Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

Исломий даъват ишининг кўзга кўринган намоёндаларидан, тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган уламолардан, хусусан, улуғ муфассирлардан бири, Қуръони Каримнинг тўлиқ ҳолда оғзаки тарздаги илк тафсирининг соҳиби, уламоларга ва халққа Фахриддин ар-Розий, Табарий, Қуртубий, Ибн Касир ва бошқа муфассирларнинг илмларини енгил ва осон услубда тақдим этган ва ўтган асримизда яшаган забардаст олим Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳдир.

Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳижрий 1329 йил 15 Рабиул аввал, милодий 1911 йил 15 апрел куни Мисрнинг Дақаҳлийя музофотига қарашли Мит-Гамрнинг Дақадус қишлоғида таваллуд топди. 11 ёшида Қуръони Каримни ёд олди. 1922 йилда Ал-Азҳар универститетига қарашли Зақозиқ шаҳридаги бошланғич маъҳадга ўқишга кирди. Ёшлигиданоқ шеър, мақол ва ҳикматларни ёдлаш борасида иқтидорли эканини кўрсатди. 1923 йилда Ал-Азҳарнинг бошланғич шаҳодатномасига эга бўлди. Кейин Ал-Азҳар қошидаги ўрта мактабга ўқишга кирди. Бу пайтда унинг шеър ва адабиётга бўлган эътибори ва қизиқиши янада ортди. Бу соҳада тенгдошлари орасида ўзига хос ўрин тутди. Тенгдошлари ва шериклари уни “Талабалар иттифоқи”га раис этиб сайладилар. Кейин эса Зақозиқдаги “Адиблар уюшмаси”нинг раиси этиб сайланди. Ўша пайтда у киши билан бирга доктор Муҳаммад Абдул Мунъим Хафожий, шоир Тоҳир Абу Фошо, устоз Холид Муҳаммад Холид, доктор Аҳмад Ҳайкал, доктор Ҳасан Жод кабилар бор эди. Улар Шаъровийга ўзларининг ёзган асарларини кўрсатиб туришар ва унинг фикр-мулоҳазасини олишар эди. 
Шаъровийнинг отаси уни Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетига ўқишга киритишни хоҳлагани унинг ҳаётида катта воқеа бўлди. Шаъровийнинг ўзи акалари билан бирга қишлоқда қолиб, деҳқончилик қилишни хоҳларди. Лекин отаси уни Қоҳирага боришга ундаб, унинг сарф-харажатларига кўп пул бериб, яшаши учун жой ҳам ҳозирлаган эди. Шаъровий отасига бир шарт қўйди. Ушбу шартга кўра отаси унга илмнинг турли соҳаларига оид кўплаб китоблар, жумладан, адабиёт, тил, Улумул Қуръон, тафсир, Набавий ҳадисларга оид китоблар олиб бериши керак эди. У бу шарти билан отасини ожиз қолдиришни ва қишлоқда акалари билан деҳқончилик қилишга эришишни мақсад қилган эди. Токи ота бу китобларни олиб беролмасин ва унинг қишлоққа қайтишига рози бўлсин. Лекин отаси унинг бу ҳийласини сезди ва унга ўзи талаб қилган барча китобларни олиб берди ҳамда ўғлига: “Эй ўғилчам, сен бу китобларни ростдан олиб беришимни ўйламай шундай деганингни биламан. Лекин мен сени ушбу китоблар билан таъминлаш ва сен уларни ўқиб, илм олишинг учун китобларни сенга олиб беришни маъқул топдим” деди. Бу гапларни Шайх Шаъровий бир журналистга берган интервюсида айтган. 
