Судья масжидни таҳқирлаган одам ҳақида: аҳмоқларга ривожланган жамиятда ўрин йўқ

Британиянинг Ноттингэм шаҳрида шаҳар масжидини таҳқирлаган инсон ҳақида гапира туриб судья кескин иборалардан ўзини тия олмади.

Ислом маркази кузатув камералари 28 ёшли Жейми Муллинснинг қўлига бир банка пиво кўтариб олгани ҳолда масжид деворига чўчқа гўштини ишқалаётганини муҳрлаган. Кейинроқ шу тасвирлар орқали безорининг шахси аниқланган ва маҳкамага тортилган. Судья Пол Энсор воқеани «шармандалик» деб баҳолади ва Муллинснинг хулқи «ривожланган жамият учун умуман тўғри келмайдиган даражада аҳмоқона» эканини алоҳида таъкидлади.
«Сиз аҳмоқсиз, ўйлаб кўринг, алкогол одамни не аҳволларга солади?», – деди судья. Бу ҳақида IslamNews агентлиги хабар берди. Муллинс судда қилган иши учун узр сўради ва мусулмонларга нохушлик келтирганини тан олди. Масжид вакили Асиф Муҳаммад мусулмон жамоати безорига нисбатан нафрат туймаётганини ва уни хотиржам шароитда муаммоларни муҳокама қилиб низога чек қўйиш учун масжидга таклиф қилишини айтди.

back to top