Эрдоган: «Исроил байроғи Барзанини қутқармайди»

Эрдоган: «Исроил байроғи Барзанини қутқармайди»

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 25 сентябрь куни Ироқ шимолида ўтказилган ғайриконституцион референдумни шарҳлади.

Yenicag.Ru нинг Анадолу агентлигига таяниб маълумот тарқатишича, Анқарадаги халқаро омбудсменлар анжуманида нутқ сўзлаган Эрдўғон Ироқ шимолини Косово билан қиёслаган. «Косованинг мустақиллигини 114 мамлакат тан олди, аммо шунга қарамай Косово жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми бўла олмади ва ҳамон қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Фақат Исроил тан оладиган Ироқ шимоли нимага ишоняпти унда?» – деди Эрдўғон.
Унинг сўзларига кўра, Ироқнинг Курд ҳудудий бошқармаси вакиллари сиёсатни ва давлатчилик асосларини тушунмайдилар.
«Улар шунчаки декларация орқали масалани ҳал қилиш мумкин деб ўйламоқдалар. Аммо бундай бўлмайди», – таъкидлади Эрдўғон.
Мамлакат раҳбари Туркия референдум борасида ўз ташвишини Ироқ Курдистони раҳбариятига етказганига қарамай, Эрбилда референдумни ўтказиш фикридан қайтишмади.
«Ироқ Конституцияси нуқтаи назаридан бу овоз бериш ҳуқуқий асосга эга эмас. Исроилдан ташқари ҳеч бир мамлакат ва халқаро ташкилот бу ташаббусни қўллаб-қувватламади», ֪– қайд этди Туркия президенти.
Унинг сўзларига кўра, шимолий Ироқ турли миллатлар ва элатлар яшайдиган макон, биргина миллат томонидан кўтарилган бу ташаббус эса тўқнашувлар ва янги балолар учун асос бўлади.
«Айтишларича, овоз берганларнинг 90-92 фоизи мустақилликни ёқлабди. Бу референдум бир тийинга қиммат нарса. Ким бу Курдистоннинг мустақиллигини тан олади? Фақат Исроилми? Аммо жаҳон ҳамжамияти Исроилдан анча катта», – деган Эрдўғон.
«Курд Ишчилар Партияси террористлари ҳали овозлар ҳисобланмай туриб байрамни бошлаб юборишганди, бу референдумнинг лигитимлиги ва шаффофлиги йўқлигини билдиради. Референдумга одамларнинг келиши ва тушунарсиз шароитларда ўтказилган овоз бериш натижалари ҳақидаги маълумотлар баҳслидир. Чунки бу ташаббуснинг ўзи ноқонуний эди», – таъкидлади Туркия президенти.
Президент Туркия Ироқ шимолига нисбатан санкциялар қўллашни бошлаши билан бу жараёнларнинг бари йўққа чиқишини айтди.
«Анқара нефт ўтказгични ёпиши билан ҳаммаси тугайди. Агар юк машиналари Туркия ва Ироқ чегараларини кесиб ўтолмаса, Курдистон маъмурий ҳудуди аҳолисининг ейишга ва кийишга ҳеч нарсаси қолмайди. Анқарани шу ишга мажбурлаяптилар. Хўш, ўшанда ким уларга ёрдам беради? Исроилми?», – деди Эрдўғон.
Туркия президенти Суриядаги аҳвол туфайли Туркия Ироқ масаласига етарлича эътибор бера олмайди деб ўйлаганлар адашганини айтди. Унутмаслик лозим, қийин пайтларда Анқара бир вақтнинг ўзида бир неча фронтларда жанг олиб борган.
«Туркия бугун ҳамма сценарийларни кўриб чиқмоқда: иқтисодий санкциялардан тортиб ҳарбий чораларгача. Ҳаво ва қуруқликдаги чегараларни ёпиш масалалари ҳам ўрганилмоқда. Умид қиламанки, иш бунгача бормайди, Курдистон маъмурий ҳудуди раҳбарлари яқин кунларда эсларини йиғиб оладилар ва бу найрангдан воз кечадилар», – деган Эрдўғон.
«Ироқнинг ва Суриянинг барча онгли аҳолисини бошқалар қўлида ўйинчоқ бўлмасликка ва ўзларидан фойдаланишларига йўл қўймасликка чақираман. Бугун сизни бошқараётганлар эртага бу ҳудудни тарк этадилар, бизнинг халқларимиз эса минг йиллардан бери ёнма-ён яшаб келмоқда. Бир лаҳзалик фойдани деб келажагингизни қурбон қилманг. Ироқ шимолидаги Исроил байроғи Курдистон ҳудудий маъмуриятини қутқариб қололмайди», – огоҳлантирди Туркия президенти.
Таъкидлаб ўтамиз, Халқаро омбудсменлар анжумани иштирокчилари адолатсизлик билан кураши, ноҳақ дунё тутумлари шароитида мазлумларга эш бўлгани учун Эрдўғонни тинчлик бўйича Нобель мукофотига тавсия этишга чақирганлар.

back to top