«Билимлар поезди» ғазолик болаларга китоб тарқатади

«Билимлар поезди» ғазолик болаларга китоб тарқатади

Ғазо сектори бўйлаб ажойиб поезд сафар қилиб юрибди. Поезднинг Фаластин байроқлари, рангбаранг пуфакчалар, гул ва суратлар билан безатилган вагонларнинг ёғоч ўриндиқларида ўнлаб болалар ўтириб олиб, маза қилиб китоб ўқишяпти.

Бу поезд Ғазо секторининг жанубий қисмидаги қишлоқларга илк бор келган бўлиб, ундан мақсад болаларни ўқишга, бадиий ва ижодий кўникмаларини ривожлантиришга ундашдир, деб ёзади Al Monitor.

Маданият ва эркин фикр уюшмаси билан боғлиқ «Шуруқ ва амал» Марказининг директори Халил Фарес шундай дейди:

«Билимлар поезди 15 март куни йўлга тушган бўлиб, бир ярим ой давомида қатнаб туради. Бу ташаббус 30 апрель куни тугайди. «Шуруқ ва амал» Маркази бу тадбирни ҳар йили ўтказиб келади. Биз болаларни китоб ўқишга жалб қилиш учун ноёб, ғайриоддий усулни излаганимизда айнан поезд ғояси туғилди. Болалар ҳақиқатдан ҳам унга жуда қизиқиб қолишди. Поезд ҳар куни 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган 200 та болага хизмат кўрсатади, уларни янги билимлар сари етаклайди, уларнинг хулқи, одобини яхшилашга, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади».

Поезднинг кутубхонасида болалар учун юзлаб китоб ва журналлар бор. Шунингдек, бу поездда турли адабий тадбирлар, масалан, фаластинлик машҳур ёзувчилар билан учрашувлар ўтказиб турилади.

Поезд барча хоҳловчиларни тўплаш учун турли мактабларга боради. Бунда имконияти чекланган болаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Фаластинлик болалар бу ажойиб поездда сайр қилишни жуда муштоқлик билан кутишяпти, чунки унинг кутубхонасидаги китоблар ҳамма мактабларда ҳам топилавермайди. Кўпгина ногирон болалар учун эса билимлар поезди дунёни таниш учун ягона имкониятдир.

 

Манба: Azan.kz

Юқорига