Човушўғли: Туркия Ислом дунёси яхлитлигига ўз ҳиссасини қўшмоқчи

Анқара барча Ислом давлатларини тенг кўради, зарур бўлганда уларнинг хатоларини кўрсатади.

Yenicag.Ru нинг «Анадолу»га таяниб маълум қилишича,бу ҳақида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли суданлик ҳамкасби Иброҳим Гандур билан Хартумда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжумани чоғи айтган.
Туркия давлати Туркия-Эрон-Қатар учбурчагига қайтдими деган саволга Човушўғли юқоридаги жавобни берган.
Унинг сўзларига кўра, айнан шу сабабли ҳам Туркия-Эрон-Қатар учбурчаги ҳақида гапириш хатодир.
Шу билан бирга, вазир Туркия Ислом ҳамкорлик ташкилотига раҳбарлик қилаётгани ва Ислом давлатларининг барини тенг кўришини таъкидлаб ўтди.
«Туркия Сурия ва Ироқдаги вазият туфайли Эронни ҳаммадан кўп танқид қилди. Айни пайтда, Туркия ва Судан орасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Наҳотки, бу Туркия-Судан ўқи мавжудлигини тасдиқласа? Шу сабабли сизларни бунга ўхшаш фитналарга восита бўлиб қолмасликка чақирамиз», – деди Човушўғли.
Вазир, шунингдек, Миср ОАВлари Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Суданга ташрифини аҳамиятсиз нарсадек кўрсатишга уринишларини изоҳлади.
Туркия Ислом дунёси яхлитлигига ўз ҳиссасини қўшишни истайди, деб таъкидлади вазир.
«Қуддус можароси биз ҳозир ҳамма замонлардагидан ҳам кўпроқ ҳамжиҳатликка муҳтожлигимизни кўрсатди. Анқара айрим давлатларга ўхшаб Ислом олами орасига нифоқ солишни ва унда бетартибликни юзага келтиришни истамайди», – таъкидлади Човушўғли.
Унинг сўзларига кўра, биродар Миср халқининг катта қисми Туркия президентининг Суданга ташрифидан қониқиш ҳосил қилган.

back to top