Нима учун Эфиопияда Ашуро куни сиртлонларга овқат бериш одати бор?

Шарқий Эфиопияда шундай шаҳар бор – Харар. Эфиопия – насроний мамлакат, аммо Харар истисно.

Асрлар давомида харар оралаб савдо карвонлари ўтган, улардан бири билан эса Араб ярим оролидан бир нечта сўфийлар келишган ва шу ерда яшаб қолишган. Вақт ўтиши билан Харар Араб дунёсида Авлиёлар шаҳри сифатида ном қозонди ва бугун сўфийларнинг издошлари томонидан Ислом оламидаги тўртинчи муқаддас шаҳар ҳисобланади.
Харар – ажойиб жой. Ичкарига кириб тор кўчалар ва турли гуллар билан безакланган деворларга эга лабиринтга тушиб қолгандек бўласиз. 2006 йилда Харар шаҳрининг 82 та масжидли тумани ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. 300 йилдан ортиқ вақт давомида мусулмон бўлмаганлар учун эски шаҳарга кириш ман этилганди, аммо энди бу ерга истаган одам кириши мумкин.
Харарда ўхшаши йўқ бир одат бор – Ашуро куни сиртлонларга ёғли бўтқа берилади! Ҳеч ким бу одат айнан қачон бошланганини билмайди. Ривоятларга кўра, бу ерларга қурғоқчилик келганда, табиатдан егулик топа олмаган сиртлонлар аҳолига ва унинг мол-ҳолига ҳужум қиладиган бўлиб қолди. Ўшанда шаҳар аҳолиси ўзлари сиртлонларни овқатлантиришга қарор қилдилар. Улар бу бўтқани пиширдилар ва у сиртлонларга жуда маъқул келди. Ўшандан бери ўтган кунлар хотираси ҳаққи Ашуро кунида бу ердаги сиртлонлар байрам муносабати билан бўтқа ейдилар.

back to top