Доктор Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий (раҳимаҳуллоҳ)

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий (раҳимаҳуллоҳ)

Доктор Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий хазратлари 1929-йили Туркия ҳудудига кирувчи, Ироқнинг шимолий томонидаги Бутан (Ибн Умар) оролчасидаги Жилка қишлоғида дунёга келдилар.

Тўрт ёшга етганларида оталари мулла Рамазон билан биргаликда Дамашқга ҳижрат қилдилар. Академик лицейни Дамашқдаги Исломий йўналиш маъҳадида тамомладилар.
1953-йили Азҳар университетининг шариат факултетида ўқишни давом эттирдилар.
1955-йили бутун дунё дипломини қўлга киритдилар. Келгуси йилида Азҳар университетининг араб тили факултетида ўқишни давом эттирдилар. Ана шу йил ниҳоясида тарбия дипломини қўлга киритдилар.
1960-йили Дамашқдаги шариат факултетида профессор ассистенти бўлиб ишладилар.
1965-йили Азҳар университет тавсияси билан Ислом шариати усулидан докторлик дипломини қўлга киритдилар.
Мазкур йили Дамашқ университетида мударрис бўлиб таъйинландилар. Сўнгра вакил кейин проректор сўнгра Дамашқ университетининг ақийда ва дийн бўлимининг бошлиғи бўлиб таъйинландилар.
Бутун дунёда бўлиб ўтадиган йиғин ва конференцияларда ҳозирги вақтга қадар иштирок этадилар. Иорданиянинг Уммон шаҳридаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академиясининг аъзоси ва яна Оксфорд академиясининг олий мажлиси аъзосидирлар.
Араб, турк, курд тилларини яхши ва бироз инглиз тилини биладилар.
У кишининг шариат, одоб, фалсафа, жамиятшунослик ва цивилизация муаммолари хусусида қирқдан ортиқ таълиф этган китоблари мавжуд. Улардан «Кубро яқийниёт ал-кавния», «Фиқҳус-сийра ан-Набавийя», «Ҳазиҳи мушкилотуҳум» "Шарҳи ҳикамил атоийя" "Ҳаза Валидий" кабилар машҳурдир.
Дамашқ масжидларининг баъзисида кунлик ва ҳафталик ваъз ва иршод йиғинлари бор. У йиғинга минглаб йигит ва аёллар ҳозир бўлишади. Бундан ташқари газета ва журналларда Исломий мавзу ва янги муаммоларга жавоб бериб, мақолалар ёзиб турардилар.

