Яна бир ўзбек фарзанди математика бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Яна бир ўзбек фарзанди математика бўйича жаҳон чемпиони бўлди

16 июль куни Малайзияда ментал арифметика бўйича Жаҳон кубоги бўлиб ўтди. Бу мусобақада бутун дунёдан келган 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган 600 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Бу йил бу мусобақага Ўзбекистон вакиллари ҳам биринчи марта қатнашишди. Бу халқаро мусобақада қатнашадиган юртдошларимиз 27 май куни ментал арифметика бўйича Ўзбекистон чемпионатида аниқланди. Унда 500 га яқин иштирокчи қатнашиб, шулардан 21 нафар ғолиб Малайзияда бўлиб ўтган Жаҳон кубогида иштирок этиш учун йўлланма олишган эди. Мана шу чемпионатда тошкентлик етти ёшлик Салоҳиддин Музаффар ўғли учинчи ўринни эгаллаган эди.

Жаҳон кубоги шартларига кўра, ёш математиклар беш дақиқада 70 та мисол ишлаши керак эди. Олти ёшлик Салоҳиддин бу мисолларни муддатидан аввал ечиб, биринчиликни қўлга киритди. Умумий натижаларга кўра, ўзбекистонлик иштирокчилардан икки нафари учинчи ўрин, бир нафари иккинчи ўрин, беш нафари эса биринчи ўринни эгаллади. Ўзбек фарзандларидан ўн уч нафари эса Жаҳон кубогининг олий грантига сазовор бўлди.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, иштирокчи давлатлар орасида энг кўп олий ўринни буюк аллома ал-Хоразмийнинг бугунги авлодлари – ўзбекистонлик ёш математикларимиз қўлга киритишди.

Суннатуллаев Салоҳиддин Музаффар ўғли ҳали мактабга бормаган, чунки у энди етти ёшга тўлди. У ҳозир пойтахтимиздаги «Aloha» ментал арифметика марказида ўқийди. Биз унинг отаси Музаффар ака билан суҳбатда Салоҳиддиннинг бундай ноёб, ҳали кўпчиликка таниш бўлмаган соҳада бу қадар юқори натижага эришганинг сабабларини сўрадик.

«Алҳамдулиллаҳ, уч ўғил, икки қизимиз бор. – дейди Музаффар ака. –  Салоҳиддин – тўртинчи фарзандимиз. Шукрки, ота-онамиз набиралик бўлишганда уларнинг ақийқа маросимига улуғ аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини таклиф этиб, у зотнинг дуоларини олишган. Жумладан, шайх ҳазратлари Салоҳиддиннинг ақийқасига ҳам ташриф буюрганлар, унинг танглайини кўтариб, хайр-баракот тилаб, ҳаққига дуолар қилган эдилар. Барча фарзандларимиз каби, Салоҳиддинни ҳам илм-маърифатга, билимга қизиқтирдик, ҳалол касб-ҳунар билан едириб-ичириб, тарбияладик. Бугун ана шу дуоларнинг ижобатига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ундаги илмга чанқоқликни кўриб, кўпчиликнинг маслаҳати ва тавсияси билан олти ёшида, шу йил январь ойида уни Алоха ментал арифметика марказига ўқишга олиб борган эдик. Салоҳиддин ўқишга жуда тез қизиқиб, дарсларга киришиб кетди. Лекин устозлари уни республика чемпионатида қатнашиш учун танлаб олишгани биз учун ҳам кутилмаган, ҳам жуда қувончли иш бўлди. Чемпионатда учинчи ўринни олганида қувончимиз ичимизга сиғмай кетди. Малайзияга ўзим бирга бориб, унинг биринчи ўринни олганига ўз кўзим билан гувоҳ бўлиб, Аллоҳ таолога шукрлар айтдим. Ўзбекистонлик фарзандларимизнинг ғалабасига қанчалик катта эътибор берилганини Ватанга қайтиб келганимизда, аэропортда кўриб, кўзим қувонч ёшларига тўлди. Фарзандларимиз буюк алломаларнинг изидан бораётгани, уларга муносиб авлод бўлаётганидан ниҳоятда хурсандмиз. Илмнинг шарафини қарангки, етти яшар ўғлим катта бир давлатнинг вакили сифатида Ватанини бутун дунёга яна бир марта танитди. Бутун дунё Хоразмийлар, Берунийлар юртидан яна ана шундай олимлар етишиб чиқаётганига гувоҳ бўлди».

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, яқиндагида Болгарияда бўлиб ўтган математика мусобақасида ўн бир ёшли ўзбек фарзанди Убай Яҳёев ғолиб бўлган эди, орадан кўп ўтмай, йигирмадан ортиқ ўзбек фарзандлари, улар қаторида етти ёшлик Салоҳиддин Суннатуллаев яна бир бор ғолиблик шоҳсупасини эгаллашди.

Фурсатдан фойдаланиб, Жаҳон кубоги чемпиони Салоҳиддин Суннатуллаевнинг ота-онасини ва устозларини, қолаверса, бутун ўзбек халқини илмий мусобақадаги улкан ғалаба билан муборакбод этамиз, чемпионимизга эса мустаҳкам соғлиқ, иймон-эътиқоду солиҳ амаллар тилаймиз, келгусида бундан ҳам юксак мартабаларга сазовор бўлишини, барча мўмин-мусулмонларнинг зурриётлари қаторида Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлашини  Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиб етишаётган ана шундай фарзандларимиз сафи ортаверсин!

 

 

back to top