Шайх Қутбиддин Ургутий

Мустабид тузумнинг дастлабки йиллари барча хусусий мулкдорлар каби Муҳиддин Валихоновнинг ҳам боғлари тортиб олинди. Ўзи тазйиқ остида қолди. Ёш Қутбиддин бошланғич маълумотни отаси Муҳиддин эшондан олди. Сўнг Ургутдаги мадрасада Худойберди Махсум, Асқархон эшондан илм ўрганди. 1917—1920 йиллари аввал Самарқанд, кейин Бухоро мадрасаларида таҳсил олди. 1937 йили шу ерда калхўзга аъзо бўлиб, уч йил боғбонлик қилди. 1942 йил 8 августида советларга қарши фаолият юргизяпти, деган туҳмат билан ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва жазони Қозоғистоннинг Оқтепа шаҳридаги қамоқхоналардан бирида ўтказа бошлади. Қутбиддин домла Қозоғистондан ташқари Сибир, Жанубий Ўринбурғ ва Ўролдаги ўрмонларда ҳам ишлади. Қамоқдалик пайти касаллик орттирди. Шифокорлар тавсияси билан 1943 йил 8 октябрда қамоқдан озод қилиниб, Ургутга қайтди, яна калхўзда ишлай бошлади.

Лекин озодликдаги кунлари узоқ чўзилмади. 50-йиллар бошида республикамизнинг бир қанча таниқли олим-ёзувчилари, диний уламолари сингари Қутбиддин домла Муҳиддиновга ҳам қайта туҳмат тўқилиб, янги сиёсий айб билан 1951 йил ноябрида ҳибсга олинди, уй-жойи тинтув қилинди. Бир уйча, икки бош қўй, бир сигир, гиламлар хатга олиниб, акт тузилди ва улар вақтинча домланинг хотини Малика аяда сақлаб туриш шарти билан қолдирилди.

Ўша куни кечқурун ИИХК (Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги)нинг Самарқанд бўлими қамоқхонасида терговчи Климиченко ҳузурига чақириб, таржимон Зоҳидов иштирокида ундан диний фаолият билан шуғуллангани ҳақида кўрсатма беришни талаб қилди. Домла терговчига умуман диний фаолият олиб бормаганини айтди. Сўнг қамоқхона бошлиғи домлани “тартибга чақириш” чораларини излаб, қамоқхонанинг энг совуқ хоналарида ушлаб туришга буйруқ берди. Қаҳратон қиш бошланишида домла у ерда бир неча кун ушланиб, таҳқир ва азоблар остида яна қайта терговга олиб чиқилди. қийноқ ва совуқ хоналарда тинкаси қуриб, ҳолдан тойган ва руҳан эзилган домла терговчи қўйган туҳмат айбларни ноилож бўйнига ола бошлади:

“Савол: Ҳозирги вақтда сиз муридларингиз орасида советларга қарши қандай иш олиб бордингиз?
Жавоб: Мен муридларимни ҳозирги даврда СССРдаги тузумга нисбатан норозилик руҳида тарбияладим. Совет ҳукумати калхўз тузиб, халқни тамомила у ерда ишлашга боғлаб ташлади, улар диний урф-одатларни бажармай қўйишди, чунки Совет ҳукумати бизнинг қонунларимизга хилоф равишда масжидларимизни ёпиб ташлади.
Савол: Сиз советларга қарши тарғиботлар ўтказиш ҳақида бирор кимсадан топшириқ олганмисиз?
Жавоб: Мен советларга қарши тарғибот олиб бориш ҳақида бирор кимсадан топшириқ олганим йўқ. Советларга қарши бўлган фикрларимни ўз ишончим асосида айтганман” (ЎзССР ДХКси архиви, II жилд, 145—148-бетлар).

