Буюк Хитой деворига қарши

Хитой расман жаҳонда ҳажми бўйича иккинчи иқтисодиёт ҳисобланади, аммо унинг саноати АҚШга нисбатан анча кўпроқ мол ишлаб чиқаради. 2011 йили Хитой АҚШга қараганда етти баробар кўпроқ товар ишлаб чиқариб, жаҳон ишлаб чиқаришининг тенг ярмига етган ҳамда автомашина ишлаб чиқариши 2,5 марта ошган. Хусусий истеъмол ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Пекиннинг стратегик мақсади Шарқий Европа мамлакатларидаги “ўртача фаровонлик” миқдорига етишдир. Шундай қилиб, гап “нефрит миллиарди”нинг пайдо бўлиши ҳақида кетмоқда. Захира бобида “нефрит” миллиарди “олтин миллиарддан” қолишмайди. Ички бозорнинг ривожланиши Хитой иқтисодининг Европа ва АҚШга бўлган экспорт қарамлигини бир неча поғона пасайтиради.

Бироқ захиралар инқирозини ҳисобга оладиган бўлсак, “нефрит” ва “олтин” миллиардларнинг бир пайтда мавжуд бўлишлари мумкинми деган саволга фақатгина бир жавоб бор – мумкин эмас. Сурия инқирози бир-бирига қарама-қарши бўлган иккита ҳарбий блок шаклланишининг бир натижаси холос.

Хитой иқтисодиёти хомашё импортида қарамлиги аён. Масалан, нефт бобида Пекин АҚШдан ҳам кўпроқ, яъни 55.2 фоиз импорт қилади. Озиқ-овқат соҳасида ҳам тарангликлар мавжуд – маҳаллий аҳоли севиб истеъмол қилган ловиянинг 81 фоизи импорт қилинади. Хитой хомашё ва қишлоқ хўжалик моллари билан ўзини таъминлаш мақсадида Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёга кенг миқёсда иқтисодий экспансия уюштирди. Бироқ жаҳон даражасидаги захира тақчиллиги Хитой ва Ғарб давлатларининг қизиқишларини тўқнаштирди. Масалан, 2006 йили Нигерия ҳукумати фақатгина “ханлар” (хитойлар) учун ўз бозоридан барча халқаро нефт ширкатларини ҳайдаб чиқарди. Улар эса бундан ҳеч ҳам хурсанд бўлганлари йўқ албатта.

Натижада АҚШ ва Европа иттифоқи “янги мустамлакачилик”ка қарши салиб юришини бошладилар. Ғарбий ОАВлардаги қисқа “нафрат кўринишлари” (“Хитойнинг янгича мустамлакачилиги анъанавий ғарб мустамлакачилигига нисбатан қонхўрроқ ва хавфлироқ” каби даъволар) қисқа муддатда амалга айланди. Хитойнинг Судандан нефт экспорти жадал суръатда ўсиб борганини олайлик: Пекин 40 фоиз нефт қазиб чиқаришни назоратига олиши Хартумни аянчли оқибатга олиб келди.  Яъни 2007 йили АҚШнинг ҳарбий идораси Пентагон Африка бўйича бирлашган ҳарбий қўмондонлик (AFRICOM) ташкил қилди, 2011 йили эса Суданнинг нефтга бой жанубий қисми ғарбпараст ҳукумат билан мустақил давлатга айланиб қолди. Либия инқилоби ва Хитойнинг учинчи йирик нефт таъминотчиси Эрон атрофидаги инқирознинг келиб чиқиши ҳам тахминан шунга ўхшаш сабабларга эгадир.

Хитой учун вазиятни чигаллаштирган яна бир омил бор – унинг узанган соҳили деярли тўлалигича АҚШнинг иттифоқдошлари бўлган Япония, Жанубий Корея, Тайван ва Филипин ороллари томон юзланиб туради. Бошқа сўз билан айтганда Хитой ва хомашё ўртасида америкаликлар турибди. Генерал-майор Ло Юаннинг даъвосига кўра, мазкур “ороллар занжирининг биринчи ҳалқасида АҚШ тўртта иттифоқчига эга. Америка уларнинг ёрдами билан хитой аждарини очликка дучор қилиб, уни кучсиз чувалчангга айлантирмоқчи”.

