Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Мянмага қурол етказишни тақиқлашга чақирмоқдалар

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти Мянманинг Аракон штатидаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилган БМТ Хавфсизлик кенгаши (БМТ ХК)ни бу мамлакат ҳукумати учун қурол етказиб беришга эмбарго қўйишга чақирди.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши Мянмадаги Аракон штатида яшовчи мусулмонларга ҳужумларни бартараф этиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилиши, жумладан, Мянма ҳукуматига қурол сотишга эмбарго қўйиши керак”, – дейилади Amnesty International хабарида.
Хабарда Amnesty International нинг инқирозли вазиятларга муносабат билдириш департаменти бошлиғи Тиран Ҳасаннинг: “Мянма армияси этник тозалаш ўтказиш ҳамда мусулмон роҳинжаларни ўз уйидан мажбуран қувиб юбориш орқали инсониятга нисбатан жиноят содир этди”, – деган сўзларини келтиради.
Департамент бошлиғининг таъкидлашича, Аракон мусулмонлари аҳволини муҳокама қилар экан БМТ ХК, аввало, бу зиддиятни бартараф этишда қандай тарихий роль ўйнаши мумкинлиги ҳамда қайси томонни қўллаб-қувватлаши кераклиги ҳақидаги саволларни ўз олдига қўймоғи керак.
Аракон штатига ҳар қандай қурол-яроғ етказиб бериш иложи борича тезроқ тўхталиши керак, деди Ҳасан.
“Бу эмбарго ҳам бевосита, ҳам билвосита қурол етказиб беришга, шунингдек, Мянма ҳарбийларини тайёрлаш масалаларига нисбатан ҳам татбиқ этилмоғи лозим”, – деди ҳуқуқ ҳимояловчи ташкилот вакили.

back to top