Шайх Исмоил Махдум

Шайх Исмоил Махдум 1893 йил Наманган шаҳрида диний оилада таваллуд топдилар. Оталари Мулло Сотти Охунд Мулло Абдурозиқ Охунд ўғли ўз замонасининг машҳур уламоларидан бўлиб, Наманган шаҳрида узоқ йиллар Ҳазрати Ҳизр масжидида имомлик қилиб, масжид қошидаги мадрасада дарс ҳам берганлар. Оилада беш ўғил, уч қиз бўлиб, Исмоил Махдум иккинчи фарзанд эдилар. Акалари Иброҳим Махдум ва укалари Исҳоқ Махдумлар илм-соҳиблари бўлиш билан бирга мураттаб қорий сифатида Ўзбекистоннинг бир қанча масжидларида узоқ йиллар давомида имом-хатиблик вазифасида хизмат қилишган. Исмоил Махдум бошланғич маълумотни ўз оталари ва маҳаллий диний мактабда олдилар. Ўн уч ёшларида Намангондаги машхур Ғофир қори домлада Қуръони каримни тўла ҳатм қилиб, ёд олдилар ва кўзга кўринган ҳофизи Каломуллоҳлардан бўлдилар. Мулло Қирғиз мадрасасида таҳсил кўрган талабалар орасида ўзларининг зеҳн ва муҳофоза қувватлари билан ажралиб турар эдилар. Исмоил Махдум машҳур Собитхон Тўра ва бошқа устозларда тафсир, ҳадис, фиқҳ, сарфу наҳв ва балоғат фанларидан дарс олдилар.

1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил қилишда, масжидлар ва 1974 йилга қадар собиқ Шўролар иттифоқида ягона диний ўқув юрти бўлган Бухоро "Мир араб" мадрасасини очишда Исмоил Махдум фаол қатнашдилар. 1943 йилда диний идоранинг биринчи раислари муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчиликларидаги биринчи ҳаж сафарида иштирок қилдилар. Бу Шўролар даврида рухсат этилган илк ҳаж сафари эди. Шайх Исмоил Махдумни ҳаж сафаридан қайтганларидан кейин, Намангондаги "Шайх Эшон" масжидида минглаб мусулмонлар зўр ҳаяжон билан кутиб олишганининг шоҳиди бўлганман. Шу йилларда Исмоил Махдум Намангон шаҳридаги, «Шайх Эшон" масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб, 1952 йилдан бошлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида муҳтасиб, ундан сўнг Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида мудир бўлиб ишладилар. 1957 йилдан то ҳаётларининг охирига қадар идора раиси ноиби-қозий лавозимида хизмат қилдилар. Шу муддат давомида диний идора фаолиятининг барча соҳаларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келдилар. Исмоил Махдум Бухородаги "Мир Араб" мадрасаси, сўнгра 1974 йилда ташкил этилган Тошкентдаги "Имом Бухорий" номли олий мадрасадаги таълим-тарбия ишларига катта эътибор бериб, умрларининг охиригача мазкур олий мадрасада талабаларга тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа диний фанлардан дарс беришни тўхтатмадилар. У зотдан сабоқ олган кўплаб талабалар ҳозирги кунда Марказий Осиё жумҳуриятларида, Русиянинг Татаристон, Бошқирдистон ва бошқа минтақаларида, Озарбайжонда юқори диний лавозимларда ишлаб келмоқдалар. Умрларининг охиригача диний идора тақвими (календари)ни тузиб, уни нашр қилдириб турдилар.
Диний идора томонидан бир неча марта чоп этилган Қуръони карим нашрларини тайёрлашда Исмоил Махдум таҳрир ишларига бошчилик қилганлар. Муфтий ноиблари бўлмиш юқори лавозимда яшлаш даврларида чет мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатиш мақсадида Осиё, Африқо ва Оврўпо мамлакатларига қилинган амалий сафарлар ва расмий гуруҳлар таркибида иштирок эгиб, у ердаги йирик диний муассасалар раҳбарлари, давлат арбоблари, кўзга кўринган диний уламолар ва жамоат намаёндалари билан учрашиб, диний идора билан борди-келди ва мактублар алмашиш ишларига асос солинишига Исмоил Махдум катта ҳисса қўшдилар.
Шайх Исмоил Махдумнинг мусулмонлар ҳаётига оид диний долзарб масалаларни ҳал этиш ва фатволар ишлаб чиқишдаги хизматлари ҳам катта бўлган. Кўп масалаларни китоб кўрмай, ўз ўрнида ҳал қилиб берардилар. "Совет шарқи мусулмонлари" журналининг таъсис этилишида жонкуярлардан бири бўлиш билан бирга, журнал саҳифаларида у кишининг тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид мақолалари мунтазам босилиб турар эди. Шайх Исмоил Махдум олти марта ҳожиларга бош бўлиб, муборак ҳаж сафарини адо этган табаррук инсон эдилар.
Шайх Исмоил Махдум 1976 йил 22 январда Тошкентда вафот этдилар.
Жанозаларини Намангон шаҳридаги "Шайх Эшон" масжидида Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идорасининг раиси Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ўқидилар. Жумъа кунидаги ушбу жанозада ва дафн маросимида минглаб одамлар иштирок қилдилар. Ўнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятларидан ҳам кўплаб уломолар ҳозир бўлган эдилар.
Ўзбекистонимиз истиқлолга эришиб, мустақиллик туфайли диёримиздан етишиб чиққан машҳур фидоий инсонлар, шу жумладан дин арбоблари ҳам муносиб тақдирланмоқдалар. Намангон аҳли ва шаҳар ҳокимияти раҳбарияти томонидан шайх Исмоил Махдум хизматларини эътиборга олиниб, у киши туғилиб ўсган кўчага ва шу кўчадаги масжидга шайх Исмоил Махдум номлари берилди.
Шайх Исмоил Махдум нафақат диний арбоб, балки, араб, форс ва қадимги ўзбек тилларини мукаммал билган, араб, эрон ва Ўрта Осиё халқлари тарихи, маданияти ва адабиёти бўйича мутахассис эдилар. Булардан ташқари табобат, фалсафа, илми ҳайъат (астраномия)га оид манбаларнинг ҳам билимдони эдилар. Қадимий табобат усули асосида дори-дармон тайёрлаш, яъни табиблик ҳам у кишининг қўлидан келар эди. Исмоил Махдум Ўзбекистон ФА академиги И.М.Мўминов, шу академия Шарқшунослик институтининг машҳур олимлари, академиянинг мухбир аъзолари У. Каримов, П.Г.Булгаков, ТошДУ шарқ факультети доценти, "Араб тили дарслиги" (рус тилида) муаллифи, марҳум Б.З.Холидовлар билан яқин муносабатда бўлганлар. Мумиё ҳақидаги асар муаллифи М.Муминов ҳам Исмоил Махдумдан кўп маслаҳатлар олган. Мен ўзим ҳам у жаноб билан яқин мулоқатда бўлиб, Абу Мансур Саолибийнинг (961-1038) "Йатимат ад-даҳр" тазкирасини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилишда кўп маслаҳатларини олганман ва билим доиралари қанчалик кенглигининг шоҳиди бўлганман.
Шайх Исмоил Махдум ҳаётлари асосан дин қаттиқ таъқиб остига олинган, диндорлар қатағон ва қувғин қилинган Шўро тузими даврида ўтди. Лекин у кишининг номи дин йўлида жонбозлик кўрсатиб, ўз ҳаётини Ислом йўлига бағишлаган муфтийлар Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон каби зотлар қаторида зикр қилинишига сазовордир. Аллоҳ ул зотларни раҳмат қилган бўлсин.