Пекин ушбу вазиятга ўз муносабатини турли йўллар билан билдирмоқда. Биринчидан, Хитой Ҳаво кучлари ва ҳарбий флоти жуда тез суръатларда ўсиб бормоқда. Биринчи навбатда океан кемалари қурилмоқда. Жумладан кемаларга қарши ракеталар билан қуролланган сувости кемалар сони сўнгги 10 йил ичида тўрт баробарга кўпайди. 2020 йилгача Хитой айни пайтда эга бўлган авиаташувчи кемага (авианосец) қўшимча яна тўртта шундай кема қуришни режалаштирган. Йирик десант кемалари ҳам қурилмоқда.

Иккинчидан, Хитой  жаҳон океанига чиқиш учун Пекинга ён босаётган Покистон ва Пекиннинг орқа ҳовлисига айланиб қолган Бирма орқали алтернатив йўлларни изламоқда.

Учинчидан, Хитой Форс кўрфазигача чўзилган таянч пунктлар силсиласини шакллантирмоқда. Бирманинг Рамри оролида Ситуэ ва Кокпу дея номланган соҳил ҳарбий базалардан ташкил топган ҳайбатли тармоқ ишга туширилди. Ханги, Мергуи ва Задежиларда ҳам бошқа таянч пунктлари қурилмоқда. Коко оролида эса хитойликлар радар тизимини жойлаштирдилар. Бангладешда Читтагонг бандаргоҳи барпо қилинмоқда, Шри-Ланкада эса Хамбантота, Малдив оролларида Марао ҳарбий базаси ҳамда Форс кўрфазига кираверишда Покистоннинг Гвадар ва Пасни бандаргоҳлари мавжуддир. Бошқача сўз билан айтганда, Хитойнинг Ҳинд океанидаги таянч пунктлари катта таассурот яратмоқда. Бундан ташқари, Жанубий Хитой денгизида жойлашган ва денгиз йўлларига “тўсқинлик” қилаётган Спратли ороллари атрофида кўтарилган муаммоларни ўз фойдасига ҳал қилишга Пекин тобора кўпроқ ҳаракат қилмоқда. Масалан, ўтган йили бутун бошли можаро чиқиб, ҳарбий флотлар юзлашишлари ҳамда таҳдиду тортишувлар кўтарилган эди. Яна, хитойликлар Африка қитъасидаги Судан ва Нигерияда ҳам ўз базаларига эга бўлмоқчи.

Тўртинчидан, ер орқали захира етказиш усуллари ҳам “жонланмоқда”. Масалан, нефт ва газ қувурлари ҳамда Марказий Осиё давлатлари томон темир йўллар қурилмоқда.

Рақиб тарафидаги вазият эса юқоридаги кўринишларнинг айни аксидир. Шарқий Осиё АҚШ томонидан аниқ ҳарбий ҳаракатларнинг марказига айланди. Шунингдек, Америка ва Япония тинимсиз равишда ҳаво истихбороти (разведка) йиғмоқда: япон ҳаво кучлари йилига 500 марта, Америка эса 300 марта Хитой ҳудуди узра учиб ўтади. Бошқача айтганда, Хитой осмонида сокин уруш кетмоқда: 2001-йилдан буён хитойликлар Американинг 18та истихборот учоғини уриб туширганларини даъво қилдилар, америкаликлар эса фақат 9та учоқ йўқотганларини тан олдилар. Америка сув ости флотининг асосий қисми Тинч океанига кўчиб ўтди ва бу жараённинг ҳали биринчи босқичидир. Тинч океанининг ғарбида АҚШнинг қалъаси ҳисобланган Гуам базасини кенгайтириш учун 8 миллиард доллар ажратилган. Бу ерда гап Иккинчи жаҳон урушидан бери Тинч океанининг ғарбий қисмидаги йирик ҳарбий қурилиши ҳақида бормоқда. Шу билан бирга айнан нима қуриш кераклигини билиш даркор. Масалан, Гуамдаги Американинг энг йирик Андерсен ҳавобазаси ва унда жойлашган аслаҳалар каттагина уруш учун етарлидир.