Шундай қилиб Шайх Шаъровий 1937 йилда Араб тили куллиясига ўқишга кирди. Ўқишга киргач, у “Миллий ҳаракат” ва “Азҳар ҳаракати” каби уюшмаларда фаолият олиб борди. “Азҳар ҳаракати” фаоллари мисрликларнинг инглиз босқинчиларига қарши нафратини ифода этадиган турли мақола ва материалларни нашр эттириб, тарқатдилар. Шаъровий ўз шериклари билан Ал-Азҳарнинг майдонларида, айвонларида ва йўлакларида бир неча марта ҳибсга олинишига сабаб бўлган нутқларни қилди. У пайтларда, яъни 1934 йилда Шаъровий Талабалар уюшмасининг раиси эди. У 1940 йилда Ал-Азҳарни тамомлади. 1943 йилда унга мударрислик рухсатномаси билан бирга олимлик шаҳодатномаси берилди. 
Ал-Азҳарни битиргач, Тантадаги Диний маъҳадда мударрисликка тайинланди. Кейин Зақозиқдаги Диний маъҳадга кўчиб ўтди. Ундан сўнг Искандариядаги Диний маъҳадга ишга ўтди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, 1950 йилда Шайх Шаъровий Саудия Арабистонидаги “Подшоҳ Абдулазиз” университетида Шариъат куллиёти устози сифатида дарс бера бошлади. Шайх Шаъровий аслида тил бўйича мутахассис бўлишига қарамасдан, у ерда ақоид фанидан фарс беришига тўғри келди. Тилшунос олимга ақоид фанидан дарс бериш аслида жуда мушкул иш бўлса-да, Шайх Шаъровий бу мавзуда ҳам юксак даражада дарс бера олишини исботлади ва кўпчиликнинг таҳсину тақдирига сазовор бўлди. 
1963 йилда Миср президенти Жамол Абдулносир билан Саудия подшоҳлари ўртасида низо, хилоф чиқди. Шунинг учун президент Жамол Абдулносир Шайх Шаъровийни иккинчи марта Саудияга боришдан манъ қилди. Кейин Шаъровий Қоҳирадаги “Азҳари шариф Шайхи Ҳасан Маъмун” идорасига мудир этиб тайинланди. Кейин Ал-Азҳар делегациясининг раиси сифатида Жазоирга сафар қилди. Жазоирда тахминан етти йил турди. Шу етти йилда у ўша ерда мударрислик иши билан машғул бўлди. Кейин Қоҳирага қайтди ва бир муддат Ғарбия музофотининг Вақф ишлари мудири бўлди. Сўнгра “Даъват ва Фикр” уюшмасининг вакили бўлди. Ундан кейин Ал-Азҳар университетининг вакили бўлди. Сўнгра иккинчи марта Саудияга борди ва у ердаги “Подшоҳ Абдулазиз” университетида мударрислик қилди. 
1976 йилнинг ноябр ойида Бош вазир Мамдуҳ Солим Шаъровийни Вазирлар Маҳкамасининг аъзолигига танлади ва уни Миср Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазири этиб тайинлади. Шаъровий то 1978 йилгача ушбу вазифада хизмат қилди. Шайх Шаъровий вазирлик (Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазирлиги) қарори билан Мисрда илк исломий банк ташкил этган киши бўлди. Бу банкнинг номи “Файсал банки” эди. Ўзи бу иш Иқтисод ва Молия вазирининг вазифаси эди. Лекин бу ишни Шаъровий амалга оширди. Унинг бу қарорига Халқ Мажлиси ҳам рози бўлди. 1987 йилда у Араб тили академиясининг аъзоси бўлди. 
Қуйида Шайх Шаъровий хизмат қилган соҳалар ва у эгаллаган мансаблар билан танишамиз:

