Келажакка назар: Сурия учун учта даҳшатли ва битта яхши оқибат

Келажакка назар: Сурия учун учта даҳшатли ва битта яхши оқибат

Инқилобнинг иккинчи йили бошланар экан уфқда учта эҳтимолий сценарий кўрина бошланди. Бироқ араблар айтмоқчи, “уларнинг энг ширини ҳам аччиқдир”. Ўтган йили мамлакат жанубида ислоҳотлар талаб қилинган Дароа шаҳрида бошланган тинч норозилик намойишлари туб ўзгаришларни талаб қила бошлаган халқ қўзғолонига айланди, кейин эса бутун мамлакат кўтарилиб режимнинг истеъфосини талаб қилди. Чорасиз қолган Сурия режими ҳар қандай муросани рад қилиб мамлакат бўйлаб кескин жазо чораларига тайёргарлик кўра бошлади.

Мувозанатдан умид оз. Саккиз мингга яқин суриялик ўлдирилди ва чорак миллион одам мамлакатдан қочишга мажбур бўлди. Сон-саноқсиз одамлар ҳибсга олинган ва қийноқларга солинмоқда. Мухолафат ўзини ҳимоя қилиш учун қуролланмоқда ва унинг минтақавий тарафдорлари Ғарб билан тил бириктирмоқда.
Сўнгги кунларда режим мухолафатнинг таянч нуқталари бўлган Хўмс ва Идлиб шаҳарларида бир неча тактик муваффақиятга эришди. Бу эса Башар Асад ва унинг ҳамтовоқларида ўзларига бўлган ишончнинг янада ортишига сабаб бўлди.
Ағдарилган бир қатор араб мамлакатларининг ҳукуматларидан Сурия режимининг стратегияси анча иш бермоқда.
У ислоҳотлар ҳақида гапиради ва Ғарб мамлакатларининг аралашувига баҳона қолдирмаслик учун ўзининг ҳаддан ошиқ куч ишлатишини (зулмини) яшириш сўзларни пухталик билан танлайди. Бироқ вақт Асаднинг фойдасига ишлаётгани йўқ ҳамда Сурия халқининг фойдасига ҳам эмас.
Режимнинг норозиликларни давомий бостиришига қарамасдан Сурия халқ мухолафатининг қуролланиши Асад тарафдорларининг ҳарбий ютуқларини  йўққа чиқармоқда. Афсус, агар ҳукумат тўғри хулосалар чиқара олмаса, яна минглаб одамлар ҳалок бўлади ва Сурия фуқаролар уруши гирдобида қолади. Агар 2011-йили ихтилофлар йили бўлган бўлса, янги 2012-йил ҳал этувчи йўл бўладиган кўринади. Халқ жазо чораларига зўр таассурот қолдирадиган даражада қарши турмоқда ва ўзини қайта ташкиллаштирмоқда.
Вақт ўз нафси учун халқини қурбон қилаётганларга эмас, балки халқ озодлиги учун фидо бўлаётганлар учун фойдасига ишламоқда.
Ҳозирча икки тараф ҳам ташқаридан ёрдам учун курашмоқда: Эрон, Россия ва Хитой бир тарафда, Араб давлатлари лигаси, Туркия ва Ғарб мамлакатлари бошқа тарафда.
Вақт – ортиқча ҳашамдир, Суриянинг эса унга имкони йўқ.

