Logo
Print this page

Абдувоҳид қори Абдурауф қори ўғли

Абдувоҳид қори Абдурауф қори ўғли 1858 йили Тошкентда, машҳур олим оиласида таваллуд топди. Аввал оиласида, сўнг шаҳардаги мактаблардан бирида таълим олди. Кейинчалик Тошкент ва Бухоро мадрасаларида таҳсил кўриб, араб ва форс тилларини, исломий билимларни пухта эгаллади. Шунингдек, 1905 йилги рус инқилоби таъсирида замонавий билимларни, рус тилини ҳам ўргана бошлади. Шунинг учун ҳам уни 1906 йилда Туркистондан Россия давлат думасига аъзо қилиб сайлашди ва ўша йили Петербургда ўтказилган Бутун-россия мусулмонларининг қурултойида қатнашди.

У ерга келган Волгабўйи, Қирим, Кавказ мусулмонларининг вакиллари билан учрашиб, мулоқотда бўлган эди. Тошкентга қайтгач, 1908 йилда Николай ҳукуматининг Туркистондаги сиёсатидан норозилиги учун сургунга ҳукм қилинади. Тула шаҳрида сургунда бўлиб, у ердаги халқларнинг урф-одатлари, турмуш шароитлари билан танишади. Ислом дини билан ниҳоятда қизиққан машҳур рус адиби Лев Толстой билан ҳам учрашиб, у билан фикр алмаша бошлайди.

Абдувоҳид қори 1912 йилда сургундан қайтади. Туркистондаги муваққат ҳукумат ва болшевиклар ҳокимиятининг дастлабки даврларида (1917-1918 йилларда) диний-сиёсий ишларга аралашиб, Туркистонда янги тузилган "Шўрои исломия", "Шўрои уламо" жамиятларига раҳбарлик қилади, Туркистон истиқлоли учун курашда дин олимларини оқилона иш кўришга даъват этади. 1917 йилги октябр тўнтаришидан кейин Туркистонда тузилган Туркистон Автоном Совет жумҳурияти ҳукумат ишларига жалб этилади. У 1918-
1920 йилларда республикадаги диний бошқарма раиси сифатида фаолият олиб боради.
Шариат қонунларини яхши билган Абдувоҳид қори 1921-1922 йилларда Туркистон Республикаси Олий суди коллегия аъзоси бўлиб ҳам ишлади. Шундан кейин 1927 йилгача шаҳардаги "Маҳкамайи шаръия" идорасида ва турли масжидларда имом-хатиб вазифасида ишлади. 1933 йилда у яна сиёсий шубҳа остида Қозоғистонда қамоққа олинди. Беш ярим ой тергов қийноқлари, қамоқ азобларидан қутулиб, она шаҳри Тошкентга қайтди. Бу вақтда энди у етмишга етиб, куч-қувватдан қолган эди. Шунинг учун энди у давлат идораларидаги ишлардан узилиб, ўзининг Ширинқудуқ маҳалласидаги масжидда имом-хатиб бўлиб ишлаб юрди.
Аммо унинг бу фақирона ҳаёти ҳам кимларгадир ёқмай қолади. 1937 йили августи бошларида саксонга яқинлашиб, мункайиб қолган қария тўсатдан яна қамоққа олиниб, уйида тинтув ўтказилади. 1937 йил 9 августда ўша йиллари Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссари бўлиб ишлаган Леоновнинг имзоси билан ҳибсга олиш ҳақидаги қарор чиқарилади. Мазкур қарорда бу ҳақда бундай ёзилади: "1937 йил 6 август куни Тошкент шаҳрида, ЎзССР ички ишлар Халқ комиссарлиги давлат хавфсизлиги 4-бўлими оператив вакили, давлат хавфсизлиги хизмати лейтенанти Мусин Мулла Абдувоҳид қори Абдурауфқориевга оид материаллар билан танишганида аниқладики, Абдурауфқориев Абдувоҳид қори Тошкентда туғилган ва шу ерда яшайди. Ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан Тошкентнинг машҳур руҳонийи, у шаҳардаги "Ширинқудуқ" маҳалласидаги масжиднинг хатиб имомидир. "Шўрои исломия" ва "Маҳкамайи шаръия" каби инқилобга қарши ташкилотларнинг фаол аъзоси бўлганликда айбланади...

