Ҳасанали Аҳмадёров

Қатағон қилинганлар орасида маҳаллий олим ва арбоблардан ташқари, Татаристон ва бошқа ўлкалардан Ўрта Осиёга келиб қолган уламолар ҳам бор эди. Шулардан бири Тошкентдаги масжидлардан бирининг имом-хатиби  Ҳасанали Аҳмадёров эди.

Ҳасанали Аҳмадёров 1870 йил 13 февралда ҳозирги Қозоғистоннинг Петропавлов шаҳрида савдогар оиласида туғилди. Шаҳардаги мактаб ва мадрасаларда тиришиб ўқиди. Сўнгра масжидларда имом-хатиб бўлиб ишлади. Кейинчалик Ўзбекистонга келиб, Тошкент масжидларида имомлик қилди. 1934 йилдан Эски шаҳардаги  Ҳожи Малик масжидида имом-хатиб бўлди. У 1917 ва 1924 йиллари Уфада ўтган мусулмонлар қурултойларида қатнашди.  Татар зиёли ва уламоларидан Абдурашид қози Иброҳимов ва адиб Аёз Исҳоқий, йигирманчи йилларда Бухородан Олмонияга талабалар олиб борган  Олимжон Идрисий ва Тошкентдаги таниқли дин арбобларидан  Абдувоҳид қори Абдурауфқориев, Заҳириддин Аълам, Камол қози, кейинчалик Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбари бўлиб ишлаган муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ва бошқалар  билан мулоқотда бўлган. Ҳасанали Абдурашид Иброҳимов Мисрда нашр этган “Ал-Манор”, Туркистонда Абдураҳмон Сайёҳ ва Мунаввар қори Абдурашидхоновлар нашр этиб турган “Ал-Ислоҳ” каби ўзбекча диний матбуот асарларини мунтазам ўқиб борди. У диний-ижтимоий масалалардан баҳс этувчи мақолаларни ўқиб, мулоҳаза қилибгина қолмай, фойдали томонларини бошқа масжидлардаги  имом-хатибларга ҳам сўзлаб берарди, уларни топиб ўқишни тавсия этарди.

Совет махфий хизмати ходимлари ундан фойдаланиш йўлларини қидириб, уни Тошкентдаги масжид имомлари  ва дин арбоблари ҳақида хабар бериб туришга мажбурлашади. Унга “Понамарёв” деган сохта фамилия ҳам беришади. Лекин Ҳасанали Аҳмадёров уларнинг топшириғини бажармайди ва уламолар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди. Бу иши махфий хизмат ходимларини ғазаблантира бошлади. Шундан кейин 1936 йил 26 феврал куни Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги Давлат Хавфсизлик хизмати бошқармасининг бўлим бошлиғи Матвеев уни чақириб, баъзи бир масалалар бўйича гувоҳ тариқасида жавоб беришини сўради. Ундан: “1934 йил Андижон, Фарғона, Наманган, Қўқонга Заҳириддин Аълам ва Камол қози топшириғи билан бориб келган эдингиз, улардан қандай топшириқ олгансиз ва шу топшириқлар бўйича у ерларда қандай ишларни амалга оширгансиз?” деб сўрашганида, у ерларда бўлиши сабабларини  очиқ тушунтиради.

Орадан ўн бир кун ўтказиб, у яна гувоҳликка чақирилди. Энди қамоқда ётган  Заҳириддин Аълам, Иброҳим Парпи ва бошқалар билан бирга ҳаракат қилгани ҳақида жавоб беришини талаб қилишди. Бунга Ҳасанали Аҳмадёров  Тошкентдаги мусулмон руҳонийлари ичида Қуръон ва диний маросимлар масаласи талқини ва ижросини янгилаш бўйича бир янги оқим борлиги ва унга бир неча таниқли уламолар қаторида ўзи ҳам аъзо эканини айтди (ЎзССР ДХҚ архиви, П-16634, 13-14-бет).

