Сирожиддин Доғистоний – Лазгин домла

Сирожиддин ҳазратдай улуғ устоздан илм олиш насиб этгани учун Аллоҳга шукроналар айтаман. Алломаи замон барча исломий илмлар билимдони, тарих, жуғрофия, фалакиёт, фалсафадан бохабар бўлиш билан баробарида илм тарқатишга ҳарис, юртимизда ўзига хос мактаб яратган буюк бир сиймо эдилар.

Устоз Сирожиддин ибн Исо Али Доғистон ўлкасининг ғозиғумуқ элатига мансуб бўлиб, "Хуна" деб номланувчи маконда дунёга келганлар. Мен кўп марта устозга мурожаат этиб, "У томондагиларни лазгин деб аташади, сиз ҳам шу қавмданмисиз?" деб сўраганимда у зот: "Йўқ, мен ғозиғумуқнинг Лақтси қавмиданман", дер эдилар. Лекин нима учундир устоз Ўзбекистонда "Лазгин домла" номи билан машҳур бўлдилар. Устоз Сирожиддиннинг оталари, "Ё Аллоҳ, агар Сен менга ўнта ўғил берсанг, барчасини дин йўлида илм олишга, Исломга хизмат қилишга бахшида этаман", деб муножот қилар эканлар. Аллоҳ у зотга биргина ўғил – шу Сирожиддин домлани берган. Сирожиддин олти ёшга етганида мударрис оғаси Исмоил қўлида савод чиқариб, сўнг шу тоғаси қурдирган мадрасада таҳсил олган. Ўн икки ёшга етганида сарф ва наҳв бўйича уламолар билан мунозарада қатнаша оладиган даражага етган. Ўша ёшдаёқ "Кофия" билан "Мулло Жомий"ни ёд олган. Сўнг устози Абдулҳамид ғумуқийдан тафсир ва ҳадисдан дарс олиб, ўткир зеҳни туфайли эл орасида танилиб, шуҳрат топа бошлаган пайтларида устозлари: "Мендан ўрганадиганингни ўрганиб бўлдинг. Аммо сен ҳали кўп ўқишинг керак, энди илмни Мисрда, хусусан, Искандарияда оласан", деб оқ фотиҳа беришади ва доғистонлик бир бой савдогар ҳомийлигида Мисрга юборишади.

Ўша пайтда Сирожиддин ўн олти ёшда бўлган. Оёқда чарм чориқ, кавказча чолвор, эгнида бўрк, қўлда эса саккиз ёшга тўлганида отаси олиб берган Қуръони карим билан узоқ ва нотаниш юртга борган эди. Исломпарвар савдогар уни бир кемага жойлаб, қўлига бир қанча тилла танга беради ва "Искандариядаги фалон савдогарга мендан дуо айтасан, у сени ўқишга жойлайди ва таъмин этиб туради, сен эса ўқишдан қолма", деб тайинлайди.
Искандариялик дўкондор кавказлик йигитчани машҳур бир мударрисга олиб боради. Таътил вақти бўлгани сабабли мударрис бўшанггина кўринган йигитчага наҳв китобини бериб, бир ой давомида ўқиб тур, деб топшириқ беради.
Бир ойдан сўнг мударрис Сирожиддинни имтиҳон қилиб, лол қолади-да: "Мен сенга ортиқча бирон илм ўргата олмайман, сени Қоҳирага, устозим ҳузурига йўллайман", деб бир хат ёзиб беради. Бу мударрис машҳур алломаи замоннинг котиби ва сафдоши экан. У муҳтарам зот: "Биродарим менга ҳамиша иқтидорли шогирдларни йўллар эди, қани, сени бир имтиҳон қилиб кўрай-чи", дебди. Ўша кезда бир ерда мунозара-анжуман бўлаётган экан. У зот юпун кийинган йигитчани ўша ерга бошлаб борибди. Эътиборли издиҳомга кириб боришгач, уламоларнинг энг ҳурматлиси ҳисобланган зотга яқинлашиб: "Искандариялик биродаримиз бир йигитни бизга йўллабди, араб бўлмаса ҳам, шу ёшидаёқ наҳвдан билимдон эмиш", деб қулоғига шивирлабди. Шайх шунда кавказлик йигитчага қараб араб тилида сўзлабди, устозимиз барча саволларга араб тилида пухта-пухта жавоб берибдилар. Шунда шайх: "Эртага фалон пайтда, фалон ерда шахсан ўзимга учрашасан, сени ўзим ўқитаман", дебди.

