Мянмадаги вазиятни ёритаётган журналистларга катта хавф мавжуд

Мянмада Ракхайн штатидаги роҳинжалар тақдирини, мусулмонларнинг тазйиққа учраётганини ижтимоий тармоқларда ва ҳудудий ОАВда ёритиб келаётган журналистларнинг тақдири ҳақида хавотирли хабарлар келмоқда.

Бу ҳақида IslamNews хабар беради.
Ёш журналист фаоллар 2012 йилдан Ракхайнаги даҳшатли воқеалар, жумладан, ҳарбийлар томонидан содир этилган ўзбошимчалик ва зўравонликлар акс эттирилган фотосуратлар, видео ва аудиоёзувларни кўнгилли асосда Мянмадан жўнатиб туришган эди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг бонг уришича, сўнгги вақтда бу фаолларнинг кўпи ё ўлдирилган, ё армия томонидан ўғирлаб кетилган. Шу сабабли Ракхайндаги ҳодисалар ҳақида ахборотлар ва материаллар сезиларли даражада камайди.
Роҳинжа қочқинларидан бири, роҳинжалар ахборот портали The Stateless нинг муҳаррири Муҳаммад Рафиқнинг сўзларига кўра, ҳуқуқсиз мусулмонларга қарши тозалаш ишлари бошлангандан бери ташқи дунё билан ижтимоий тармоқлар ва мобил алоқа орқали мулоқот қилиб турган 95 фоиз волонтёр журналистлар дом-дараксиз йўқолган.
Маълум вақт Ракхайнда «мобил журналист» бўлиб ишлаган 25 ёшли Нур Ҳусайннинг гувоҳлик беришича, унинг фаолияти кўплаб хавфларга тўлиқ бўлган.
«Хавфсизлик хизмати ходимлари қўлида мобил телефони бўлган ҳар бир роҳинжа эркакни ўлдиришга тайёр турадилар», – дейди Нур. У ҳам шу йилнинг сентябрь ойида Мянмадан қочиб Бангладеш чегарасини кечиб ўтишга мажбур бўлди.

back to top