“Тасаввуф инсонга омонлик ва диёрга барқарорликдир” (расмлар)

“Тасаввуф инсонга омонлик ва диёрга барқарорликдир” (расмлар)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жорий йилнинг 26 август кунидан Чеченистонда меҳмон бўлиб турибдилар. У киши бу ерга Чеченистон раҳбарияти таклифига биноан биринчи президент Аҳмад Ҳожи Қодиров хотирасига бағишлаб “Тасаввуф инсонга омонлик ва диёрга барқарорликдир” шиори остида ўтказилаётган халқаро илмий анжуманда иштирок этиш учун келганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 27 август куни пешин намозидан кейин Аргун шаҳрида янги Қуръон ёдлатиш мадрасасининг очилиш маросимида қатнашдилар. Мадраса Чеченистон раҳбари Рамазон Қодировнинг катта бувиси номида “Таборак” мадрасаси деб аталади. Унда юзта толиб дарс олади.

Ўқув юрти биноси замонавий бинокорликнинг сўнгги ютуқларидан фойдаланган ҳолда қурилган. Талаблар учун дарсхоналардан ташқари, ётоқхоналар, масжид, овқатхона, спорт билан шуғулланиш шароитлари ва бошқа керакли нарсалар мавжуд. Бинолар орасида қиш мавсумида юриш учун ер ости йўллари ҳам қилинган.

Маросимда Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров ва меҳмонларнинг вакиллари сўз сўзладилар. Ушбу бешинчи мадраса талабаларига тўртинчи мадраса талабалари Қуръони Карим совға қилдилар.

Ўша куни аср намозидан кейин Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида Кунта Ҳожи номидаги Россия Ислом Университетида бу ўқув даргоҳининг беш йиллик тўйи ва биринчи битирувчиларига шаҳодатнома топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров, чет эллик меҳмонлар, марказий ҳукуматнинг Москвадан келган вакиллари, жамоатчилик вакиллари ва бошқалар иштирок қилдилар.

Иштирокчиларга мазкур илм даргоҳи ҳақидаги ҳужжатли филм намойиш қилинди. Чеченистон раҳбари Рамазон Қодировга фахрий профессор унвони берилди. У киши ўн тўққиз битирувчига дипломлар топширди. Университет ректори Абдурраҳим Музишевга Аҳмад Қодиров номли орден топширди.

27 август куни шом намозидан кейин Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров қароргоҳидаги мажлислар саройида биринчи президент Аҳмад Ҳожи Қодиров хотирасига бағишлаб “Тасаввуф инсонга омонлик ва диёрга барқарорликдир” шиори остида ўтказилаётган халқаро илмий анжуман ўз ишини бошлади. Аввал Қуръони Карим тиловати бўлди. Кейин Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров сўз сўзлади. Сўнг Миср бош мутийси шайх Шукри Аллом, кавказ уламолари мажлиси раиси Хўжа Аҳмад Қодиров, Россия президенти ҳузуридаги ички сиёсат бўйича бошқарма раиси ўринбосари Файзуллин, Россия муфтийлар кенгаши раис ўринбосари Равшан Аббосов, Чеченистон муфтийси Салаҳ Меджиев ва Ал Азҳар вакили Усома Саййид Азҳарийлар сўзга чиқдилар. Сўнгра Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров анжуман иштирокчиларига зиёфат берди.

back to top