Эрон сафари

Эрондаги Қум шаҳрида жойлашган олий илмий маъҳад раҳбари Носир Макорим Шерозийнинг шахсан таклифига кўра фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари у ерда ўтказилган «Ислом уламоларининг экстремистик ва такфирий жараёнлар ҳақидаги қарашлари» номли халқаро анжуманида иштирок этиш учун ташриф буюрдилар.

Муҳташам имом Козим мадрасасининг мажлислар залида икки кун давомида бўлиб ўтган ушбу анжуманда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган уламолар бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган, нафақат Ислом олами, балки бутун дунёга таҳдид солаётган экстремизм ва такфирий жараёнлар борасида маърузалар қилдилар ва фикр алмашдилар.
Ташкилий қўмита номидан икки машҳур олим – анжуман раҳбари Носир Макорим Шерозий ҳамда илмий котиб Жаъфар Субҳоний Табризийларнинг «Такфирий ҳаракатларнинг Исломга, мусулмонларга ва бутун инсониятга таҳдиди муаммоси ҳамда уни бартараф этиш йўллари» деб номланган илмий маъруза қилишди. 
Маърузада, жумладан, шундай таъкидланади: «Такфирий  гуруҳлар Исломга, мусулмонларга  ва бутун инсониятга зарар етказишмоқда. Исломий давлатларнинг вазифалари ва масъулияти эса адашган ва гумроҳ бу гуруҳларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва ғайриинсоний тафаккурини муҳокама қилиб, уларнинг ақийдаларни тубдан нобуд этишдан иборатдир. Ислом – меҳр-муҳаббат, мурувват, меҳрибонлик динидир, бироқ такфирий, адашган ва гумроҳ гуруҳлар Исломни зўравонлик дини сифатида таништиришмоқда. Ваҳоланки, Исломнинг бундай жараёнларга ҳеч қандай алоқаси йўқ».
Бутун дунёдан ташриф буюрган уламолар ўз нутқларида ўз динининг арконларини билмайдиган ғофил кимсалар уларнинг жоҳиллигидан усталик билан фойдаланиб, мусулмонлар ўртасида радикал ғояларни илгари сураётган экстремистларнинг зарарли таъсирига энг мойил тоифа эканини таассуф билан эътироф қилиб, шу муносабат билан Ислом уламолари бутун умматни ҳамжиҳатликка, иғволарга учмасликка чақиришлари, ёшларга соф ақийда, асл эътиқодни ўргатишга интилишлари лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. 
Анжуман фаолияти унинг www.makhateraltakfir.com манзилида жойлашган расмий сайтида ёритиб турилди.  

back to top