1. Танта, Искандария, Зақозиқ институтларида мударрис.
2. 1950 йилда Саудиядаги “Подшоҳ Абдулазиз” университетининг Шариат куллиясида мударрис.
3. 1960 йилда Танта институтининг вакили.
4. 1961 йилда Вақф вазирлиги қошидаги Исломий даъват уюшмасининг мудири.
5. 1962 йилда Азҳари Шарифдаги “Арабий илмлар” бўлимининг тафтишчиси.
6. 1964 йилда Буюк имом Азҳар Шайхи Ҳасан Маъмун идорасининг мудири.
7. 1966 йилда Ал-Азҳарнинг Жазоирдаги делегацияси раҳбари.
8. 1970 йилда Маккаи Мукаррамадаги “Подшоҳ Абдулазиз” университетининг устози.
9. 1972 йилда “Подшоҳ Абдулазиз” университетининг “Олий таълим” бўлимида раис.
10. 1976 йилда Миср Араб Республикасининг Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазири.
11. 1980 йилда Исломий тадқиқотлар академиясининг аъзоси.
12. 1987 йилда Араб тили академиясининг аъзоси.

Бундан ташқари унга Ал-Азҳар шайхлари раҳбарлиги ва бир қанча исломий давлатлардан турли мансаблар таклиф этилди. Лекин у бу таклифларни рад этиб, ўзини исломий даъват ишига бағишлашга қарор қилди. 
Шаъровий отасининг таклифи билан бир қизга уйланди ва мазкура аёлидан уч ўғил ва икки қиз кўрди. Ўғиллари: Самий, Абдурроҳим ва Аҳмад. Қизлари: Фотима ва Солиҳа. Шаъровий оилавий ҳаётнинг мустаҳкам бўлиши учун энг зарур омил эр-хотин бир-бирини тушуниб, бир-бирига муҳаббат қилиши деб билади.