Шундан кейин яна қийноқ ва терговлар давом этди. Самарқанд вилояти ИИХК (НКВД) бошлиқлари терговни давом эттириш учун домлани Ўзбекистон ИИХКсининг Тошкентдаги қамоқхонасига ўтказишди.
1952 йил 16 январида Тошкентда яна тергов давом этди. Бу ерда ҳам домлага қўйилган эски туҳмат-айбларни бўйнига олишга мажбурлаб, янада оғир руҳий ва жисмоний қийноқларга сола бошлашди. Домла мардонавор туриб, аввалги терговларга берган жавобларни ИИХКнинг оғир тазйиқ ва қийноқлари остида Самарқанд вилоят терговчиларининг ўзлари ёзиб, қўл қўйдириб олганларини, бугун ўша кўрсатмаларни тамомила рад этишини билдирди.
Орадан икки ой ўтгач, Қутбиддин домла Муҳиддиновнинг айбларига қўшимча ашёвий далиллар сифатида фойдаланиш учун унинг уйида ўтказилган тинтув пайтида олиб қўйилган етти дона араб ёзувидаги китоб, ўн бешга яқин арабча мактуб, бир дона Қуръон китоби “аҳамияти бўлмагани учун” куйдириб юбориш йўли билан йўқ қилингани ҳақида акт тузилади” (Мазкур архив, I том, 35-бет).
Шуларга қарамасдан, 1952 йил 17—19 май кунлари Самарқанд вилоят суди ҳукми билан Ўзбекистон ССР жиноят кодексининг 66-моддаси II қисми ва 67-моддасига кўра домла 25 йилга қамоқ-сургун жазосига ҳукм қилинди ва жазо муддатини Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қамоқхоналаридан бирида ўтай бошлади. Сталин вафотидан сўнг қамоқхонада бегуноҳ қийналиб ишлаётган домла ўша пайтда СССР Министрлар Совети раиси бўлиб турган Георгий Маленков номига шикоят ёзди. Унда Самарқанд вилояти суди мажлисида унга нисбатан адолатсизлик қилиниб, йигирма беш йилга қамоқ-сургун қилингани, бунга нисбатан қўлланган руҳий ва жисмоний қийноқлар асосида мажбуран олинган кўрсатмалар асос бўлгани, бугунга келиб, бу кўрсатмалардан тамомила воз кечгани ва ўзининг иши қайта кўрилиб, оқлангач, бола-чақаси олдига қайтарилишини сўради.

Ниҳоят, Ўзбекистон ССРнинг инқилобга қарши жиноят қилганлар ишини қайта кўриш бўйича комиссияси 1955 йил 20 апрелдаги мажлисида Қутбиддин домла Муҳиддиновнинг мазкур шикояти қайта кўрилди. Аммо йигирма беш йилги қамоқ ҳукми ўн йилга туширилиб, унинг батамом оқланиши ҳамон мавҳум бўлиб қолаверди.
Қутбиддин домла фақат 1955 йил охирларидагина қамоқдан қутулиб, уйига қайтди. Қишлоғида бир оз ишлагач, домланинг илму ирфонидан, туркий, форсий ва арабий тилдаги қадимий қўлёзмалар, луғатларни мукаммал билишидан хабар топган Тожикистон Фанлар академияси Рудакий номидаги Тил ва Адабиёт институтидаги эски қадрдонлари академик Абдулғани Мирзаев, профессор Раҳим Ҳошим ва бошқалар у кишини институтга ишга таклиф қилишди. Домла у ерда таниқли тожик адабиётшунос ва тилшунос олимлари билан ҳамкорликда икки жилдли мукаммал “Фарҳанги забони тожик” (“Тожик тилининг изоҳли луғати”) китобини тайёрлашда фаол қатнашди.