Жазоир йўли

Йигирма йил олдин Жазоирнинг дунёвий-ҳарбий режими сайловларда ғолиб бўлган мухолафатни кескин чоралар билан босишга муваффақ бўлган эди. (Франция буни очиқчасига, АҚШ эса яширин қўллаб-қувватлаган эди.) Ўн минглаб тинч аҳолининг ўлдирилиши ғарб сиёсий доираларида режимнинг терроризм ва экстремизм билан курашишга ҳаққи сифатида “оқланди”.
Асад режими эса Россия ва Хитойдан худди шунга ўхшаш кўмак кутиб, ўз ишини “охирига етказиб олиш”ни умид қилмоқда.
Унга кўра, БМТ Хавфсизлик кенгашидаги Москванинг ветоси Ўртаер денгизининг шарқий қирғоқларида ҳар қандай ғарбий-хорижий мамлакатларининг ҳарбий аралашувига монеъ бўладиган стратегик ветога айланади.
Асаднинг фикрича, Россиянинг қўллаб-қувватлаши худди французлар жазоирлик генералларга мухолафатни “тозалаш”га имкон берганидек, Сурия элита ва республика гвардиячилари инқилобни муваффақият билан бостиришга имкон беради.
Ҳозир, худди ўшанда бўлганидек, Ғарб, Россия ва Хитой пешволари орасида араб фуқароларининг ҳалок бўлиши бўйича сиёсий ёки “жараёнга боғлиқ зарарлар” борасида ихтилофлар мавжуд эмас. (Таъкидлаш жоизки, “жараёнга боғлиқ зарар” тушунчаси инглиз тилига Вьетнам уруши даврида кирган қабиҳ иборалардан биридир.)
1992 йилги Жазоир мухолафатидан фарқли равишда 2012 йилги Сурия қўзғолонини куч билан бостириб бўлмайди. Ҳозир замонлар ўзгарган.
Ўтган йили бутун минтақани қамраб олган инқилоблар Сурияда ўз авжига чиқди ва энди уни зўравонлик билан бостириб бўлмайди. Афсус, улар буни тушуниб етишларигача кеч бўлиши мумкин.

Либия йўли

Сурия мухолафатининг пешволари Сурияда зўравонликлар авж олган бир пайтда Форс кўрфази мамлакатларининг босими, Россия ва Хитой сиёсатчиларининг минтақага сафарлари ҳамда Ғарб давлатларининг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги ҳамкасбларига ўткизаётган босимларининг натижаси ўлароқ Сурия режими яккаланишга умид қилмоқдалар.
Сурия мухолафат пешволарининг аксарияти умид қилаётган нарса шуки, Москва ва Пекинга нисбатан ташланаётган сиёсий қадамлар оқибатда “Сурия халқи ҳимояга ҳақли” шиори остида ташқи ҳарбий аралашув масаласини халқ фойдасига ҳал қилади. Бундай аралашув Либияда бўлди ва амалиётлар учоқлар учиши маън қилинган ҳудудлар киритилишини ўз ичига олган.
НАТО аралашуви туфайли 25 мингдан 490 минггача либиялик ҳалок бўлган бўлса, Сурияда ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам баланд бўлиши керак. Бомбардимонлардан кейин режим ичидан ёриладими ёки қўрқиб кетадими, бирон нарса дейиш қийин. Бундан ташқари, Суриянинг ҳаво мудофаасини ишдан чиқариш ҳамда “ер-ҳаво” ва радар марказларини бомбардимон қилиниши Яқин Шарқда стратегик мувозанатни ўзгартириб юборади. Эрон бундан заифлашади, Исроил эса кучаяди.
Бу тахмин Америка ва Исроилнинг Асад режимига қарши фитнаси дея баҳо берилиб, минтақада жавобий реакция келтириб чиқариши мумкин. Бу эҳтимол НАТО Сурия ботқоғига киришни хоҳласигина рўй бериши мумкин. Аммо бунга шубҳа бор. Шунинг учун учинчи сценарий қолади.

