Эрон-Туркия яқинлашуви Исроил нигоҳида

Исроил миллий хавфсизлик тадқиқоти институти (INSS) Туркиянинг халқаро муносабатларда кузатилаётган сўнгги хатти-ҳаракатларини Исроил манфаатларига зид деб баҳолади.

Яқинда институт томонидан ўтказилган тадқиқотда Туркия ва Эрон орасида кузатилаётган яқинлашув, шунингдек, Форс кўрфазидаги инқироз пайти Анқаранинг Қатарни қўллаб-қувватлагани, Туркиянинг Миср билан заиф муносабатлари ва Анқаранинг Қуддусдаги Ал-Ақсо жоме масжидига боғлиқ ҳодисаларда Исроилга қарши чиққани каби хавотир уйғотувчи масалалар кўриб чиқилган.
INSS шу йилнинг августида Эрон қуролли кучлари штаби бошлиғи генерал-майор Муҳаммад Ҳусайн Багарийнинг Анқарага ташрифини Эрон-Туркия алоқалари қалинлашаётганининг ёрқин мисоли сифатида келтиради. Бу 1979 йилги Эрон инқилобидан кейин Эрон амалдорининг Туркияга илк расмий ташрифи эди. Бундан ташқари, президентлар Руҳоний ва Эрдўғоннинг Астанадаги тинчлик музокаралари пайти бўлиб ўтган учрашуви ҳамда икки мамлакат ва Россия ўртасида имзоланган Суриянинг Идлиб провинциясида кўп томонлама деэскалация ҳақидаги битим, шунингдек, Туркия президентининг октябрга режалаштирилган Эронга расмий ташрифи Туркия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланаётганидан далолатдир.
Иқтисодий муносабатларга келсак, Туркия, Эрон ва Россия Эронда газ ва нефть геологоразведкаси бўйича уч томонлама келишувга эришдилар. Бу Анқара учун айниқса муҳим, чунки мамлакатда зарур энергетик ресурслар манбалари йўқ.
«Россия ва Эроннинг Башар Асад тузумини мустаҳкамлашдаги ва Сурия курдларини қўллашдаги ҳамкорлиги, шу туфайли Анқаранинг ғолиб Эрон-Россия коалицияси билан ҳисоблашишга мажбур бўлгани ва Сурия уруши пайти Туркия ўзи кўрган зарарларни камайтиришга уриниши бу яқинлашувга олиб келган энг муҳим омиллардир», – дейилади INSSнинрг Эрон масалалари бўйича мутахассиси Сима Шейн ва Туркия бўйича эксперти Галия Линдиштраус томонидан тайёрланган тадқиқотда.
Шунингдек, Россия ва Эрон Туркия томонидан етиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш учун бу ҳамкорликни кучайтираётган бўлишлари мумкин, Анқаранинг Сурия уруши пайти қуролланган мухолифатни қўллагани бунга далилдир.
Ҳозирги кунда Туркия бутун эътиборини курд масаласига қаратган, хусусан, Сурия шимолида мустақил курд жамоати яратилишига қаршилик қиляпти. Бу курдлар ва Қўшма Штатларнинг ИШИДга қарши курашдаги ҳамкорлиги муҳитида бўляпти.
Курд ҳудудий ҳукумати (КҲҲ)нинг мустақиллик ҳақидаги референдуми ўтказилган бир паллада Туркия ва Эрон манфаатлари яна бир умумий нуқтада кесишди. Эрон КҲҲнинг ажралиб чиқишига қарши жиддий чоралар кўришини айтиб огоҳлантирди. Туркия ҳам, Анқара билан Эрбил ўртасидаги мустаҳкам алоқаларга қарамай, қатъий чоралар кўришга мажбур бўляпти.
Умумий Эрон-Туркия манфаатлари доирасининг кенгайишига келсак, тадқиқотга кўра, бунга Қатар инқирози туртки бўлган. Туркия ва Эрон Қатарни қўллашди ва унга эмбарго оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришди. Анқара ўзининг Қатар билан иттифоқини сўнгги бир неча йиллар давомида кузатилган оз сонли мустаҳкам алоқалардан бири деб ҳисоблайди. Анқаранинг Қатарда ҳарбий база қуриш қарори бу икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамлиги исботидир.
Бундан ташқари, Туркия-Эрон яқинлашуви Туркия ва Россия ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиши билан параллел равишда кечди. Эрдўғоннинг Россиядан С-400 ракета тизимларини сотиб олиш ҳақидаги баёноти бунга далилдир, бу эса ўз навбатида Туркия ва АҚШ алоқаларининг сийраклашувига олиб келди. Ҳозирги кунда АҚШнинг Эронга нисбатан санкцияларини енгиб ўтишда Анқаранинг Теҳронга ёрдами масаласи очиқ қолмоқда.
Тадқиқотга кўра, Туркия ва Эроннинг ривожланаётган алоқалари Анқара ҳамда Тел-Авив ўртасидаги ўзаро келишмовчиликларни янада чуқурлаштиради. Шунингдек, Исроил ва Туркиянинг Фаластин бўйича қарашларидаги тафовут ҳамда Анқаранинг ХАМАС билан алоқалари мазкур муносабатларга янада салбий таъсир кўрсатяпти.
Тадқиқот сўнгида айтилишича, Исроил хавфсизлиги борасида кун тартибида турган қатор масалаларда Туркия ва Исроилнинг позициялари турличадир. Тўғри, сўнгги пайтларда Туркия ўз сиёсатини ўзгартирди ва бу ўзгаришлар Эрон манфаатларига буткул мос эмас. Лекин Туркия ва Исроил манфаатларига келсак, улар бир-бирига зид бўлиб турибди.

back to top