила бошланди. Маълум бўлишича, Россия Федерацияси Саудия Арабистонига Сурия инқирозидан чиқиш йўлларини қидиришга тайёр эканлиги ҳақида ҳабар юборган ва бу ўз ўрнида араб дунёсини ҳам қаноатлантиради. Шунинг учун тез орада Москвада ярим йилдан буён кутилаётган Саудия Арабистони қироли Салмоннинг расмий ташрифи амалга оширилади. Бу саудиялик монархнинг Россияга илк бор ташрифи бўлади.

Саудия Арабистони мудофаа вазири, отаси топширган бир нечта муҳим вазифаларни муваффақиятли бажарган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон эса қирол ҳазратларидан олдин Россияга расмий ташриф уюштирди. Бу ташриф ўзига хос синов текшируви бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад Россиянинг Сурия масаласида ён беришга тайёр эканининг жиддий ёки жиддий эмаслиги, унинг Эрон билан яқин алоқалари, айниқса, ҳарбий соҳадаги алоқалардан воз кечишга тайёрлигини аниқлашдан иборат. Бу билан Саудия Арабистони ташқи сиёсат борасида ўзининг устомонлиги ва мослашувчанлигини намоён этмоқда. Саудия Россияга ёрдам қўлини чўзишга тайёр турибди. Ишонч билан шуни айтиш мумкинки, музокаралар Россиянинг манфаатларига хизмат қилишига умид қилинмоқда.

Илф ва Петровнинг ўлмас асари бўлмиш “12 курси”даги иборалардан бири билан айтганда, Сурия ва бошқа турли ташқи сиёсатга оид масалалар муҳокама қилинадиган айни вақтдаги ёпиқ музокараларни қуйидагича тасвирлаш мақсадга мувофиқ бўлади: “Савдолашиш мумкин”. Саудия Арабистони Путиннинг Сурия масаласида чекиниши “қанчага тушиши”ни аниқлашга уринаётгани кундек равшан. Путин ҳам ушбу жараёндан ўзига тегишли хулосалар чиқара олиши жуда ҳам муҳимдир.

Москвадаги мулоқотнинг кун тартибидаги иккинчи муҳим масала, жаҳон нефт бозори ва икки мамлакатнинг жаҳон бозоридаги нефт нархларини турғунлаштиришга уринишлари ҳақида бўлди. Уларнинг бу борадаги манфаатлари уйғундир. Саудия Арабистони қуролланишга ва Эроннинг минтақадаги, айниқса, Ямандаги етакчилик сиёсатига қарши курашиш учун катта миқдорда маблағ сарфлаши ва мураккаб ислоҳотларни амалга ошириши керак. Украинага нисбатан босқинчилик сиёсати оқибатида ва Б. Асадни ҳукумат тепасида сақлаб туриш учун улкан харажатлар қилиши натижасида ҳамда бошқа турли ҳаракатлар туфайли иқтисодий санкциялар қуршовида қолган Россияда жиддий молиявий вазият юзага келган. Нефт нархининг тушиб кетиши Россияда, ХХ аснинг 80-йилларида Совет Иттифоқида содир бўлган аянчли воқеаларга олиб келиши мумкин – Совет Иттифоқининг молия тизими таназзулга юз тутиб, давлат парчаланиб кетган.

Музокаралар жараёнида икки давлат ҳам нефтнинг бозордаги нархини турғунлаштиришга келишиб олдилар. “Музокараларнинг энг муҳим натижаси деб, бизнинг нефт ва энергия нархларини мустаҳкамлаш учун кучли асос ярата олганлигимизни айтиш мумкин”, дея ҳабар беради валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон. Шунингдек, қиймати 10 млрд. долларга тенг бошқа ўзаро фойдали инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга ҳам келишиб олдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Яқин Шарқда яккаланиб қолган Россия ҳозирда, аввало, Саудия Арабистони билан дўстона алоқаларни тиклаш ҳаракатида. Унинг ёрдамида ўзи учун улкан йўқотишларга сабаб бўлган Сурия инқирозидан чиқиб, халқаро обрўсини сақлаб қолмоқчи. Маълум шартлар асосида Саудия Арабистони воситачи вазифасини бажаришга тайёр эканлиги кўриниб турибди.

Барчаси қандай ниҳоя топади, умумий бир ечимга келинадими ёки йўқми – буни вақт кўрсатади.

Юқорига