Америка қўшинлари Филиппиннинг Субик-Бейига қайтмоқда ва Австралиянинг шимолидаги Дарвинга жойлашмоқда. Сингапур Чанги ҳарбий-денгиз базасидан фойдаланишга розилик берди. Айтиш жоизки, Сингапур Малакк бўғозини назорат қилади ва мазкур бўғоздан Хитой нефт импортининг 80 фоизи ўтади. Жанубий Кореянинг Чеджудо оролида ҳам америкаликлар учун база қурилмоқда. Аксил-ракета мудофаа тизимидаги радарлар Япониянинг Хонсюсига ҳам ўрнатилди. Ҳинд океанининг Диего-Гарсия оролларида ҳарбий базалар кенгайтирилмоқда ва Австралиянинг Кокос оролларида янги базалар қуриш режалаштирилмоқда. 2008 йили Америка қўшинлари бир қатор Pacific Vision штаб ўйинларини ўтказди. Ўйинлар чоғида Тинч океанида “деярли муносиб рақиб” (Хитойга нисбатан қўлланиладиган нозик атама) билан тўқнашув вариантлари устида иш олиб борилган эди.

Япония ва Австралиянинг ҳарбий соҳадаги ҳаракатлари ҳам ортиб бормоқда. Шундоқ ҳам катта таассурот қолдирадиган Япония флоти янада ўсишни режалаштирган: мавжуд 16 сувости кемаларининг сони 22-25тагача ва “Хюга” тикучар ташувчи (аслида учоқ ташувчи) кемалар сони эса тўрттагача кўпайтирилади. Япониянинг пиёда қўшинлари Россияга яқин Хоккайдодан жанубий ороллар томон кўчмоқдалар, “мудофаа кучларининг” янги танклари эса ҳажм жиҳатидан денгиз орқали бошқа ҳудудга жўнатилишга мўлжалланган кўринади.

Параллел равишда Хитойга қарши блоклар ҳам шаклланиб бормоқда. Масалан, АҚШ, Япония ва Ҳиндистон иттифоқини ташкил қилиш режалари бор. Обама маъмурияти қўшимча тарзда Австралия, Янги Зеландия ва Хитой билан  Спратлини бўлиша олмаган Бруней, Сингапур, Вйетнам ва Малайзиялар билан биргаликда Тинч океан ҳамкорлигини ташкил қилди.

Ҳиндларнинг АҚШ қучоғига қараб бориши Осиёнинг иккита гиганти ўртасидаги қарма-қаршиликнинг ўсиб боришидан дарак беради. Ҳиндистон Хитойнинг “сунъий йўлдошлари” ва таянч нуқталарининг қуршовида қолган бир пайтда Ҳимолой атрофидаги эски чегара можаролари кўпроқ аҳамият касб этмоқда: эълон қилинмасада, чегара тўқнашувлари бетўхтов юз бериб туради. Параллел тарзда ҳар иккала тараф ҳарбий базаларни қуриш ва қўшинларининг сонини кўпайтириш билан овора. Қолаверса Хитой ва Ҳиндистон Бирма гази учун бўлган курашда тўқнашдилар. Натижада Хитой флоти Ҳинд океанига ўрнашаётган бир пайтда Дели ва Вйетнам орасида кучайиб ҳарбий ҳамкорлик Ҳинд флоти Тинч океанига ўрнашаётганининг белгисидир. Хитой ва Ҳинд кемалари иштирокидаги биринчи можаро жанубий Хитой денгизида содир бўлиб ўтгани маълум.

Бундай келишмовчиликлар ғарбга қараб чўзилади: бир томондан иттифоқдошлик ришталари ила боғланган Покистон, Эрон ва Сурия орасидаги “кўприк” ва яна бир томондан Форс кўрфазининг Саудия Арабистони бошчилигидаги қиролликлари, Сурияга қарши бўлиб турган Туркия ва аксил-Эрон кайфиятдаги Исроил.

Бошқа сўз билан айтганда, тинч океанидан бошлаб Осиёнинг ўрта Ер денгизигача аста-секинлик билан иккита бир-бирига қарши иттифоқ шаклланиб келмоқда. Европаликлар “Янги Яқин Шарқда” фаол сиёсат олиб боришаётганини (масалан, франсуз учоқ ташувчиси Эронга қарши ҳаракатларда иштирок этган) ва Хитой қизиқишлари Атлантика океанига қадар (Африка дохил) узанганини эътиборга олсак, бу қарама-қаршилик оламшумул миқёс тусини олмақда. Моҳиятига кўра, бу жараёнлар собиқ Совет Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг қайта ишланган кўринишидир. Масала шундаки, уруш совуқ бўлиб қоладими ё йўқ?

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top