Cаид Қосим Андижоний

Саид Қосим Андижоний 1885 йили Андижон шаҳри яқинидаги Бўтақора қишлоғида туғилган. Дастлаб қишлоқ мактабида савод чиқарган. Сўнгра Андижондага машҳур "Жомеъ" мадрасасида ўқиган. Мулла Холиқберди Охун домла, Юнус Охун домла каби таниқли мударрислар қўлида таҳсил олди. Сўнгра отаси уни олдин Хўжанд, кейин Тошкент ва Бухоро мадрасаларига ўкишга юборди. Мадрасани битирган йигирма олти яшар йигит 1911 йили Ҳиндистонга кетди ва Банорас шаҳрида қўшимча таҳсил олди.

Беш йил ўқиганидан сўнг 1916 йили яна Андижонга келиб, она қишлоғи Бўтақорадаги кичик мадрасада дарс бера бошлади. 1917 йилга воқеалардан сўнг халқнинг тинч ҳаёти бузилди, қишлоқлар вайрон бўлди, деҳқончилик издан чиқди, очарчилик бошланди. Буларни кузатиб юрган Мулла Саид Қосим бир қишлоқ зиёлиси сифатида Туркистон халқлари тақдири ҳақида қайғурди. Афсус, бу қайғуришлар самарасиз кетди, чунки зиёлилар яккаланиб қолишди, бирикишмади, бирлашишта имкон етишмади.
Ўтган аср йигирманчи йиллари бошида Саид Қосим яна Ҳиндистонга кетиб, у ерда илмий фаолиятини давом эттирди. Бомбай шаҳрида машҳур олим Мусо Жоруллоҳ билан танишди, у билан илмий ҳамкорлик қилди ва мунозаралар уюштирди. Айни чоқда у ерда кўпгина ватандош уламолар билан танишди. Бу мамлакатда миллий-озодлик ҳаракатлари бошланганидан сўнг Саид Қосим Андижоний Саудия Арабистонига кўчиб кетади.
Маккалик Муҳаммад Амин гувоҳлик беришича, ўшанда Саид Қосим Мадина шаҳрига келиб ўрнашган ва Маккада яшовчи эски қадрдони аллома Олтинхон Тўра билан борди-келди алоқалари ўрнатган. Оиласини ташлаб чиқишга мажбур бўлган Олтинхон тўра ўша йиллари ёлғиз яшаётган эди. Саид Қосим хотини, Фотимахон, Муҳаммадхон исмли фарзандлари билан Саудия Арабистонига кўчиб келишгач, қизи Фотимахонни Олтинхон тўрага никоҳдаб берди. Шу тариқа бу икки ватандош олим қайнота-куёв бўлиб қолишди. Саид Қосим Мадинада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) масжидларида талабаларга дарс берди, бошқа мактаб ва мадрасаларда машғулотлар олиб боради.

Тадқиқотчилар Саид Қосим домланинг кенг маълумотли, нуфузли олим бўлганини таъкидлайди. У диний билимлардан ташқари, тарих, жуғрофия, адабиёт фанларини, шунингдек, халқаро алоқаларни ҳам пухта билган.
Саид Қосим домла Мадинада қарийб чорак аср дарс беради, илмий асарлар ҳам ёзади. Араб мамлакатлари, Ҳиндистон, Туркия, Покистон олимлари билан алоқа ўрнатади, улар юборган китоблар билан муттасил танишиб боради.

Саид Қосим Андижоний 1972 йили саксон етти ёшида Мадинаи мунавварада вафот этади ва шу ердаги қабристонга дафн қилинади. 1997 йилги сафаримиз чоғида марҳум ватандошимиз ҳақидаги хотираларни тўплаш учун кўп кишиларни суҳбатга тортдик. Барча суҳбатдошлар Саид Қосимнинг улуғ олим бўлганини айтишди. Жанозаси ўқилган куни кўплаб шаҳарлардан ватандошлар Мадинага етиб келишган экан.
Олимнинг шогардлари айтишича, Саид Қосим Андижоний доимо юртимиз озодлигини ўйлаган, шу йўлда холис хизмат қилган. Аммо, тақдир экан, у киши эзгу мақсади — Ватан озодлигини кўролмай дунёдан кўз юмган.
Саид Қосим Андижонийдан қатор илмий асарлар мерос қолган. Афсус, уларнинг барчаси нашр этилмаган ва кўпи қўлёзма ҳолида қолиб кетган, айримлари ҳамон шогардлари қўлида сақланади. Маълум бўлишича, кейинга йилларда Саид Қосим асарларини Халқаро Ислом олами уюшмаси мутахассислари тўплашга киришишган. Ҳозирга-ча олимнинг факат "Вожиб вазифалар" номли асари Мадинада нашр қилингани маълум. Мадинада бўлганимизда ушбу асардан бир нусха кўчириб олдик.

Сафардан қайтгач, Андижоннинг Бўтақора қишлоғига бориб, Саид Қосим зурриёдларини изладик. Маълум бўлишича, олимнинг туғилган юртида Руқияхон исмли бир қизи гўдаклигидаёқ ёки она қорнидаёқ отадан ажралиб қолган экан. Кейинча уни Қўқонга узатишади. 1999 йили Қўқонга бориб, Руқия опани суриштирдик ва ҳовлисини топдик. Абдулмажид исмли ўғиллари билан танишдик. Аллоҳнинг иродаси: Руқияхон ая 1997 йили вафот этган экан. Ўғиллари — Саид Қосим Андижонийнинг набираси Абдулмажид билан узоқ суҳбатлашдик. Руқия ая ҳаёти ҳақида маълумотлар олдик ва Мадинада истиқомат қилиб ўтган олим бобоси ҳақида сўзлаб бердик.

Саид Қосим Андижоний меросини тўплаш ва ўрганиш ҳақида фикрлар билдирдик. Зеро, бу ватандошимиз ҳам ипи узилган марварид шодасидан атрофга сочилиб кетган гавҳар нураларидан биридир. Олимнинг ижодий мероси халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Сайфиддин ЖАЛИЛОВ,
профессор, Андижон шаҳри

back to top