Иордания қироличаси роҳинжа мусулмонлари лагерларига келди

Иордания қироличаси Рания Мянмада мусулмон озчиликнинг таъқиб этилишини қатъий қоралади ва ушбу мамлакатдан келган қочқинларга янада фаолроқ ёрдам беришга чақирди.

Иордания қиролининг рафиқаси Бангладешда жойлашган Кутупалонг қочқинлар лагерига борди ва Мянмадан келган қочқинларнинг машаққатларини ўз кўзи билан кўрди, деб хабар беради Rescue.org.
Қиролича Рания роҳинжаларнинг абгор аҳволини яхшилаш учун жаҳон ҳамжамиятини «самарали, тез ва сахийлик билан» ёрдам кўрсатишга чақирди ва «Мянмадаги миллий озчиликка нисбатан зўравонликнинг даҳшатли даражада кучайиб бориши»га нисбатан давлатларнинг жим қараб туришини қоралади.
«Бу ерга келишдан аввал оғир турмуш шароитини кўришга маънан тайёрланган эдим, аммо бугун эшитган воқеаларим қалбларни ларзага солади, – деди Рания. – Бугун лагер бўйлаб юрарканман, бу ерда яшаётганлар бошдан кечирган ақл бовар қилмас зўравонликларни эшитдим».
«Болалар етим қолган, аёллар зўрланган, оила аъзолари ўлдирилган, қишлоқлари кунпаякун қилинган. Бунга чидаб бўлмайди».

back to top