Муаммолар ечими Мисрдан бошланади

Муаммолар ечими Мисрдан бошланади

Форс кўрфазидаги уч давлат 2014 йилнинг март ойида ўзларининг элчиларини Доҳадан чақириб олишга қарор қилганларида, мен муаммо Қатарда эмас, балки Мисрда эканини ёзгандим.

Айрим давлатлар Республикадаги инқилобга анча маблағ тикиб қўйдилар ва Абдул Фаттоҳ ас-Сисини қўллаб-қувватлаш учун ўзларининг сиёсий ва ахборот манбаларини тақдим қилдилар. Лекин бу инқилоб, худди жаҳон аренасидаги бошқа ҳодисаларга ўхшаб, кўп маблағ талаб этадиган ва охири мавҳум воқеалардан бирига айланиб қолди. Натижада юқоридаги давлатлар бор айбни Қатарга ва жангариларга ағдариб қўйишга қарор қилдилар. Уларнинг режалари муваффақиятсизликка учраши учун Қатар ва Ал-Жазира шарт эмас эди. Замонавий ОАВни ҳам, жангариларни ҳам, демократияни ҳам, халқларнинг эркинликка интилиш ғояларини ҳам Қатар ишлаб чиқмаган эди. Ўша пайтда мен: “Инқилоб натижасида ҳокимиятга келган Миср режими охири қулайди ва ўзи билан Кўрфаз давлатларини денгиз тубига тортиб кетади”, дея башорат қилган эдим.

Бу ҳодиса мен кутганимдан тезроқ амалга ошадиганга ўхшайди. Саудия Арабистонининг Миср ички ишларига аралашуви муаммонинг асл сабаби бўлиб, минтақанинг бошқа қисмларига ҳам тарқалишига олиб келди. Айнан ас-Сиси жаноблари кўрфаз давлатларининг Сурия ва Яман ички ишларига аралашишларига қаршилик қилган. У Эрон билан ҳамфикр эканини ва Ироқдаги тарафдорларини қўллаб-қувватлаган. Ас-Сиси ҳукумати кўрфаз давлатларидан далда олган бўлса-да, энди айнан уларнинг таъқиблари ва уларнинг рақиблари босими туфайли инқирозга юз тутади. Миср ушбу давлатлар учун оғир ташвишгина бўлиб қолмай, уларнинг Яман, Ливия, Сурия ва Ироқдаги муваффақиятсиз сиёсатларининг асосий сабабчиларидан бири ҳамдир. Лекин эндиликда БАА ва Саудия Арабистони ўзини демократия ва халқларнинг ўз йўлини белгилаб беришига тўсқинлик қилаётган “Сиёсий Ислом”га қарши курашувчи сифатида тасвирлай бошлади ва бу борада минтақада Эроннинг таъсири катта эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу қадамлар худди Ливия, Миср, Яман, Сомали, Ироқ ва Фаластинда кузатилганидек шубҳали алянслар шаклланишига олиб келди.

БААнинг Сомали ички ишларига аралашувини ундаги президентликка номзодларнинг бирини қўллаб-қувватлашга катта миқдорда маблағ ажратганлигида кўриш мумкин. Лекин бу номзод четдан ҳеч қандай молиявий ва сиёсий кўмак олмаган рақибига маррани бой бериб қўйди. Ундан ташқари бу давлатлар Исроил билан алоқаларни тиклаш ва Доналд Трампнинг мусулмонларга ва Исломга қарши сиёсатининг хизматчилари бўлишда етакчи бўлишга интилишмоқда. Бу ўйланмай босилган қадамлар ўзлари ва бошқа давлатлар учун қўшимча қийинчиликлар туғдириши табиий. Уларнинг ҳаракатлари худди Камол Отатуркнинг Исломни ижтимоий ҳаётдан сиқиб чиқариш сиёсатига, полковник Муаммар Каддафийнинг халқаро инқилоб ҳосил қилиш ва ўзининг “Яшил Китобини” шарқ ва ғарбга тарқатишга интилишига ёки Жорж Бушнинг бутун дунёда Америка гегемониясини мажбуран ўрнатишга қаратилган ҳаракатларига таққослаш мумкин. Отатурк уруш қаҳрамони бўлиб, ғалаба қозонган ва Туркиянинг аввалги қудрати ва шавкатини қайтара олган. Лекин унинг лойиҳаси пуч экани исботланиб қолди. Каддафийнинг режалари ҳам муваффақиятсизликка учраши тайин эди. Унинг авантюраларини амалга оширмоқчи бўлган давлатнинг Отатурк давлатида бўлганидек интеллегенцияси ҳам, ҳарбий имкониятлари ҳам ва ҳатто ўз чегараларини ҳимоя қила олишга қодир армияси ҳам йўқ эди. Оқибатда улар ташқаридан ёрдам олишга тўғри келди. Бу давлатлар буюк кучлар билан мулоқот қилар эканлар, ўзларининг нималарга қодир эканликларини ҳисобга олмадилар, худди Покистон ва Алжир каби. Охир-оқибат улар ўзларини тубсиз жарликка отдилар.