Лекин терговчи Ҳасанали Аҳмадёровнинг бу гувоҳликларига ишонмай, унга шубҳа билан қарай  бошлайди ва орқасидан айблар қидириб, туҳмат материалларни тўплашга киришди. Орадан бир неча ой ўтгач, 1936 йил 31 июл куни ўша вақтлар Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ комиссари бўлиб ишлаган катта майор Загвоздин имзоси билан уни қамоққа олишга қарор қилинди. Бунга “диний ташвиқот ниқоби остида унинг советларга, мавжуд тузумга қарши аксилинқилобий фаолиятда қатнашгани” асос этиб олинди.
Шундан бир неча кун сўнг – 1936 йил 9 августида Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ комиссарлигининг  Давлат хавфсизлиги бошқармаси 4-бўлимининг ходими Колосов Ҳасанали Аҳмадёров яшаб турган уйда тинтув ўтказиб, уни қамоққа олди. Ўша куниёқ қамоқ анкеталари тўлдирилиб, унинг оила аъзолари қайд  қилинди ва тергов бошлаб юборилди.

Терговчи Ҳасанали Аҳмадёровни “фош қилиш” учун унинг чет эллардаги яқин танишлари билан алоқаларини суриштира бошлади:
“Савол. Сизнинг яқин танишларингиздан кимлар чет элда яшашади?
Жавоб. Менинг ҳозирча чет элда турган яқин танишларим қуйидагилардир: 1. Ҳозир Мисрда яшаб турган Саид Рашид Ризаев. Мен у киши билан 1912 йилда Арабистонда ҳаж қилганимда танишган эдим. 1914 йилдан сўнг у киши билан алоқа қилганим йўқ. 2. 1939 йили яширинча чет элга кетган Мусо Бегиев билан ҳам таниш бўлганман. Ҳозир у кишининг қаердалигини билмайман. У киши билан 1909 йилда танишганимдан сўнг, охирги марта 1924 йилида Уфада мусулмонлар қурултойида кўришдим. Шундан сўнг у билан алоқам бўлган эмас. 3. 1919 йил Колчак билан бирга чет элга ўтиб кетган Аёз Исҳоқийдир. Мен Аёз Исҳоқийни 1919 йилдан танийман, лекин у киши билан ҳеч қандай алоқам йўқ. 4. Олимжон Идрисий билан 1926 йилгача хат орқали доимий алоқа қилиб турдим. У киши билан 1932 йилда вафот этган ўғлим Саидни Берлинга ўқишга жўнатиш масаласида ёзишган эдим. Лекин ўқиш харажати кўп бўлгани учун юборолмадим. 5. Собиқ Тобол губерниясининг Торо шаҳридан бўлган Рашид Иброҳимов билан ҳам таниш бўлганман. 1917 йил октябр инқилобига қадар Истанбулда бўлган, 1920 йилда қайтиб, 1921 йили яна Туркияга яширинча қайтиб кетган. 1935 йилдан Японияда яшаган. Рашид Иброҳимов билан 1915 йилдан бери танишман, 1921 йилдан сўнг у киши билан алоқам йўқ” (Мазкур архив, 21-бет).
1936 йил 11 августда яна терговга чақирилиб, қўшимча сўроқ-саволга тутишди, тошкентлик бир неча дин арбоби билан алоқалари ҳақида сўрашди.
1936 йил 20 августда терговчи уни яна Советларга қарши тарғибот олиб борганлик айбномасини бўйнига қўйишга ҳаракат қилди. Ўша кунги тергов баённомасида ушбу жумлалар бор:
“Савол. Намоз вақтларида советларга қарши тарғибот олиб борганингиз каби айбларни бўйнингизга оласизми?
Жавоб. Советларга қарши тарғибот олиб борган, дея устимга қўйилган айбни тан олмайман. Мен фақат сиёсий саводим етишмаслиги туфайли бу борада баъзи бир камчиликларга йўл қўйган бўлишим мумкин.
Савол. Сиз 1935 йил сентябр бошларида боғда бўлганингизда,  Японияда турмуш яхши экан, мусулмонларга ҳурмат жойида, деган японпарастлик гапларни гапирганингизни тан оласизми?
Жавоб. Мен Японияда мусулмонлар ҳаёти яхши экан, деган гапга сиёсий тус бермаганман, японпарастлик ҳақида тарғибот қилганимни инкор этмайман”. (ЎзССР ДХҚ архиви, П-16634, 38-бет.)
Кейин ҳам тергов қийноқлари давом этди. Лекин Ҳасанали Аҳмадёров ўзига қўйилаётган туҳмат-айбларни рад этаверди. Охири ҳолдан тойиб, ошқозон касали хуруж қила бошлади. Натижада овқатланиши қийинлаша бошлади. Орадан йигирма бир кун ўтгач, Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ комиссариати Давлат хавфсизлиги махсус бошқармаси 4-бўлинмаси  бошлиғи,  лейтенант Оғабеков Тошкент қамоқхонаси бошлиғига Ҳасанали Аҳмадёров ошқозон саратони билан касаллангани сабабли уни даволаш учун саратон касалликлари институтига юборишни топширди” (Мазкур архив, 101-бет).
Шунга қарамай, 1936 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ комиссарлигининг махсус мажлиси қарори билан Ҳасанали Аҳмадёров уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. (Мазкур архив, 110-бет). Қамоқ-сургундан ўн саккиз кун кейин Ҳасанали Аҳмадёров Қозоғистондаги  касалхоналардан бирида вафот этди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Москвадаги СССР қамоқ-сургун лагерлари бош бошқармаси  бошлиғининг ўринбосарига Олмаота шаҳридаги сиёсий маҳбуслар қамоқхонаси сургунида бўлган Ҳасанали Аҳмадёров 1936 йил 21 ноябрда шаҳар касалхонасида вафот этгани хабар қилинди (Мазкур ҳужжат, 116-бет).