Қоҳирадаги етти йиллик таҳсил ниҳоясига етгач, устозлар дуосини олиб юртларига қайтадилар. Тоғлар орасидаги ўша мадрасада ўн йил мобайнида тафсир, фиқҳ, ҳадис, наҳвдан дарс берадилар. Устоз китоб мутолаасини хуш кўрарди. Ўқиган китобларининг ҳисоби йўқ эди. Ким "Фалон китоб бор экан", деса, дарров: "Унда фалон-фалон масалалар ечилган", деб жавоб қилардилар. Бир куни Ислом илмига оид китоблар рўйхатини қилган эканлар, мингдан ошибди. "Рўйхатдаги китобнинг номини ўқисам, унинг мазмуни ёдимга тушади", дер эдилар. Ўқиган китобларимни рўйхат қилиб юришни менга ҳам тайинлаган эдилар.

Советлар мадраса-масжидларни бузиб, олимларни таъқиб эта бошлагач, устоз она юртларидан чиқиб кетишга мажбур бўлиб, Ўзбекистонга келдилар ва умрлари охиригача шу ерни Ватан тутиб, шу ерда хизмат қилдилар. Ўша замонда айрим уламолар Эрон, Афғонистонга, араб мамлакатларига ҳижрат қилган эдилар. Устоз ана шу биродарларини эслаб, "Мен Ўзбекистонга келганимдан хурсандман, бунинг учун Аллоҳга шукрлар қиламан. Ўзбекистонда мен ғариб бўлмадим, дўстлар даврасида яшадим", дердилар.

Тошкентнинг Эски Жўва мавзеидаги бозор яқинида Турон кутубхонаси бўларди. Дадам раҳматли ҳам бу кутубхонадаги нодир китоблардан баҳраманд бўлиб турардилар. Бир куни мутолаадан сўнг юзлари нурли бир киши диққатларини тортади. Суҳбатга чорлайдилар. У киши дадамнинг "Мўйи муборак" ва "Шоҳ Азиз Авлиё" мадрасаларида ўқиганларини билгач, суҳбатлари жонланади.

Сирожиддин домла Тошкентга келгач, биродарлари ёрдамида Бешоғоч бозорида бир мисгарлик дўкони (яъни, устахона) очадилар. Пиримус тузатиш ва шу каби ишларни бажариб, тирикчилик қиладилар. Бу устахона унча катта эмас эди. Ичкариси у ёндан бу ёнга икки қадамча келарди. Токчаларга обдаста, самовар, пиримус каби тузатилиши лозим бўлган ашёлар териб қўйиларди. Устахонанинг бир даричаси бўлиб, ташқарига таёқча билан кўтариб очиб қўйиларди. Мана шу даричанинг ости, пештахта таги шогирдлар учун ўзига хос "мадраса" эди... Мен бу ҳолатни кўрганимда ўн уч ёшлар чамасида эдим. Дадам устозни йўқлаб борганларида мен ҳам шу манзарага гувоҳ бўлганман. Уруш тугагунча домламиз шу устахонада яшаганлар. Урушдан сўнг дадам, Аббосхон, Акмалхон ака ва бошқа биродарлар устозга Самарқанддарвозадан кичик бир ҳовли сотиб олиб беришди. Жар ёқасидаги бу ҳовлида неча-неча толиби илм дарс олди. Камина ҳам шу ҳовлида ўқиганман.

Дастлаб устоз, "Қани, нима биласан?" деб сўрадилар. Билганларимни айтганимдан сўнг ўқита бошладилар. Маълум бир пайтга етгач, "Бўлди, сенга шу ҳам етади", дедилар. Мен ҳайрон бўлдим, тўғрироғи ранжидим. Чунки таҳсил қарийб ярмида тўхтатилган эди. Назаримда, "қолганига кучи етмайди", деб ўйладилар. Бир неча кун кетма-кет келавердим. "Ўқийман", деявердим. Шунда устоз: "Хўп, унда ҳар куни эрта саҳар келасан, мени бомдодга уйғотасан", дедилар. Шундай қила бошладим. Саҳарда келаман, таҳоратга сув қўяман. Устоз бу билан аҳдим қатъийми-йўқми, синамоқчи бўлган эканлар. Чунки у киши бировнинг уйғотишига ҳеч муҳтож бўлмаганлар. 