* * *

70-йилларда Исмоил Махдум ҳазратлари мен ишлаб турган Шарқшунослик илмгоҳига келиб: "Исматуллоҳ, мен Тошкентда сақланаётган Усмон Қуръони ҳақида рисола ёзмоқчиман"-дедилар. "Тақсир, китобнику ёзасиз, уни қаерда чоп эттирасиз, бизда ҳеч ким чоп этмайди"-дедим. "Китоб тайёр бўлаверсин, у ёғи бир гап бўлар, ё араб ёки рус тилида чоп эттирсам керак" деган гапни айтдилар. Мен таниқли олим Ўзбекистон тарихини яхши билган Б.В.Луниннинг Усмон Қуръони ҳақидаги яхши илмий мақоласини ўқиб чиққан эдим (Б.В.Лунин. Средная Азия в дореволюционном и советском востоковедении. Издательство "Наука" УзССР, Ташкент-1965, 99-108 бетлар.) ва у Қуръон тарихидан хабарим бор эди.
Исмоил Махдум ота ҳазратларига шу мақолани ўқиб чиқишни маслаҳат бердим ва ўз кутубхонамдан Б.В.Лунин китобини олиб бердим. Беш-олти ойдан кейин қайтариб бердилар ва ундан истифода этганларини айтдилар. Исмоил Махдум ўз рисоладарида ҳамма фойдаланган адабиётларга ишора қилиб кетганлар, китоб охирида эса адабиётлар рўйхати берилган.
Б.В.Лунин мақоласида мазкур Усмон Қуръонининг Ўрта Осиёга келиб қолиш тарихи, уни рус шарқшунос олимлари А.Л.Кун (1840-1888) ва А.Ф.Шебунинлар томонидан илмий ўрганилиши, 1905 йили Петербургда факсимиле усулида чоп этилгани ҳақида муфассал тўхтаб ўтилган.
Шайх Исмоил Махдумнинг Усмон Қуръони рисолалари Тошкентда (197.1 (1390 ҳижрий йили ) нашр этилганига кўп вақт ўтганига қарамай, ўзбек китобхонлари бу асардан ҳамон бебаҳра эдилар. Ниҳоят Ўзбекистон мустақилликка эришиб, виждон ва дин эркинлиги берилди. "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" ҳафтаномасининг 1994 йил 25 ноябрь ва 9 декабрь сонларида Ҳабибулло Солиҳнинг "Мўътабар китобнинг қайтиши" номли мақоласи босилиб чиқди. Бу ўзбекча китобхонларини Усмон Қуръони билан таништириш йўлидаги ҳайрли иш бўлди. Лекин, мақола асосан Исмоил Махдум рисолаларидан таржима қилиб берилган бўлишига қарамай, ул ҳазратнинг китоблари ва номлари қайд этилмагани ачинарлидир.
Мана энди шайх Исмоил Махдум фарзандлари Абдуллоҳхон шарафли ва савобли ишга қўл уриб, мўътабар қиблагоҳларининг рисолаларини ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этишга жазм қилибдилар. Мен бу хайрли ишни табриклайман. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом "Кимки ўз отасининг яхши амалларини давом эттирса, унинг ярми савоби марҳум отага бориб етяди" деган эканлар. Махдум отамизнинг руҳлари шод бўлиб, фарзандлари соғ-саломат бўлишсин.

Ҳожи Исматуллоҳ АБДУЛЛОҲ мақоласи асосида тайёрланди

 

back to top