Аммо у кишига нисбатан эски шубҳалар ҳали тўхтамаган эди. Баъзилар уни ҳамон зарарли диний унсур деса, баъзилар ҳали оқланмаган бўлса керак, деб иғво қила бошлашди. Бундан изтироб чеккан домла Ўзбекистон прокуратурасига ишини қайта кўриб, тамомила бегуноҳ бўлгани ҳақида ҳужжат беришларини сўраб ариза ёзди. 
Шу орада эски қадрдонларидан Муҳаммад Раҳимий у кишига Тошкентга бориб, Тил ва Адабиёт институтида ишлашни маслаҳат берди. Бу ерда домлага академик Ғафур Ғулом ёрдам берди. Қутбиддин домла ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтининг луғат бўлимига ишга ўтказилди. Ўша йиллари институтга раҳбарлик қилиб турган академик Азиз Қаюмов раҳнамолигида қадимги туркий ва форсий тилларнинг зукко билимдонларидан Солиҳ Муталлибов, Фузаил Исломов, Анисий, Чустий, Васфий ва бошқалар билан бирга ишлай бошлади. Олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида академик Эргаш Фозилов раҳбарлигида институтда “Тарихий этимологик луғатлар бўлими” очилиб, домла шу бўлимга ишга олинди. Тўрт жилдли “Алишер Навоий асарлари тили изоҳли луғати”нинг яратилишида фаол қатнашди. Бўлим бошлиғи Эргаш Фозилов домланинг бу соҳада чуқур билимга эгалигини англаган ҳолда, у кишига Мирзо Муҳаммади Маҳдихоннинг “Санглоҳ” луғати бўйича муҳим мавзуни номзодлик диссертацияси сифатида ишлашни маслаҳат берди. Домла бу ишончни ҳам юксак даражада оқлаб, 1971 йил мазкур мавзу бўйича илмий иш ёқлади.

Узоқ йиллар совет тузумининг тазйиқларини, туҳмат орқасидан келган таъқиб-хўрликларни бошдан кечирган домла яхши кунлар умиди билан яшади. Ўтмишдаги исломий маданият ва маърифатимизнинг кенг ўрганилиши ва тарғиб этилишини жуда-жуда орзу қиларди. Афсус, бу кунларни кўрмай, 1983 йил 18 декабрда оламдан кўз юмди.
Домла вафотидан беш йил чамаси вақт ўтгач, 1988 йил 16 декабрда Ўзбекистон ССР Олий Суди президумининг қарори билан Самарқанд вилояти судининг 1952 йил 17 майдаги ургутлик эшонлардан Абдулхайр Асрорхонов билан бирга Қутбиддин домла Муҳиддинов ҳақидаги ҳукм мутлақо асоссиз бўлгани, уларнинг фаолиятида мутлақо жиноят аломатлари йўқ экани аниқланиб, тамомила оқлангани айтилди ва қарорга ўша йиллардаги Ўзбекистон Олий Суди раиси бўлиб ишлаган Содиқжон Йигиталиев имзо чекди (Архив КГБ при СМ УзССР. П-33226, ТОМ IV, стр.359).

Домланинг шогирдларидан марҳум академик Ботурхон Валихўжаев бундай ёзган эди: “Араб, форсий ва туркий тилларни, адабиётни чуқур билганиданми, Шайх Қутбиддинхоннинг атрофи ҳамиша толиби илмлар билан гавжум эди. Ҳазрат ниҳоятда ҳалим ва бағрикенг инсон эди. Хоҳ Қуръони мажид тафсири, хоҳ ҳадиси шариф шарҳи, араб, форс ва туркий тиллар тарихи бўладими, хоҳ Абдулқодир Бедил ёки Алишер Навоий шеърияти билан боғлиқ бўладими, ҳар қандай масала юзасидан ҳазратга ким мурожаат қилмасин, батафсил жавоб эшитар, шайх Қутбиддинхонга чинакам ихлосманд бўлиб, ширин суҳбатларида бўлишни ҳамиша орзу қилар эди (Ботурхон Валихўжаев, “Шайх Қутбиддин Ургутий” (1906-1983). “Имом ал-Бухорий сабоқлари”, 2002, 1-сон 45-бет).

Шерали ТУРДИЕВ, филология фанлари номзоди
("Ҳидоят" журнали)

back to top