Абдурашид Иброҳимов

Ҳаёти ажабтовур воқеаларга бой бу фозил инсонни она ватани Татаристонда ва Туркияда яхши билишади. Шу қаторда Ўзбекистонда ҳам ёдга олиш учун етарли асос бор. У замона зайли билан Сибирга бориб қолган бухоролик ўзбек Умар афанди билан бошқирд қизи Афифа хонимнинг фарзанди бўлган. Абдурашид Иброҳимовнинг “Миръот” журнали 1903 йил 17-сонида эълон қилинган “Сибирия мусулмонлари” мақоласида айтилишича, XVII-XVIII асрларда Ўрта Осиёдан бир қанча оилалар Сибирга кўчиб борган ва ўзларини ўзбек ёки тожик эмас, балки бухороликлар деб аташган.

Абдурашид Иброҳимов 1857 йил 23 апрелида Тобол губерниясининг Тара уездида дунёга келган. Бошланғич маълумотини уезд яқинидаги рус овулида олгач, ота-онаси уни Қозон яқинидаги Арча тумани мадрасасига олиб боришган. Абдурашид йигирма ёшига қадар шу мадрасада ўқийди. Сўнгра дўст-ёрлари билан Ўрта Осиёга келиб, қозоқ овулларида болаларни ўқув-ёзувга ўргатиб, диний билим ва тарбия беради.

Аммо Абдурашид бу ерда кўп турмади. Мақсади билимини ошириш эди. Бир оз маблағ тўплагач, 1879 йили Истанбулга борди, ундан Мадинага йўл олди. Бу ерда тўрт йил яшаб ислом дини асосларини чуқур ўрганди, маҳаллий уламолар ва зиёратга келган ҳожилар билан танишиб, дунёқарашини кенгайтирди. 1881 йили Истамбулга қайтди. Тўрк жамиятининг пешқадам вакиллари билан, шунингдек, мадрасалар ва улардаги ўқув ушлари билан танишди. Ўқув дастурида дунёвий фанлар ҳам салмоқли ўрин эгаллагани унга кучли таъсир қилди.

1892 йили Оренбургдаги диний бошқармада қози бўлди. Муфтий Султонов ҳаж сафарига кетганда эса, вазифасини бажарди. Аммо қозилигидан кўнгли тўлмаган Абдурашид Иброҳимов 1894 йили яна Истанбулга бориб, диний ишларни ўрганади, чор ҳокимияти шароитида яшаётган ватандошлари билан турк халқининг ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётини таққослади. Унинг шу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари жамланган “Чўлпон юлдузи” китоби (Истанбул, 1895), машҳур татар адиби Олимжон Иброҳимовзишича, чор ҳокимиятининг руслаштириш сиёсатига қарши кураш руҳи билан суғорилган, 1905 йил инқилоби кунларида катта акс-садо берган эди.

Абдурашид Иброҳимов гарчанд 1896 йил Тара уездига қайтган бўлса-да, бу ерда узоқ яшамади. 1897 йили саёҳат истагида Истанбулга келади. Ундан Миср, Фаластин ва Ҳижозга ўтади. Франция, Италия, Австрия, Сербия, Болгарияга боради. Сўнгра Россиянинг жанубий чегаралари орқали Кавказда бўлади. Каспий денгизи орқали Бухорога келиб, Туркистон ва Еттисувда бўлади-да, Сибирь карвон йўли билан яна туғилган шаҳрига қайтиб боради.

Жаҳонгашта қозининг катта дунёдан узилган кичик бир шаҳарда яшаши маҳол эди. У 1899 йили Петербургга келиб, ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланади, татар тилида биринчи газетани чиқариш ҳаракатига тушади. Рухсат ололмагач 1900-1903 йиллари “Миръот” (“Кўзгу”) деб номланган альманахни нашр этди. Йигирма иккита сони чиққан ушбу баёз ўша йиллари татар ёшларининг севимли нашрига айланиб, тарбиясига яхши хизмат қилади.

Тараққийпарвар интилишлари чор махсус хизматининг метин қояларига урилган Абдурашид Иброҳимов яна Истанбулга йўл олади. Бироқ 1904 йилда чор ҳукуматининг топшириғи билан Истанбулда ҳибсга олиниб, Одессадаги қамоқхонага келтирилади. Таниқли татар жамоат арбобини қамоққа олингани тўғрсидаги хабар Ички Россияни оралагач, жамоатчиликнинг аралашуви билан озодликка чиқиб, сиёсий фаолият билан шуғулланади: Бутунроссия мусулмонларининг қурултойларини ўтказиш ва Бутунроссия мусулмонлари иттифоқи фирқасини тузиш ташаббускорларидан бири бўлади.

Биринчи рус инқилобидан кейин, яъни 1905-1907 йиллари Абдурашид Иброҳимов Петербургда татар тилида “Улфат” газетаси, араб тилида “Ат-Тилмиз” журналини чиқаришга эришади. Газета тўрт минг нусхада нашр этилиб, татар ўқувчилари орасида катта шуҳрат қозонган бўлса ҳам, узоқ яшамади. Чор ҳокимияти дастлаб газета, сўнгра журнал нашрини тўхтатиб қўйди. Шундан кейин Абдурашид Иброҳимов “Улфат” ўрнига “Нажот” номи билан мажмуа чоп эта бошлади. Аммо бир-икки сони чиққанидан кейин мажмуа ҳам ёпиб қўйилди.

