Кувайт сафари (2014, 19-27 май)

Дунё Исломий Хайрия Ҳайъати бошқарув кенгаши аъзоси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жорий йилнинг 19-27 май кунлари Кувайт давлатида сафарда бўлдилар. У киши Дунё Исломий Хайрия Ҳайъати бошқарув кенгашининг мажлисида иштирок этдилар.

Ҳар икки йилда бир марта чақириладиган бу кенгашда ташкилот ва унинг бўлимларининг икки йиллик фаолияти юзасидан ҳисоботлар тингланади ва келаси икки йиллик фаолият режаси тузилади. Мажлисда ҳайъат раиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг инсоний ёрдамлар бўйича махсус вакили ва Кувайт амирининг маслаҳатчиси доктор Абдуллоҳ Маътуқ жаноблари асосий маъруза қилдилар. Мажлис иштирокчилари турли масалалар бўйича ўз фикрларни айтдилар. Ҳисоботда айтилишича, Суриялик қочоқларга ёрдам учун 1 млрд долларга яқин маблағ сарфланган. Иордания ва Ливан давлатларида улар учун мингтадан уй-жойни ва барча керакли хизматларни бажарувчи муассасаларни ўзи ичига олган учта шаҳарча қурилган. Бу каби инсонпарварлик ёрдамлари жуда кўп уюштирилган.
Мазкур ҳайъат кўплаб етимлар, толиби илмлар ва устозларни ўз қарамоғига олиб, уларга ойлик маошлар бериб туради. Шунингдек, жойларда артезиан қудуқлар қазиш, масжидлар қуриш, камбағал оилаларга шароит яратиб бериш, турли вазиятларда қочоққа айланганларга керакли барча ёрдамларни беради. Дунё Исломий Хайрия Ҳайъати ёрдам кўрсатишда инсоннинг дини, миллати, танасининг ранги ва бошқа белгиларига қарамайди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мажлис ишларида фаол қатнашдилар, уламолар ва фаоллар билан фикр алмашдилар. Шунингдек, Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлигида бўлиб, у ердаги раҳбарлар билан музокаралар олиб бордилар.

back to top