Шаъровийга берилган мукофотлар


1. Шайх Шаъровийга 1976 йил 15 апрелда Вақф ва Ал-Азҳар ишлари вазири этиб тайинланишидан олдин нафақа ёшига етгани муносабати билан “Биринчи даражали алоҳида муваффақият ордени” берилди.
2. 1983 йилда “Биринчи даражали Республика ордени” ва 1988 йилда “Даъватчилар, ташвиқотчилар куни” муносабати билан орден топширилди.
3. Мансура ва Мануфия университетларининг адабиёт бўйича фахрий доктори унвони.
4. “Робитатул Оламил Исломий” ташкилоти ўзи ташкил этган “Ал-Иъжозул илмий фил Қуръанил карим вас суннатин набавийя” конференциясининг таъсис ҳайъати аъзолигига танлади ва унга конференцияга келувчи баҳсларни тўғирлаб туриш учун шаръий, илмий мутахассисликларда хизмат қилувчи ҳакамлар номзодини таклиф қилиш ишини топширди.
5. Дақаҳлия музофоти кўзга кўринган, илм-фан соҳасида фидокорона меҳнат қилган кишиларни тақдирлаш учун ҳар йили Маданий фестивал ўтказади. 1989 йилда мазкур фестивал Шайх Шаъровийнинг ислом даъвати соҳасида маҳаллий доирадаги ва давлат доирасидаги ўрнини ва хизматини тақдирлаб, рағбатлантирувчи ва катта миқдорда пул мукофоти тақдим этди ва уни “Маданий фестивал шахсиёти” деб эълон қилди. 
6. Қуръони каримга хизмат қилганларга бериладиган Дубай халқаро мукофоти 1998 йилдаги ўзининг биринчи сессиясида Шаъровийни “Йилнинг исломий шахсиёти” деб эътироф этди.


Шайх Шаъровийнинг асарлари

Шайх Шаъровийнинг бир қанча асарлари бўлиб, улар олимнинг мухлислари, шогирдлари томонидан тўплаб, нашрга тайёрланган. Мазкур асарлар орасида энг машҳури Қуръони Каримнинг тафсиридир. 
Қуйида Шаъровийнинг асарлари билан танишамиз:
1. “Ал-Исро вал Меърож”.
2. “Ал-Ислам вал фикрул муъосир”.
3. “Ал-Ислам вал маръа. Ақийда ва манҳаж”.
4. Ал-Инсанул камил Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.
5. “Ал-Аҳадийс ал-Қудсийя”.
6. “Ал-Адиллат ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”.
7. “Ал-Аят ал-кавнийя ва далалатуҳа ала вужудиллаҳи таъала”.
8. “Ал-Баъс вал Мийзан вал Жаза”.
9. “Ат-Тавба”.
10. “Ал-Жаннату ваъдас Сидқ”.
11. “Ал-Жиҳаду фил Ислам”.
12. “Ал-Ҳажжул акбар. Ҳикаму асрори ибадат”.
13. “Ал-Ҳажжул мабрур”.
14. “Ал-Ҳасад”.
15. “Ал-Ҳиснул ҳасийн”.
16. “Ал-Ҳаят вал мавт”.
17. “Ал-Хойр ваш шарр”.
18. “Ар-Ровий ҳуваш Шаъровий”. Муҳаммад Зойид.
19. “Ас-Сиҳр”.
20. “Ас-Сиҳр вал Ҳасад”.
21. “Ас-Сийрат ан-Набавийя”.
22. “Аш-Шаъровий байнас сиясати вад дийн”. Сано Саъийд.
23. “Аш-Шуро ват ташрийъу фил Ислам”.
24. “Аш-Шайх Шаъровий ва фатовол аср”. Маҳмуд Фавзий.
25. “Аш-Шайх Шаъровий ва қазоё исламийя ҳоира табҳасу ан ҳулул”. Маҳмуд Фавзий.
26. “Аш-Шайх Шаъровий ва ясъалунака анид дуня вал ахироҳ”. Маҳмуд Фавзий.
27. “Аш-Шайтон вал Инсан”.
28. “Ас-Солату ва арканул Ислам”.
29. “Ат-Торийқу илаллоҳ”.
30. “Аз-Зулм ваз золимун”.
31. “Ал-Ғорату алал ҳижаб”.
32. “Ал-Ғойб”.
33. “Ал-Фатово”.
34. “Ал-Фазийла вар разийла”.
35. “Ал-Фиқҳул исламий ал-муяссар ва адиллатуҳуш шаръийя”.
36. “Ал-Қазоу вал қадар”.
37. Аллоҳ ван нафсул башарийя.
38. “Ал-Маръоту фил Қуръанил карим”.
39. “Ал-Маръоту кама ародаҳаллоҳ”.
40. “Ал-Муъжизатул кубро”.
41. “Ал-Мунтахаб фий тафсийрил Қуръанил карим”.
42. “Ан-Насаиҳуз заҳабийя лил маръатил асрийя”.
43. “Ал-Васоё”.
44. “Инкаруш шафаъа”.
45. “Аҳкамус солат”.
46. “Асрору Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм”.
47. “Асмауллоҳ ал-ҳусна”.
48. “Асъилатун ҳарижатун ва ужубатун сарийҳатун”.
49. “Азваъу ҳавла исмиллаҳил аъзам”. Муҳаммад Саййид Абу Сабъ, Шаъровий.
50. “Анта тасъалу вал Исламу южийбу”.
51. “Байнал фазийла вар разийла”.
52. “Жомеъул баян фил ибадати вал аҳкам”.
53. “Ҳафаватул муслимийн би мийлади Хойрил Мурсалийн”.
54. “Хавотируш Шаъровий”.
55. “Хавотир Қуръанийя”.
56. “Адаватуш шайтон лил инсан”.
57. “Азабун нар ва аҳвалу явмил Қиямаҳ”.
58. “Ала маидатил фикрил Исламий”.
59. “Фиқҳул маръатил муслима”.
60. “Қисасул Анбия”.
61. “Қазоёл аср”.
62. “Лаббайкаллоҳумма лаббайка”.
63. “Миату суалин ва жаваб фил фиқҳил Исламий”. Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий. Абдулқодир Аҳмад Ато.
64. “Муъжизатул Қуръан”.
65. “Мин файзил Қуръан”.
66. “Назарот фил Қуръан”.
67. “Ниҳаятул олам”.
68. “Ҳаза дийнуна”.
69. “Ҳаза ҳувал Ислам”.
70. “Васоё ар-Росул”.
71. “Явмал Қиямаҳ”.
72. “Ақийдатул муслим”.


