АҚШнинг Қуддус бўйича режасига қарши уч босқичли режа таклиф қилинди

Фаластин халқи сўнгги нафасгача қаршилик кўрсатишда давом этади.

Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати собиқ раҳбари Холид Маршал АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш режасини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш учун уч босқичли режани таклиф этди.
Биринчи навбатда, Вашингтонни бу қароридан воз кечишига қаратилган қадамларни ташлаш керак, деди Маршал Рабат шаҳридаги Марокашнинг Адолат ва тараққиёт партияси бош қароргоҳида.
“Иккинчидан, узоқ муддатли стратегия яратиш лозим, чунки араб ва мусулмон давлатларининг АҚШ президенти Дональд Трампга қаршилиги бир дақиқалик эҳтирос маҳсули бўлиб, яқинда йўққа чиқади. Айнан шу сабабли АҚШга нисбатан қатъий муносабат доимий характерга эга бўлмоғи лозим”, – деди Маршал.
Бундан ташқари, сиёсий бюронинг собиқ раҳбари Фаластинни қўллаб-қувватлаш ташаббусларини имкон қадар диверсификация қилишнинг аҳамиятини таъкидлади.
“Фаластин халқи сўнгги нафасгача курашни давом эттиради, чунки Қуддус унинг учун қизил чизиқдир”, – деди Маршал.
Ярим асрдан бери истилодаги Қуддус
Исроил ярим асрдан бери Қуддусни истило қилиб келади ва президент Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишидан сўнг бу истило янги босқичга кўтарилди.
Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йилнинг 5 июнида босиб олган. 1980 йили Кнессет Исроил Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб бир томонлама эълон қилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Бунга жавобан БМТ ХК 478-сонли резолюция қабул қилиб, унда Исроилнинг Шарқий Қуддусни аннексия қилишини қоралади.
Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусни Исроил истилоси остидаги ҳудуд деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, ҳозирча АҚШдан бошқа ҳеч бир давлат Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олмаган.
БМТ БА 21 декабрь куни шошилинч чақирилган мажлисида Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олинишига қарши 128 давлат овоз берди, 35 давлат бетараф қолди, 9 мамлакат америкаликларни қўллади.
Қуддус бўйича резолюцияга қарши АҚШ, Исроил, Гватемла, Гондурас, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, Палау, Того овоз берди.

back to top