Лекин энг хавфли ва қимматга тушган авантюра бу − Мисрники бўлди. Мисрдаги инқилоб кўрфаз давлатларидан катта миқдордан маблағ талаб қилди, бундан кейин ҳам вазият ўзгармайди. Уларга эса Қатарнинг фондларига эгалик қилишдаги уринишлари ва бу фонд маблағларини бефойда лойиҳага тикишлари фойда келтирмайди, чунки Қатарга қарши таҳдидлар уларнинг Қатар билан алоқаларининг кескинлашишига ва ёпмоқчи бўлган зиддиятлар эшигининг кенг очилишига сабаб бўлади. Улар Қатарни амалдаги обрўсини сақлаб қолиш шарти билан “овозини ўчиришмоқчи”. Лекин, ҳозирги ОАВ бу каби таваккалга асосланган қадамлар ортидан суриштирув ишларини бошлаб юбордилар ва бу давлатлардаги муаммоли вазиятларни бирин-кетин очиқламоқда. Инқироз қанчалик кўп чўзилса, матбуот шунчалик чуқур суриштиришга тушади. Шунинг учун, бу давлатлар ўз манфаатларини ўйласалар, ҳозирги сунъий инқирозга барҳам беришлари керак. Балки бу каби вазиятларда энг катта муаммолардан биттаси “сиёсатни ёқловчи” овозлардан бошқа барча овозларни ўчириб қўйишга бўлаётган уринишдир. Бу худдики мақтовларнигина эшитиб, маслаҳатларга “кар” бўлиб оладиган инсонга ўхшайди. Яъни, уларни ҳеч ким йўқлик томон кетишидан тўхтатиб қололмайди. Аксинча, уларнинг атрофидаги иккиюзламачи, тилёғламачи ва маддоҳлар уларни жарга томон итариб бораверади. Қатарга қарши компания ёлғон билан бошланган ва одамларни чалғитиш учун кундан-кунга ёлғон миқдори ортиб бормоқда. Ўхшаш сценарийни Мисрда ҳам кузатиш мумкин. Бу ердаги инқилоб кўрфаз давлатлари ҳомийлиги остида, ёлғон асосида амалга оширилган эди, иккиюзламачи матбуот эса давлатни ёлғон ахборот билан тобора тўлдирмоқда. Агар ҳолат шу тарзда давом этадиган бўлса, фақатгина Мисрга эмас, балки бутун минтақа давлатларига таъсир қиладиган инқироз юзага келади. Шундай экан, ҳозирдаги инқирозни ҳал қилиш учун унинг маркази Миср эканини тушуниб олиш ва бу ерда фиръавнлар даврида бўлганидек фуқаролик урушини алангалатиш ёки қайсидир гуруҳга мансуб инсонларни камситиш нақадар хавфли эканини англаб етиш даркор. Муаммога ечим эса, Миср фуқароларининг ташаббуси билан халқаро ташкилотлар назорати остида мулоқотга киришиш ва инқироздан чиқиш учун келишувга эришишдан иборат. Маълумки, 2013 йилнинг июл ойида амалга оширилган инқилоб Миср фуқароларининг тўла иштироки асосида ҳақиқий ва эркин, демократик сайловлар ҳамда ахборот эркинлиги, Миср халқи озодлигини таъминлаш шартлари асосида уюштирилган эди. Лекин инқилоб ташкилотчилари берган ваъдаларининг устидан чиқмадилар. Унинг ўрнига улар қон тўкмоқдалар, инсонларнинг оғзини ёпмоқдалар, ёлғон тарқатиб коррупциянинг кенгайишига сабаб бўлмоқдалар. Кўрфаз давлатларининг айримларидек, уларнинг қонунийлигига ишонишда давом этишлик − қум устида уй қуришдек бир гап бўлади. Миср инқирози бўйича кўрфаз давлатлари келишувга эришишлари мақсадга мувофиқдир. Бу давлатлар тинч мулоқот бошлашлари керак ва асталик билан Мисрни инқироздан олиб чиқиб, вазиятни юмшатишлари, соғломлаштиришлари керак. Натижада, кўрфаз давлатлари Мисрда урушни эмас, балки у ердаги турғунликни сақлаб қолишлари мумкин бўлади.

 

Доктор Абдулваҳҳоб Афанди

 

Абдулатиф Иргашев

таржимаси

Юқорига