Абдурашид Иброҳимов шу йилларда Россия ҳудудларида яшаган мусулмон халқларнинг миллий манфаатларига доир сиёсий-ижтимоий қарашлари ифодаланган “Демократия” деган китобини нашр эттиради.

Россияда тазйиқ ва таҳдиднинг кучайиши унинг 1907 йили яна сайёҳлик таёғини қўлга олишга мажбур этади. Абдурашид қози (уни татарлар шундай атайдилар) Шарқий Туркистон, Бухоро, Самрқанд, Еттисувда бўлади. 1908 йилда оиласининг Қозонда қолдириб, сафарини давом эттиради. У йўлда кўрган-кечирганлари асосида “Исломият дунёси” ва “Давр-олам” саёҳатномаларини ёзади. Бу асарлар айни вақтда “Баёнил ҳақ” (Қозон) ва “Сироти мустақим” (Истанбул) газеталарида босилиб, турк дунёси бўйлаб тарқалади.

У шу йилларда Японияга бориб, тонготар мамлакатда олти-етти ой яшайди. Шаҳзода Ито, нуфузли япон амалдорлари ва жамоат арбоблари билан мулоқотда бўлиб, ислом дини тўғрисида маърузалар ўқийди. 1909 йили Токиода “Азия гекай” деган Ислом тижорат жамиятини ташкил қилади. Ислом динига ўтиб, Абубакр исмини олган япон дипломати Оҳарани унга раис этиб тайинлайди. Абдурашид қози мазкур жамият фаоллари ёрдамида японлар ўртасида Ислом динининг кенг тарқала бошлашига эришади.

1911 йили Италия Шимолий Африкадаги Туркияга қарашли ерларни забт этиш учун усмонлилар мамлакатига қарши уруш бошлайди. Туркияни Ислом оламининг маркази деб билган ва қадрлаган Абдурашид Иброҳимов Триполи шаҳрига яширин равишда бориб, курашаётган мусулмонларга ёрдам бериш чораларини ахтаради. Биринчи жаҳон уруши йилларида эса Усмонли салтанати аъзоси бўлган австро-герман иттифоқи манфаатларини ҳимоя қилувчи тадбирларда иштирок этади.
Абдурашид қози 10-йилларнинг бошларида Туркистон ўлкасига қилган сафари вақтида Абубакр (Оҳара)ни ҳам олиб келган. Туркистон шаҳри полиция приставининг 1912 йил 4 июнда Чимкент уезди бошлиғига йўллаган хатида бу ҳақда, шунингдек, Абдурашид Иброҳимовнинг Туркистон ўлкасида бўлишига доир қимматли маълумотлар мавжуд.
“Чимкент уезди бошлиғи жанобларига
...Шуни маълум қиламанки, агентура маълумотларига қараганда, бундан тахминан икки йил аввал ўзини Абдул Рашид афанди деб атаган бир татар келди; туркистонлик савдогар сарт Тошмуҳаммад Юсуфбоев ва туркистонлик савдогар сарт Носир Миртолиповнинг (Миржалилов бўлиши керак – Н.К) уйларида яшади. Миржалилов билан бирга шаҳар кезиб, туркистонлик савдогарлар ва шаҳарнинг бадавлат аҳолиси билан учрашди. Туркистонлик савдогар Анорбой Сўфибоевнинг уйида меҳмон бўлди. Бир неча кундан кейин Тошкентдан чиқиб, Андижон, Қўқон ва Бухорога борди. Бир ўғли борлигини ва унинг Японияда яшаётганини айтди. Ўзи хусусида сўзлаб, Петербургда фармонли мулла бўлганини гапирди. Иброҳимовнинг сурати билан сарт Ҳамро Хўжа ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик йўқ, араб Абубакр тўғрисида эса ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз... Кейинги маълумотлар тўпланиб борилади ва қўшимча тақдим қилинади.
Мазкурни тасдиқлаб,
Туркистон ш. Полиция пристави, штабс-капитан Краинский”.
Абдурашид Иброҳимов 1910-1912 йилларгача ҳам туркистонлик зиёлилар билан учрашиб улкадаги воқеалардан маълум даражада хабардор бўлиб турган. 1908 йили Аҳмаджон Бектемиров муҳаррирлигида Тошкентда нашр этилган “Осиё” газетасининг илк сонида Абдурашид қозининг қутлови, мақоласи босилган.

Абдурашид Иброҳимов 1917 йил феврал инқилобидан кейин Россия ҳудудларида яшовчи мусулмон халқлар ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй беради, уларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлари тикланади, деган эзгу умид билан яшади. Аммо совет ҳокимиятининг бу борада Чор ҳокимиятидан заррача фарқ қилмаётганини кўрган қози 1922 йилда Петроградни тарк этиб, 1933 йилда Японияга бош олиб кетгунига қадар асосан Истанбулда яшади. Сўнгра Ислом тижорат жамияти фаолиятини жонлантириш мақсадида Ҳиндистон, Малайзия ва Индонезия мамлакатларида бўлди. 1937 йилда эса Токио жоме масжиди қуриб битказилгач, вафот этгунига қадар (1944 йил) шу масжидда имом-хатиб бўлиб хизмат қилди. Унинг саъй-ҳаракати билан Ислом 1939 йили Японияда расмий равишда эътироф этилган.

Наим КАРИМОВ

back to top