Диний раҳнамолар Курдистон ва Ироқдаги инқироз ҳақида

Диний раҳнамолар Курдистон ва Ироқдаги инқироз ҳақида

Ироқ Курдистони атрофидаги вазият сўнгги вақтларда нафақат сиёсий, балки диний баҳсларнинг ҳам марказида туради.

Биз аввалроқ Боғдоднинг Эрбил билан зиддияти борасида Мисрнинг «Ал-Азҳар» ва Курдистоннинг Диний ишлар вазирлиги ўзаро зид нуқтаи назарлар соҳиби сифатида қаттиқ баҳслашиб келаётгани ҳақида ёзган эдик.
Куни кеча яна бир обрўли ислом уламолари ташкилоти – Бутунжаҳон мусулмон олимлари иттифоқи (БМОИ) ҳам ўз нуқтаи назарини баён этди. Унинг бош котиби шайх Али Қорадоғий Боғдод ҳукумати ва Курд мухторияти ҳарбий кучлари – пашмергалар ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни қоралаб, ҳаром деб баҳолади. Шайх Қорадоғий ҳар икки томондан ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб музокаралар бошлашни талаб қилди ва буни рад этганларни Қиёмат куни оғир жазо кутажагидан огоҳлантирди.
БМОИ раҳбари томонлардан бири ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишдан ва музокаралар бошлашдан бош тортса, иккинчи томон ҳимояланувчи ва одил уруш олиб борувчи ҳисобланишини айтди. «Музокараларни истамаган томон зўравонлик тарафдори саналади ва бу нариги томонга ҳимояланиш ҳуқуқини беради. Ҳимояланаётиб ҳалок бўлганлар эса шаҳид саналиб, Жаннатга тушади. Тажовузкорларнинг жойи эса дўзахдир», – деди шайх.

back to top