Сурия армияси ИШИДнинг НАТО қуроллари жойлашган катта омборини қўлга олди

Сурия армияси Россиянинг ВКС 14 кучлари ёрдамида ИШИД жангариларининг қурол ва ҳарбий техникаси турган энг катта омборини қўлга олди. Бу ҳақида ТАСС ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб хабар тарқатган. Арсенал Сурия шарқидаги Меядин шаҳридан топилган.

«Бу ерда қуроллар ва хорижда ишлаб чиқарилган турли алоқа воситалари жуда кўп», – дейди Сурия армиясининг шаҳарни озод этган бригада генерали Ҳасан Сухайл. Жангарилар арсеналларининг катта қисми НАТОнинг энг янги қуролларидан иборат, жумладан, гап АҚШ, Бельгия ва Буюк Британияда ишлаб чиқарилган қуроллар намуналари ҳақида кетмоқда. Генералнинг сўзларига кўра, Сурия ҳарбийлари бу қуролларни омбордан олиб чиқиб кетишлари учун камида олти кун керак бўлади.
ИШИД жангарилари Меядинни 2013 йилнинг июлида босиб олган эдилар. Вилоятнинг маъмурий маркази Дайр аз-Зордан 40 километр жануби-шарқда жойлашган шаҳар жангариларнинг пухта ташкиллаштирилган омборлар ва устахоналар тизимига эга логистика маркази эди.

back to top