Шаъровийнинг шеъриятга муносабати

Шайх Шаъровий араб тилига ошиқ эди. У гапирганда услубдаги соддалик билан бирга сўзларининг балоғатли экани, таъбиридаги гўзаллик билан танилди. Шайх Шаъровийнинг шеърга қобилияти жуда зўр эди. У турли вазиятларда шеър орқали иборани чиройли баён қилиб берадиган даражадаги шоир эди. Хусусан, йигитлик чоғларида “Миллий ҳаракат” фаоли бўлган кезларида умматнинг орзу-умидларини шеър орқали жуда гўзал тарзда ифода қиларди. Яна Шайх Шаъровий шеърни Қуръони каримни тафсир қилиш, оятларнинг маъноларини тушунтириб бериш чоғида ишлатарди.

Қуръоннинг тафсири атрофидаги фикрлари

Шайх Шаъровий телевидение орқали Қуръоннинг тафсирини “Нурун ала нур” кўрсатувида 1980 йилдан олдинроқ бошлаган. Ўшанда бу иш тафсирнинг муқаддимаси билан бошланган эди. Кейин Фотиҳа сурасининг тафсирига киришди. Мана шу тарзда бошланган тафсир Мумтаҳана сурасининг охирлари ва Саф сурасининг бошларига етганда тўхтади. У Қуръонни тўла тафсир қилишдан олдин вафот этди. Аммо айтилишича, унинг Амма порасини тафсир қилганининг овозли ёзуви бор экан. 
Шайх Шаъровий тафсирдаги ўз услубини баён қилиб шундай дейди: “Қуръони Карим оятлари ҳақида билдирган фикрларим Қуръоннинг тафсири эканлигини англатмайди, балки, бу бир ёки бир неча оятлар хусусида мўминнинг қалбига келадиган соф фикрлар маҳсулидир. Агар Қуръонни тўла тафсир қилиш мумкин бўлганда, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уни тафсир қилишда одамларнинг энг авлоси бўлардилар. Чунки, Қуръон у зотга нозил бўлган, ўзлари ундан таъсирланганлар, уни етказганлар, уни ўргатганлар ва унга амал қилганлар. Қуръоннинг мўъжизалари ҳам у зотга зоҳир бўлган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга уларнинг ибодатдаги эҳтиёжлари миқдорича баён қилиб бериш билан кифояланганлар. Ўша баён қилиш “Қил!” ва “Қилма!” дейишдан иборат бўлган”.
Шайх Шаъровий Қуръонни тафсир қилиш учун ўтирса, унинг сўзлари оғзидан худди ипга тизилган марвариддек чиқар эди. У зот Қуръонни тафсир қилишда, худди ғаввос денгиз тубига тушиб марвариду маржон олиб чиққанидек, маъно ва фикрлар қаърига шўнғиб ғаввослик қиларди. Агар унинг ибораларини тингласангиз, унинг фикрлари қалбингизни забт этаётганини ҳис қиласиз. Одамлар унинг тафсир дарслари берилишини кутиб, интизор бўлардилар. Шайх Шаъровий умрини Қуръонга улфат бўлиб ўтказди. Қуръонни одамларга ўргатди, ўзи ҳам улардан ўрганди. У одамларга одоб ўргатар ва ўзи ҳам улар билан бирга одоб ўрганарди. У Қуръон ахлоқи билан хулқанган эди. У шуҳрати кенг ёйилган бўлишига қарамасдан ҳаётини камтар, мутавозеъ ҳолда ўтказди. Шайх Шаъровий одамларга тез улфат бўладиган, одамларнинг меҳру муҳаббатини тезда қозонадиган киши эди. Шайх Шаъровийнинг бойлиги, молу давлати кўп эди. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг йўлида кўп инфоқ қилувчи киши ҳам эди. Ҳатто бир сафар Азҳар қошидаги маъҳадларга миллион жунайҳ эҳсон қилган. 
Шайх Шаъровий Қуръонни тафсир қилишда бир қанча унсурларга суянган. Улардан энг муҳимлари қуйидагилар:

1. Қуръоний нассни тушуниш учун араб тилида эркин гапириш.
2. Қуръон фасоҳатини ва назмининг сирини кашф қилишга уриниш.
3. Ижтимоий ислоҳ.
4. Мусташриқларнинг шубҳаларини рад этиш.
5. Баъзида ҳаётда содир бўлган шахсий тажрибалардан зикр қилиш.
6. Чуқур маъно билан енгил маънонинг орасини бирлаштириш. Бу иш эса кенг тарқалган Миср лаҳжаси орқали бўлади.
7. Зарбул масал келтириш ва уни чиройли тасвирлаш.
8. Мавзуга алоқадор тарзда турли нарсаларни гапириш, мавзудан узоқлашмаган ҳолда четга чиқиш.
9. Нафсни поклаш.
10. Баҳс-мунозарали, мантиқий услуб.
11. Тафсирнинг охирги пораларини беморлик сабабли қисқароқ қилди. Токи Қуръон тафсири борасидаги ўйларини тўлиқ баён қилишга имкон бўлсин. Кейин яна дарсга қайтиб, қисқа қилгани учун экран орқали узр сўради ва Аллоҳга истиғфор айтди. Аллоҳнинг мадади ва ёрдами билан тафсирни охирига етказишга ҳаракат қилди. 
2003 йилда Ҳасан Юсуф ва Аффоф Шуайбнинг жасорати билан “Даъватчилар имоми” номли ҳужжатли фильм экранларга чиқарилди. Унда Шайх Шаъровийнинг ҳаёт йўли тўлалигича баён қилинди. Яъни туғилганидан бошлаб Қуръонни ёд олгани, истеъдодли бўлгани, диний маъҳадга киргани, у ерда тенгдошларидан устун бўлгани, кейин Азҳари шарифга киргани, Саудияга қилган сафари, кейин у ердан қайтиб, “Шайхул Азҳар” идорасига мудир бўлгани, Қуръонни тафсир қилиш орқали овози бутун оламга таралгани, кейин вақф ишлари вазири бўлгани ва ҳоказолар баён қилиниб, воқеалар улуғ олимнинг вафоти билан якун топади.    
Буюк олим Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳижрий 1419 йил 22 сафар, милодий 1998 йил 17 июн чоршанба тонгида 87 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди ва уни ўзи туғилган Дақадус қишлоғига дафн этилди. Уммат энг буюк олимларининг яна биридан айрилди. 
Аллоҳ таоло Шаъровийни раҳматига олган бўлсин. Қуръонга қилган хизмати учун, Исломга қилган хизмати учун, мусулмонларга қилган хизмати учун ажру мукофотини кўпайтириб берсин. Мусулмонлар орасидан яна шундай олимларни кўплаб чиқариб қўйсин.    

ar.wikipedia.org ва ashefaa.com сайти маълумотлари асосида 
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Юқорига