Унинг вафотидан сўнг оила аъзолари ҳам рўшнолик кўришмади, доимий сиёсий таъқиб ва кузатув остида қўрқиб яшашди. Сталин ўлимидан кейин бир неча йил ўтгачгина бу ҳақда суриштириш имконияти очила бошлади. 1958 йил 7 майда унинг Омск шаҳрида яшаб турган қизи Саида Ҳасанова Ўзбекистон Республикаси прокурори номига отасининг тақдири ҳақида, унинг ишини қайта кўриб, оқланишига ёрдам беришни сўраб, ариза берди.
Орадан бир ярим ойдан кўпроқ  вақт ўтиб Ўзбекистон Олий Суди 1958 йил 28 июнда Аҳмадёров Ҳасаналининг ишини қайта кўриб, унинг устидан чиқарилган 1936 йил 3 ноябрдаги ҳукм айби асоссизлиги учун уни бекор қилди. Ҳасанали Аҳмадёров расман оқланди. (Мазкур ҳужжат, 121-бет). Лекин унинг бола-чақалари, ўғил-қизлари, рафиқаси, 68 ёшли касалманд акасининг кейинги ҳаёти ва қисмати қандай кечди, булар ҳақида  ҳозирча бирор маълумотга эга эмасмиз.
Шамсиддин Бобохонов Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати собиқ раиси, марҳум оталари ҳақида ёзган рус тилидаги китобида муфтий ёшлик йилларида тафсир илмини  Ҳасан ҳазрат (Ҳасанали Аҳмадёров – Ш.Т.)дан ўрганганини  эслатиб ўтган (“Муфти Зияутдинхан ибн Эшон Бабаханов. Жизнь и деятельность”. Издательство “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”, Тошкент, 1999 г.).
Собиқ рус империясига қарашли Петропавловскда (ҳозирги Қозоғистонда) туғилиб, кейинчалик Ўзбекистонга келган ва Тошкентдаги Ҳожи Малик масжидининг имом-хатиби бўлган ва тақдир тақозоси билан 1936 йилда қамалиб, азоб-уқубатда ўлган таниқли олим Ҳасанали Аҳмадёровнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Шерали ТУРДИЕВ,
филология фанлари номзоди

back to top