Устоз фақирона кун кечирардилар. Ҳеч кимдан ҳеч нима тама қилмас, ҳеч қачон етишмовчиликлардан нолимас эдилар.
Устознинг илмларидан баҳра олмаган уламо қолмаган десам, хато қилмасман. Ҳатто муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳам у зотни "устоз" деб иззат қилар эдилар. Уларнинг бир неча суҳбатларидан баҳраманд бўлиш бахтига етишганман. Тошкентдаги эътиборли уламолардан Шоикром қори, Исмоил қори, Зайниддин қори, Бузуҳур қори, Адҳам қори, Аминжон қори ва бошқа олимлар ҳам устознинг суҳбатларидан баҳраманд бўлишарди.
Баъзан муаллимлар, аспирантлар, илмий ходимлар ҳам домламиздан сабоқ олгани келиб туришарди. Бир гуруҳ илмий ходимлар Ибн Синонинг "Қонуни фит-тиб" асарини устоз тилларидан ёзиб олиш жараёнида у кишининг ёнларида эдим. Ёшлари саксон бешга етганида: "Қанча-қанча илмлар қолиб кетяпти, буларни эгаллайдиган ёшлар кам", деб афсусланган эдилар.
Устоз Сирожиддин домла қайси мажлисга келсалар, илмларини пеш қилмасдилар. Бир четдан жой олиб, сукут қилиб ўтирардилар. Сўз берилганида эса: "Мен сизлардан таълим олгани келдим. Толибнинг мақсади илм, олимман деса, у жоҳилдир", дердилар. Бу ҳадисни айтиш билан ўзини олим санаб, ҳеч кимга сўз бермай баҳслашаётганларнинг попугини пасайтириб қўярдилар. Сирожиддин домла ҳамиша иттифоқ ила иш кўришни маъқул тутардилар. ҳадисларга асосланиб, "Умматнинг равнақини иттифоқдан излаш керак", дердилар.

Мен таҳсилимни давом эттириб, имом Суютийнинг "Итмом уд-дироя" асарини мутолаа қилиб, баъзи бир ўринларда туғилган иштибоҳларни сўраб, яна мажозий таҳсил бўйича дарс олар эдим. Бир кун дарсга келсам, ҳовлилар супурилган, уйда янги палос. Домлам мени кўриб, "Яхши келдинг, ҳозир Ленинграддан бир арабшунос олим келар экан", дедилар. қўшнидан палос олиб чиқиб солингани билан уй ғарибона эди. Ўртада хонтахта, атрофида уринганроқ кўрпача, токчада китоблар. Хонтахта устида бир ликопчада оқ қанд, икки дона оби нон. Бир маҳал меҳмонлар келишди. Кейин билсам, меҳмон ленинградлик машҳур арабшунос олим, Қуръони каримни русчага таржима қилган Крачковскийнинг котиби экан. Унинг ёнида яна бир меҳмон ҳам бор эди. Меҳмонлар уйга киришлари билан устоз билан араб тилида суҳбат бошлашди. Мен бир четда сукут сақлаб ўтирдим. Меҳмонлардан бири асли кавказлик экан. Илми юқори даражада бўлгани учун Крачковский уни ҳамкорликка чақирган экан. Крачковскийнинг котиби ҳам араб тилида дуруст сўзлашар эди. Бу ёққа йўл олганида Красчковскийнинг "Ўзбекистонда алломалар кўп", деган гапларини айтиб, бу хонадонга ҳам унинг тавсияси билан келганини билдирди. Крачковский: "Ўзбекистондаги олимларнинг ҳар бири академия", деган экан. Мен бу таърифни яхши эслаб қолдим. 
Уларнинг суҳбатлари тўрт соат давом этди. Суҳбат якунида меҳмон: "Мен сизга қандай ёрдам беришим мумкин?" деб сўради. Шунда устоз, "Алфақру фахри" (яъни, "Камбағаллигим фахримдир"), дедилар. Сўнг: "Менинг бойлигим шогирдларимдир, улар бор экан, ҳар қандай бойдан бойроқман", дедилар. Меҳмонлар бу гапдан сўнг, "Афсус, сизни кеч топдик. Аввалроқ билганимизда бизлар ҳам умримиз охиригача сизга шогирд бўлардик", дейишди. Кавказлик олимнинг кўзлари ёшланиб, то кўчага қадар ёни билан юриб чиқди.
Ўшанда устознинг ёшлари етмиш еттида эди.

Абдужаббор Муҳаммад Собир ўғли (Моштабиб)

back to top