Британияликлар: «Буюк Британия Фаластинни давлат сифатида тан олиши керак»

Британия жамиятида кўпчилик Буюк Британия Фаластинни тан олиши керак деб ҳисоблайди.

YouGov ўтказган сўров натижаларига кўра, 53 фоиз сўралганлар бу қадамни қўллаб-қувватлашини, 14 фоизи қаршилигини билдирди, 33 фоиз сўралганлар эса бетараф қолишди.
Фаластининг Буюк Британиядаги элчиси Мануэл Ҳасан жамоатчиликнинг бу масалага муносабати тобора ўзгариб бораётганини таъкидлади:
«Мен қарийб 11 йилдан бери бу ерда яшайман ва Британия жамоатчилигининг Фаластинга боғлиқ қарашлари кескин ўзгарганига гувоҳман. Фақат 14 фоизгина Фаластин давлатини тан олишга қаршилиги Фаластиннинг бутун дунёда алоҳида давлат сифатида қабул қилинишини билдиради», – деди у.
Сўровнома, шунингдек, Британия жамоатчилигининг Балфур Декларацияси (расмий хати)га муносабатини ҳам ўрганди. Маълумки, 1971 йил 2 ноябрь санаси билан эълон қилинган Буюк Британия ташқи ишлар вазири лорд Артур Балфурнинг Британия яҳудий жамоатчилиги вакили лорд Ротшильдга мактубида Яқин Шарқдаги маълуми бир ҳудуднинг яҳудийлар давлати учун ажратиб берилиши ҳақида ёзилган эди. Тарихчилар Фаластин-Исроил можаросининг ибтидосини айнан шу мактуб билан белгилайдилар ва бу йил ноябрь ойида ҳужжатнинг 100 йиллиги нишонланади. Маълумотларга кўра, 32 фоиз британияликлар ушбу мактуб билан фахрланишини, 27 фоизи бундан афсусланиш кераклигини билдирган, 41 фоиз эса бетараф қолган.

back to top