1927 йилда Абдувоҳид қори Абдурауфқориев Ҳиндистонда Англия ҳукумати ташаббуси билан ўтказилган бутундунё мусулмонлари конгрессида Туркистон мусулмонлари номидан вакил сифатида қатнашган. Конгрессдан қайтгач, атрофига инқилобга қарши реакцион руҳонийларни тўплаган ва турли диний йўллар билан ҳукуматнинг колхозлаштириш сиёсатига қарши тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бора бошлаган" (Архив КГБ при СМ УзССР, П-24082, дело в 6 томах, том 4, стр 3). Шу қарордан сўнг эртасигаёқ Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлиги давлат хавфсизлик хизмати ходими Ялишев унинг уйида тинтув ўтказади, ўзини эса Тошкент қамоқхонасига олиб кетади. Орадан уч кун ўтгач (1937 йил 13 августда) Тошкент қамоқхонасида унинг қамоқ анкетаси тўлдирилиб, таржимаи ҳоли ва ижтимоий аҳволи, оила аъзолари ҳақида маълумотлар тўпланади. Тергов ишлари бошлаб юборилади. Дастлабки терговда 4-бўлимнинг оператив вакили, кичик лейтенант Мусинга ўзига қўйилаётган туҳматкорона айбларнинг асоссизлигини рад этувчи жавоблар бера бошлайди.
Терговда оғир жисмоний ва руҳий тазйиқ-қийноқлар остида уни "айб"ларини бўйнига олишга мажбур қилишади. Бунинг устига 1930 йилда қамалган ўғли шоир Боис Қориев (Олтой) ва 1937 йили қамалган яна бир ўғли Ўзбекистон санъат ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Босит Қориев ва бошқаларнинг ғам-ташвишлари кекса ота-нинг қамоқдаги аҳволини янада оғирлаштирди. Бунинг оқибатида у 1938 йил бошларида Тошкент қамоқхонасида вафот этди.
Абдувоҳид Абдурауф қори ўғли туҳматлардан ўлиб ҳам қутулмади. Унинг вафотидан кейин ҳам советларга қарши аксилин-қилобий миллатчилик ташкилотига аъзо бўлганини исботлаш учун қўшимча гувоҳларни чақириб, тергов қилиш давом этади. 1938 йил 31 мартда, Абдувоҳид қорининг қамоқдаги вафотидан икки ойча вақт ўтганидан сўнг "Дархон" маҳалла масжиди имоми Мулло Берди Алиевни терговчилар чақириб, Абдувоҳид қорининг айблари ҳақида кўргазма беришни талаб қила бошлашади. Аммо Мулла Берди Алиев терговчиларнинг саволларига рад жавоби беради.

Бугина эмас, ўша даврда Абдувоҳид қори билан ишлаган, ҳаммаслак бўлган ёки у билан алоқа қилган бошқа кўплаб уламолар ҳам "советларга қарши аллақандай миллатчилик ташкилотининг аъзолари" деган туҳмат билан қамалади, сургун ва қатағон қилинади.
Сталин вафотидан кейин бир неча йил ўтгач, 1957 йил 30 мартда Ўзбекистон ССР Прокуратурасининг тергов ишлари бўйича назорат бўлими 1937-1938 йилларда Абдурауфқориев Абдувоҳид қори ва у билан бир даврда сиёсий қатлиомга учраган бегуноҳ дин арбобларининг ишларини қайта кўриб чиқди. Ва уларнинг барчасини бегуноҳ бўлгани учун тамомила оқлаш ҳақида ажрим чиқарди.

Охири ҳақиқат қарор топди. Абдурауфқориев Абдувоҳид қори ва унинг маслакдошлари бўлган таниқли дин арбобларининг 30-йилларда совет тузуми томонидан бегуноҳ қатлиомга учрагани расман ажрим қилинди. Шу билан бирга, Абдувоҳид қорининг икки ўғли — шоир Олтой (Боис Қориев) ва санъатимиз арбобларидан бири Босит Қориев ҳам оқланди. Лекин уларнинг қамоқ ва сургундаги азоб-уқубатлари, уларнинг кейинги авлодлари тақдирига оғир таъсирлари-чи? Абдувоҳид қори Тошкент қамоқхонасида тергов қийноқларида ўлди. Шоир Олтой 30-йилларда қамалиб, қарийб йигирма беш йилдан сўнг оғир хасталик билан қайтди ҳамда бир неча йил тил ва адабиёт институтида ишлаб, вафот этди. Босит Қориев 1937 йилда қамалиб, 1938 йил 5 октябрда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқалар билан Тошкентда отиб ташланди. Абдувоҳид қорининг келини, ўзбек халқининг севимли артисти Маъсума Қориева эрининг ҳижрон доғи ва икки ўғлининг иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганини эшитгач, оғир хасталикка учраб вафот этди. Ўша йилларда бегуноҳ қатағонга учраган Абдувоҳид қори каби уламоларнинг советларнинг адолатсиз сиёсати остида чеккан азиятлари, фожиали қисматлари ёшларимизни мустақиллик қадрига етишга ўргатади.

Шерали ТУРДИЕВ,
филология фанлари

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика