Самарқандга ташриф

Самарқандга ташриф

Ўтган ҳафтада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари самарқандлик уламоларнинг таклифига биноан рўйи замин сайқали, кўхна ва навқирон Самарқанд шаҳрига ташриф буюрдилар. Шайх ҳазратлари мезбонлар билан биргаликда ҳидоят имоми, буюк аллома, имом Абу Мансур Мотуридий бобомизнинг мақбараларини зиёрат қилдилар. Зиёрат чоғида Қуръони Карим тиловат қилиниб, имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳақларига дуолар қилинди.

Шундан сўнг меҳмонлар «Тойлоқ ота» жомеъ масжидига ташриф буюриб, намозни адо этдилар. Шайх ҳазратлари масжид қавмининг, уни моддий ва маънавий обод қилган ва қилаётганларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар. Намоздан сўнг шайх ҳазратлари «Тойлоқ ота» жомеъ масжидининг имом-хатиби Файзуллохон Сайфуддиновнинг хонадонларида бўлиб ўтаётган никоҳ ва ақийқа тўйларига меҳмон бўлдилар. Шайх ҳазратлари шу муносабат билан якунланган хатми Қуръондан кейинги дуолардан сўнг хонадон эгаларини тўйлар билан муборакбод этиб, маъруза сўзладилар. Маъруза давомида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва шонли илмий фаолияти ҳақида сўзлаб, хусусан, у зот асос солган мотуридия ақийдавий мазҳабининг аҳамияти тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳнинг ақийдавий мазҳабига ва ҳанафий фиқҳий мазҳабига эътиборни кучайтиришимиз, бу каби улуғ уламоларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва мусулмонлар оммасига ўргатишнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, ушбу буюк зот ҳақида алоҳида бир рисола ёзилиб, нашрга тайёрланганлигини, тез кунларда  чоп бўлиб чиқишини айтдилар.
Марҳамат, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Самарқанд сафари ҳақидаги видеолавҳани томоша қилинг.

 

back to top