Дубайдаги «ақлли» жўмраклар

Дубайдаги «ақлли» жўмраклар

Сарлавҳани ўқиб ҳайрон қолаётгандирсиз?! Бугун қанчадан-қанча сувлар исроф бўлиб кетаётган юртимизда бу тежамкор жўмракларга нақадар муҳтожлигимизга ушбу хабарни ўқиб амин бўласиз.

Яқинда ўйлаб топилган Дубай жўмраклари бир кишининг таҳорат қилиши учун сарф этиладиган 27.000 литр сувни тежашга ёрдам беради. Янги жўмрак қурилмалари Дубай масжидларининг сув истеъмолини 80 фоизга камайтиришга сабаб бўлади.
Дубай шаҳар ҳокимияти бош директори Ҳусайн Насер Литаҳнинг айтишича, бу ажойиб жўмраклар энг аввало масжидларга тўлиқ ўрнатиб чиқилади.
Маълум бўлишича, мусулмонлар таҳорат давомида оёқ кийимлари ва пайпоқларини ечишлари, бир-бирлари билан суҳбатга берилиб кетишлар ёки узоқ таҳорат олишлари мобайнида кўп миқдорда сув оқиб кетиб, билиб-билмай исрофгарчиликка йўл қўйилар экан.
Яна Литаҳнинг таъкидлашича, ҳар йили 35.000 литр сув бир кишининг таҳорат қилиши учун сарф қилинаркан. «Дубай жўмраклари» шарофати билан бу кўрсаткич 7614 литрга тушади. Яъни, амалдаги жўмраклардан дақиқасига 6,5 литр сув оқиши ўрнига янги кашф қилинган жўмраклардан дақиқасига 1,41 литр сув чиқади. Кўриниб турганидек, бунда анча сув тежамкорлигига эришилади. Бу ҳар йили киши бошига 27.486 литр сув иқтисод қилинади, деганидир.
Тежамкор жўмраклар намойиши ўтказилгач, уни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган хусусий компания билан ҳам шартнома имзоланди.
Амалий Барқарорлик ва Янгиланиб турувчи Энергетика бошқармаси бош директори Аҳмад Саид ал-Бадвана ва Ҳамад Раҳма ал-Шамсининг умумий савдо корпорацияси бош директори Мажид ал-Шамси билан имзолаган шартномага кўра компания маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда уни реклама қилиш, шунингдек, бозорга олиб кириш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олишни, ҳокимият эса бутун кўчмас мулк амалдорларининг ушбу ускунани, яъни жўмракни ишлатишларини йўлга қўйишни ташкиллаштиради.
Маҳсулотнинг ҳали нархи эълон қилинганича йўқ.
Лутаҳ бу шартнома борасида Дубай шаҳрининг тоза ҳаво сифатини яхшилаш, сув ресурсларини тежаш, сифатли ҳамда тоза энергия билан таъминлаш, БАА ва Дубай Стратегик Режалар-2021 дастурлари доирасидаги Дубайни энг инноватив, барқарор шаҳарга айлантириш мақсадидаги улкан ютуғи деб эътироф этди.

Таққосланг

Одатдаги таҳорат олинадиган жўмраклар:
Сув оқиши кўрсаткичи – 6,5 л/м (дақиқасига литрда)
Бир намоз учун киши бошига ишлатиладиган сув миқдори – 3 дақиқада 19,5 литр
Бир йилда киши бошига ишлатиладиган сув миқдори – 35.100 литр

Дубай жўмраклари:
Сув оқиши кўрсаткичи – 1,41 л/м (дақиқасига литрда)
Бир намоз учун киши бошига ишлатиладиган сув миқдори – 3 дақиқада 4,23 литр
Бир йилда киши бошига ишлатиладиган сув миқдори – 7614 литр

 

Раҳнамо Ҳасанова, мухбир
Оққа кўчирувчи Зуҳрахон Ҳамдамова

back to top