Масжиудул-Ҳаромда бир кун

Жорий йилнинг сетябрида «Масжидул-Ҳаромда бир кун - уламолар ва ходимлар назарида» дея аталувчи 90 дақиқалик ҳужжатли фильм экранларга чиқарилади, дея хабар беради Arab News.

Фильм британиялик сценарийчи, продюсер ва режиссёр Аброр Ҳусайн томонидан суратга олинган.

Ўтган ҳафтада You Tube порталига жойлаштирилган расмий трейлерни шу кунгача жуда катта миқдордаги фойдаланувчилар кўришди.

“Медиалойиҳа мусулмон бўлмаган томошабинларни жалб этиш учун, Исломда Макка нақадар муҳимлигини кўрсатиш учун тайёрланган”, - дейди Ҳусайн. Унга кўра, фильм муаллифлари олдига ушбу ғояни иложи борича кўпроқ одамларга етказиш вазифаси қўйилган.

Фильм фестивалларда намойиш қилинганидан сўнг ТВ экранлари орқали кўрсатиш учун телекомпаниялар билан шартномалар тузиш режалаштирилмоқда.

Маккадаги Масжидул Ҳаром дунёдаги энг катта масжид саналади, унга Исломнинг асосий муқаддас иншооти – Каъба жойлашган. Масжидул-Ҳаром ҳақида олдин ҳам турли кинофильмлар суратга олинган, бироқ уларда масжид ҳаёти диндорлар ва ҳожилар назаридан туриб ҳикоя қилинади. Аброр Ҳусайннинг ҳужжатли кинотасмаси эса масжид кундалик ҳаёти ҳақида унда ишлайдиган ходимлар тилидан ҳикоя қилади.

Муаллифнинг айтишича, у масжид ҳаёти нечоғлиқ муваффақиятли ташкил этилгани, ундаги департаментлар иши нақадар уйғунлашгани ва ходимларининг фидоийлигини кўрсатмоқчи бўлган. Фильмни суратга олишда бир қатор қийинчиликлар юзага келган, негаки масжид ҳеч қачон номозхонлардан ҳоли қолмайди.

Фильм бюджети бир миллион саудия риалига етиб қолди (266 минг доллардан зиёд).

Фильмнинг Маккадаги премьераси сентябрда бўлиб ўтади, аммо релизнинг аниқ санаси ҳозирча эълон қилинмаган.

 

Мадина Муҳаммад таржимаси

back to top