Logo
Print this page

Фазилатли шайх Муҳаммад Али Собуний (ҳафизаҳуллоҳ)

Шайх Муҳаммад Али ибн Шайх Жамил Собуний хазратлари 1930-мелодий сана Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш шаҳри Ҳалабда, диндор, олим оиласида дунёга келдилар. Оталари ҳам Ҳалаб шаҳрининг буюк олимларидан эдилар.

Шайх хазратлари арабий илмлар, фароиз ва диний илмларни оталаридан таълим олдилар. Қуръони каримни эса мактабда ёд олишни бошлаб, санавий босқичда тўла ёд олиб битирдилар.
Шайх жанобларини ақлларини танишлари биланоқ Суриянинг катта олимларидан сабоқ олиб, илмга муҳаббат руҳида улғайдилар.

Энг кўзга кўринган устозларидан:

1) Фазилатли шайх Муҳаммад Нажиб Сирож
2) Фазилатли шайх Аҳмад аш-Шаммоъ
3) Фазилатли шайх Муҳаммад Саид Идлабий
4) Фазилатли шайх Роғиб ат-Таббох
5) Фазилатли шайх Муҳаммад Нажиб Хиёта (Қорилар шайхи)

Булардан ташқари баъзи устозларнинг масжиди ва уйига ҳам қатнаб, дарс олардилар.
Шайх Муҳаммад Али Собуний жаноблари тартибли дарсни ҳукумат мактабларидан бошладилар. Бошланғич мактабнинг дипломини қўлга киритгач, “Эъдодийя” босқичига, ундан кейин тижоратга ихтисослашган “Санавийя” босқичига ўқишга кирдилар. Мазкур босқичда бир йил ўқигач, у ерда судхўрликка йўналтирилган банк муомалаларини ўргатгани учун у ерни тарк қилиб, шаръий санавийя босқичига ўтдилар. У Ҳалаб шаҳридаги Хусравийя номли ўқиш даргоҳи эди. У ер маориф вазирлигига қарашли бўлиб, дарслар икки томонлама ўргатилар эди. Яъни шаръий илмлар ва кавний (коинотга тааллуқли) илмлар эди. Шаръий моддалардан тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фароиз ва бунга қўшимча ривишда химия, физика, алгебра, геометрия, тарих, география ва инглиз тиллари ҳам ўргатилар эди. 1949-йили мазкур шаръий санавий босқичини битирдилар.
Санавий босқични аъло баҳога битирганларидан кейин Сурия вақф вазирлиги ўз ҳисобидан Қоҳирадаги Азҳари шариф университетига ўқишга жўнатди.
1952-йили олий баҳолар билан шариат факултети дипломини қўлга киритдилар.
1954-йили мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Халқаро шаръий суд мутухассислиги” дипломини олий баҳолар билан қўлга киритдилар. Бу диплом ўша пайтлардаги энг олий диплом ҳисобланган. У ҳозирги пайтдаги докторлик дипломи билан баробар турган.
Мисрда ўқишни тамомлагач, ватанлари Сурияга қайтиб келдилар.
1955-йилдан 1962-йилгача саккиз йил мобайнида, Ҳалабдаги санавий мактабида “Исломий маданият” моддасидан дарс бердилар.
Шайх жанобларини Суриянинг таълим вазирлиги томонидан Саудия араб мамлакатига шартнома асосида Маакаи мукаррамадаги университетнинг тарбия, Исломий фанлар, шариат факултетига дарс бериш учун юборилди. Шайх жаноблари юборилганларга бошлиқ бўлиб бордилар. Ўша ерда 28 йилга яқин дарс бердилар. Бу узоқ муддатда қўлларидан университетнинг ҳозирдаги катта устозлари ҳам битириб чиқишди.
Бу кишидаги илмий баҳс ва таълиф этишга бўлган рағбатни кўрган “Уммул қуро” университети раҳбарлари баъзи Исломий қўлёзма китобларни тадқиқ этиш вазифасини юклади. Бутун дунёда якка бўлган, иккинчи нусхаси топилмайдиган ўта нодир қўлёзма, имом Абу Жаъфар Наҳҳос қаламига мансуб “Маъонил Қуръон” номли тафсирни мукаммал тарзда олти жузда тадқиқ қилдилар. У китоб Маккаи мукаррамадаги “Уммул қуро” университети номидан, мазкур университет қошидаги “Илмий баҳс маркази” ва “Исломий меросни тирилтириш” нашриётида чоп этилди.
Мударрислик вазифасидан кейин шайх жаноблари Бутун Ислом олами робитаси ташкилоти қошидаги «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар” ҳайъатида маслаҳатчи вазифасида ишладилар. Таълиф ва илмий баҳсни бошлашдан олдин бир неча йил ана шу вазифада қолдилар.

Илмий асарлари

Шаръий ва арабий илмларда бир қанча китоблар таълиф этганлар. Улар турк, инглиз, франсуз, малавий, ҳусавий ва бундан бошқа ислом оламидаги тилларга таржима қилинган. Ушбу китобларнинг баъзисини университетда дарс бериш мобайнида ва яна баъзисини дарсдан бўшаган пайтларида таълиф этдилар. Таълифдан ташқари яна бошқа фаолиятлари ҳам бордир.
Масалан: Маккаи мукаррамадаги масжидул ҳаромда кунлик дарс ва мавсумий фатво. Шунингдек Жидда шаҳридаги масжидларнинг бирида ҳафтада бир марта тафсирдан дарс. Ушбу дарс саккиз йилдан бери давом этиб, тахминан Қуръонни учдан икки қисми тамомланди. У дарслар кассеталарга ёзиб борилмоқда. Бундан ташқари шайх жаноблари телевизорда намойиш этилиши учун Қуръонни мукаммал ҳолда тафсир қилганлар. У дарс 600 сериялик барнома бўлиб, икки йил мобайнида, яъни 1419-ҳижрий, 1999-мелодий йили охирига етди.
Аллоҳ бу зотни ҳифзу-ҳимоясида сақласин.

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика