Булоқбоши қишлоғига ташриф

«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар» (Тавба сураси, 18-оят).

Ўтган ҳафтада фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ота юртларига, Андижон вилоятидаги Булоқбоши қишлоғидаги «Қирғизбой» жомеъ масжидига ташриф буюрдилар. 
Муҳаммад Юсуф ҳожи дада «Мана шу масжидимизда катта хонақоҳ бўлса, икки қаватли бўлиб, тепаси очиқ бўлса, у ердан Ширмонбулоқ кафтдек кўриниб турса, масжидимиз жуда чиройли бўлиб қолар эди», деб орзу қилар эканлар. Аллоҳ таолонинг марҳамати ўлароқ букун ўша орзулар ушалиб, рўёбга чиқди. Масжид хонақоҳи кенгайтирилиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва фойдаланишга топширилди.

 

Шайх ҳазратлари масжиддаги таъмир ишлари якунланиб, янги катта хонақоҳ очилиши муносабати билан масжид қавмини муборакбод этиб, табрик изҳор этдилар. Жумладан, шайх ҳазратлари бу қадимий масжиднинг неча йиллар давомида узлуксиз фаолият кўрсатиб келгани, пок ният, ихлос ила қилинган солиҳ амаллар натижаси ўлароқ тобора гавжум бўлиб, бугунги кунгидек кенгайиб, гўзал ҳолатга келгани, обод бўлгани ҳақида мамнуният билан гапирдилар: 
«Масжиднинг обод бўлиши икки хил бўлади. Моддий ободлиги деганда унинг қурилиши, таъмири, таъминоти ва шунга оид ишлар тушунилади. Бироқ, масжиднинг маънавий ободлиги ҳам борки, бунда ушбу масжидда ибодат қилиш, Қуръон ўқиш, Рамазонда хатми Қуръон қилиш, жумъа ва ийд намозларини адо этиш, дину диёнат борасида илм-маърифат ҳосил қилиш, иймонини зиёда қилиш назарда тутилади. Масжидларимизнинг мусулмон умматининг бирдамлигини сақлаш, жамиятда барқарорликни таъминлаш, халқнинг иймон-эътиқодини муҳофаза қилиш борасидаги хизмати беқиёсдир. Айниқса, динимизга, ақийдамизга, мазҳабимизга турли тажовузлар бўлиб турган бир пайтда масжидларнинг, имомларимизнинг масъулияти жуда каттадир. Афсуски, бу ҳолат тарихимизда аввал ҳам бўлган. Ислом сарҳадлари кенгайиб, миллати, эътиқоди турлича бўлган халқлар Исломга кириб келавергач, ақийда борасида тушунмовчиликлар, залолатга олиб борувчи қарашлар кўпайган. Ана шундай пайтда забардаст уламоларимиздан Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳи бутун Ислом уммати учун ҳидоят байроғи бўлдилар. У зот умматга Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини нақлий ва ақлий далиллар билан баён қилиб бериб, барча адашган фирқа, гуруҳ ва оқимларга муносиб раддия бердилар. Худди шунингдек, имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари каби мазҳаббоши уламоларимиз ҳам мусулмонларни Китоб ва Суннат атрофида бирлаштириб, Ислом умматининг бирлигини сақлаб қолишга улкан ҳисса қўшдилар. Муҳтарам китобхонларимизга тақдим қилинган ва қилинадиган «Мазҳабсизлик бидъатдир», «Мазҳаблар – бирлик рамзи», «Ҳидоят имоми», «Мўминнинг меърожи (мукаммал намоз китоби)» каби рисолаларимиз орқали бу мавзулар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари масжиднинг моддий ва маънавий ободлигига ҳисса қўшган барча-барча азизларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилиб, сўзларини якунладилар. 
Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров шайх ҳазратларига ташаккурлар айтиб, у кишининг, қиблагоҳлари ва волидаи муҳтарамаларининг ҳақларига кўпчилик номидан хайрли дуолар қилди. Шундан сўнг Абдулаҳад қори Шаҳрихоний ушбу қувончли воқеага бағишлаб ёзган шеърни ўқиб эшиттирди.
Қуръон тиловатидан сўнг масжид аҳли фотиҳага қўл очди, шайх ҳазратлари комил ва шомил дуолар қилдилар.

БУЛОҚБОШИЛИКЛАР БАХТИ

Булоқбоши халқи хизматда тун-кун,
Янги масжид қуриб, чеҳраси гулгун.

Жамланиб жамоат беш вақт намозда,
Ҳамду сано ўқиб ажру ниёзда.

Мустабид тузумнинг исканжасида,
Динсизлик, даҳрийлик алангасида.

Муҳаммад Юсуфдек фидойи имом
Даъвати дин бирла юрди субҳи шом.

Жумъа хутбасини ўқир чоғида,
Ўзларини кўрди жаннат боғида.

Борар жойин кўриб, хушҳол энгашди,
Валийлар руҳига руҳан эргашди.

Хатиб домла номи тилларда доим,
Руҳига эҳтиром дилларда қоим.

Жигарпораси ким Муҳаммад Содиқ,
Бухорийи соний, раҳматга лойиқ.

Қиблагоҳ сингари оддий, камтарин,
Дуогўй давомчи Муҳаммад Амин.

Назарларин топиб бўлди хўп мулло,
Шогирдлари қатори қори Лутфулло.

Чеҳраси мунаввар олий даражот,
Давралар гавҳари ул нуроний зот.

Оқ фотиҳа берди биз уч аҳбобга,
Абдулҳамид, мену Абдулманнофга.

Оммага офтобдек ёйиб маърифат,
Эзгу юмуш ила топдилар нусрат.

Тамоми жамоат, қавму қариндош,
Ихлосманд мухлислар бўлиб елкадош.

Хатиб домла руҳин шод этмоқ учун,
Масжид бино айлаб, таъзимда бу кун.

Ибодат, эътиқод, тавҳид муборак,
Муқаддас Байтуллоҳ – масжид муборак.

Раҳмат қилсин дея Холиқур Раҳмон,
Абдулаҳад ўқир ояти Қуръон.
Абдулаҳад қори Шаҳрихоний

back to top