Келажакка қайтиш: “Сербия даҳшати”

Асад режими Жазоир сценариясига ёпишиб олган бир пайтда, мухолафатнинг аксари Либия сценариясини танлаб турибди, минтақа ва Ғарб мамлакатлари эса Сербия/Косово сценариясини танлашлари мумкин.
1990 йиллар охирида Белградга қарши чиққан Косово мухолафати қуролланиб бўлган эди. 1998-1999 йилларда улар Серб ҳукуматига қарши курашганлар.
Инсонпарварлик (гуманитар) ва хавфсизлик ҳолати ёмонлашган сайин, Ғарб бошчилигида халқаро коалиция БМТ Хафсизлик кенгашининг резолюциясисиз ҳарбий аралашувни амалга оширди. Бундай резолюцияга Москва ҳойнаҳой вето қўйган бўлар эди.
Етмиш саккиз кун Америка бомбардимонидан сўнг НАТОнинг бевосита аралашуви ва мамлакатнинг бўлиниши рўй берди. Уларнинг айтишича, бу қарор қонуний бўлмасада аммо “ўринли” бўлган. Сурия ҳам шунга қараб кетаётганга ўхшайди.
Дамашқни изоляциялаш мақсадида дипломатик босим билан бирга мухолафатни молиялаштириш ва қуроллантиришга бўлган ҳаракатнинг ўсиши режимнинг заифлашувига ва обрўсизланишига олиб келиши мумкин.
Гуманитар вазиятнинг ёмонлашуви етарли баҳона сифатида қабул қилиниб, Сербия/Косовода ва ҳатто Боснияда бўлгани каби аянчли оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин: этник тозалашлар, халқ орасида дарз кетиши ва дин-эътиқодга кўра бўлинишлар.
Суриянинг собиқ Югославияга ўхшаб бўлиниб кетишига шубҳа бор, аммо бўлинган тақдирда бу воқеа ҳам даҳшатли бўлиши аён.

Асад ва ватанпарварлик имтиҳони

Ҳукуматнинг бирдамлиги ва мухолафатнинг тарқоқлиги боис бошқа араб инқилобларига қараганда Сурия инқилобига кўпроқ вақт керак бўлаяпти. Суриядек мамлакатда ёки умуман Шарқ мамлакатларининг аксарида режим биринчи бўлиб диний ва шахсий садоқат асосида шаклланади. Бироқ миллатчилик-дунёвийликни ҳам легитимлик манбааси сифатида эътибордан қочирмаслик керак.
Сўнгги қирқ йилдан кўпроқ давр ичида режим “лидер”, “оила”, “қабила”, “диний жамоа”, “режим”, “армия” ва “давлат” тушунчаларини бирлаштиришга уриниб келмоқда. Бу қатламларнинг барчаси Асад оиласи ва қабиласининг ҳукуматдаги мавқеини мустаҳкамлади. Бироқ булар жуда катта қатағон ва адолатсизликларга ҳам сабаб бўлди.
Умумий қабул қилинган фикрга қарши шуни таъкидлаш жиозки, ҳозирги режим остида яшаган суннийлар алавийлардан кам бўлмаганлар. Сурия алавийларининг кўпчилиги қашшоқ ва қолоқдир. Ҳозир мамлакат фуқаролар урушига ғарқ бўла бошлаган бир пайтда, содиқлик тарафини ўзгартириш керак бўлаяпти.
Лидер ўз қабиласи, диний жамоаси ва мамлакатини қурбон қилиш эвизига мансабига ёпишиб олмасдан, мамлакатни қутқариш учун ҳукуматдан воз кечиши керак ахир. Ватанини севишини, у учун жонини беришини ва ҳимоя қилишини кўп гапиради, аммо амалда эса минглаб ватандошларининг қони эвазига мансабидан воз кеча олмайди. Охир-оқибат, керакли вақтда умумий манфаат учун шахсий қурбонлик – ватанпарварлик синовидир.
Агар диктатор мансабидан воз кеча олмаса қабила, алавий озчилик ва ҳарбийлар келажакдаги бирлик, тинчлик ва мамлакатдаги адолат учун диктаторни қурбон қилиши керак. Булар буни ўзлари учун бўлса ҳам қилишлари керак.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top