НОМАЪЛУМ МАКТУБ

НОМАЪЛУМ МАКТУБ

НОМАЪЛУМ МАКТУБ

 

Мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга

Ўлмас ғояларнинг уруғларини!

Шавкат РАҲМОН

 

Газетада ижод қилган кезларим иложи борича маърифий мавзуларда қалам юргизишга ҳаракат қилардим. Негадир бошқа мавзуларга ҳеч “илҳомим” келмасди. Ҳатто саёз, олди-қочди мақола муаллифларининг “люкс” ҳаётлари, уларга бўлаётган қарсакбозликлар ҳам мени ўз услубимдан чалғитолмади. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳнинг хоҳишига кўра бўлганига комил ишончдаман. Яъни, кибрланиш ниятидан йироқман.

Сариқ матбуотда “бестселлер” дея эътироф этилаётган “асар”лар, бир-биридан тутуриқсиз ҳикоя, мақолаларга кўзим тушса, “Наҳот одамлар шуларни ўқишга кетган вақтига, сарфлаган пулига ачинмайдилар?” дея ўйлар эдим. Ва афсуски, айнан шундай олди-қочдиларга талаб катта эканини ҳам яхши билардим, билганим сайин ўкинардим.

Кутилмаганда қўлимга бир китоб тушиб қолди. Романда тўла исломий ҳаёт бутун гўзаллиги билан тасвирлангани мени мафтун этди. Ўзимга манзур бўлган “дурдона”ни мухлисларимга ҳам илингим келди. Эзгу ниятда роман таржимасига қўл урдим. Малолланмасдан, ҳатто завқ-шавқ билан тилимизга ўгираркан, гоҳо тонг оқариб қолганини ҳам сезмай қолардим.

Уни газетада сонма-сон бера бошладик. Қўнғироқлар кўпайди: кимдир миннатдор, яна кимдир салбий фикрларини изҳор этишга тушди. Кунларнинг бирида мухлисимиздан навбатдаги қўнғироқ келди: “Таржимон билан гаплашмоқчиман”, дебди. 

Салом-аликдан сўнг: “Синглим, сизга зарилми? Шу ёзаётганларингизни ким ўқийди? Ўқигани билан уқади, деб ўйлайсизми? Ҳозир маънавий-маърифий мавзулар анча эскирди. Биз ўқирмиз, лекин ёшлар ўқимайди. Уларни янгича услубли асарлар кўпроқ қизиқтиради. Шахсан ўзим қарши эмасман, лекин сизга ачиняпман. Шунча яхши гапларни ёзганингиз билан ўқийдиган, амал қиладиган одамлар жуда кам, деярли йўқ!” деди газетхон.

Унга жавобан нималардир дедим. Лекин эсимда қолгани шу, холос: “Газетамиз ўн минг хонадонга кириб бораётган бўлса, шундан фақат мингтаси ҳақиқий мухлисларимиз, дейлик. Шу мингта инсондан биттагинасини мен ёзаётган мавзу қизиқтиролса, ўқиганини ҳаётига татбиқ қилолса, демак, мақсадимга етибман...”

Салкам ўн йил ортда қолиб кетган бу воқеани аллақачонлар унутиб юборган эдим.

Яқинда почтамга бир хат келибди. Кимдан эканига қизиқдим – Шайх Ҳазратларидек буюк Устозларга шогирд тушган, кўпчилик илм аҳли ҳурмат қиладиган, олимлик даражасига етган, бугун талабаларига устозлик қилаётган йигитнинг исмини ўқиб, ҳайратим ортди.

Мактубдан парчани айнан келтираман:

“...Талабалик йилларим сизнинг таржимангизни ўқиш учун тушлик қилмасдан, унинг пулига ҳар ҳафта газета сотиб олар эдим...”

Мактубни ўқияпман-у, кўз олдимдан ортда қолган йиллар, хотиротлар манзараси бир-бир ўтмоқда... 

Муаллифига келсак, тиришқоқлиги, илмга бўлган муҳаббати сабаб Устозлар назарига тушиб, бугун юксак илм таҳсилига эришгани – Аллоҳнинг унга ёзган тақдири, берган инояти.

Менга таъсир қилган нарса шуки, минглаб сочилган эзгулик уруғининг ҳеч бўлмаганда биттагинаси униб, чечак очса, атрофга муаттар бўй таратса ва бу ифорий калит дилларда ирфон эшикларини очолса,  демак – меҳнатлар зое кетмабди!..

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ  

 

 

 

 

back to top