Фитнанинг буюк қурбони

Замонамизнинг энг машҳур уламоларидан бири, соф Ислом таълимотини, Ислом маданияти ва соф исломий ақийдани тарғиб қилишда етакчилардан ҳисобланган олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий 2013 йил 21 март жума оқшомида масжидда маъруза қилаётган пайтида шаҳид бўлдилар. Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийни раҳмат айласин! Доктор, шайх, аллома, ҳаким, мураббий, муаллим, шаҳид Муҳаммад Саид Рамазон Бутийга нисбатан уюштирилган суиқасд ҳақидаги хабар бутун Ислом оламини ларзага солди. Бугунги мусулмонлар орасидаги гаплар ҳам фақат шу ҳақдадир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам айни муносабат билан видеотаъзиянома эълон қилиб, таниқли уламонинг ўлими муносабати билан Ислом олами ўз осмонидаги ёрқин бир юлдузни йўқотди деб айтдилар. Дарҳақиқат, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг ўлими барчамиз учун улкан йўқотишдир.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари Абул Ҳасан Надавий, Юсуф Қаразовий, Тақий Усмоний, Ваҳба Мустафо аз-Зуҳайлий, Муҳаммад Али Собуний каби замонамизнинг йирик уламоларидан бири эди. У Аҳли сунна дунёсининг йирик олими бўлиб, у зотнинг китобларини нафақат бутун Ислом аҳли, ҳатто барча фирқа ва оқим вакиллари ҳам ўқиб, тан берар эди.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари бизнинг ўлкаларда ҳам машҳур аллома эди. Унинг бир нечта китоблари ўзбек тилига таржима қилинган. Ислом.уз сайтида «Бемазҳаблик Ислом шариатига таҳдид солувчи хатарли бидъатдир», «Салафия» китоблари, Муслимаат.уз сайтида эса «Аллоҳга инонган қизларга», Сийрат.уз сайтида «Фиқҳус сийра» китоблари қўйилган. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг китобларини барча катта қизиқиш билан ўқир ва манфаат олар эди.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий Шом минтақасининг кўплаб аҳолисини ўз домига тортган мудҳиш урушнинг қурбони бўлди. Ачинарлиси шуки, ҳанузгача бу қурбонларнинг охири кўринмаётир.
Баъзилар бу қотилликка у зотнинг мамлакатдаги оғир вазиятда тутган йўллари сабаб бўлган, деган фикрларни айтишга уринмоқда. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари каби йирик уламолар бундай масъулиятли дамда қандай йўл тутишни ўз ижтиҳодлари асосида лозим кўрадилар. Аллоҳ таоло чексиз ҳиммат кўрсатиб, ижтиҳод хато бўлса, жидду жаҳд ва ҳақиқатни излаш нияти учун бир савоб, тўғри бўлса икки савоб беради. Бинобарин, бу масалада аниқ фикр айтишга ожизмиз. Қолаверса, шайх Бутий ҳазратларининг ким томонидан ўлдирилгани ҳали номаълум. Турли хил гуруҳ, оқим ва фирқалар бу мусибатдан ўзларига керакли манфаат олиш учун турли хил баёнотлар билан чиқишди. Лекин уларнинг бирортаси олимни биз ўлдирдик, дея олмади, аксинча, ҳамма бу ишда ўзига мухолиф бўлган тарафни айбламоқда. Ҳа, Ислом хизматида турган олимни ўлдиришдек доғни кўтаришга ҳеч ким журъат эта олмайди.
Шунинг ўзи ҳам шаҳидимиз Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг нақадар катта эътибор ва иззатдаги уламо эканидан, қотил тарафнинг ўзини яшириши ҳам Аллоҳ таоло бу олим бандасини нечоғлик улуғлаганидан дарак берса керак.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг илмий даражасини ҳамма тан олган эди. Бутий ҳазратлари Ислом ривожи учун Сурияда жуда кўп ишларни амалга оширган ва амалга ошириб келаётган эдилар. Жумладан, Сурияда жуда кўп Қуръон мактабларнинг очилишига улкан ҳисса қўшган эдилар. Сўнгги 30 йилдан буён ҳар ҳафта масжидда дарс бериб, маъруза қилар эдилар. Бу дарсларга минглаб одамлар тўпланар эди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила портлаш содир бўлган пайтда ҳам минбарда маъруза қилиб турган эдилар.

Куни кеча шайх Ҳабиб Али Жуфрий ҳайрат билан шайх Бутий ҳазратлари билан икки ҳафта аввал телефон орқали гаплашганини айтиб, у зотдан эшитган сўнгги гапларини интернетда маълум қилди:
«…Умримнинг саноқли кунлари қолди. Жаннатнинг ҳидини сезяпман. Биродарингни дуода унутма...»
Сийрат.уз сайти Усома Саййид Азҳарийнинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Бутий ҳазратлари масжидда Оли Имрон сурасининг «Албатта, куфр йўлини тутган кимсаларнинг молу дунёлари ҳам, бола-чақалари ҳам уларни Аллоҳ(нинг азоби)дан қутқара олмайди. Ана ўшаларнинг ўзлари дўзах(олови)нинг ўтинларидирлар» деган оятини тафсир қилиб турганларида шаҳид бўлдилар. Портлаш содир бўлганида, мусҳафни бағрларига босиб, маҳкам қучоқлаб олган эканлар. Вафотларидан сўнг таналарини қимирлатишганида, сажда қилган ҳолда тиз чўкиб йиқилдилар. Маълум вақтгача жуссаларини кўтара олишмади…»

«Олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир» дейди араблар. Зеро, олам бутун оламга илм, маърифат, зиё тарқатиб турувчи машъалдир. Бу машъалнинг сўниши билан бутун олам зулматда қолади. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларидек юксак мартабали алломанинг ҳалок бўлиши Ислом уммати учун улкан йўқотишдир. Бу барчамизнинг, бутун умматнинг умумий мусибатидир. Бутун дунё мусулмонлари Аллоҳдан у зот учун раҳмат ва мағфират сўраши, у кишининг Аллоҳ йўлидаги хизматлари учун муносиб ажру мукофотлар беришини тилаб дуо қилишлари лозим.

ИННА ЛИЛЛАҲИ ВА ИННА ИЛАЙҲИ РОЖИЪУН

Абу Муслим

back to top