Австрия мусулмонлари ўз келажагидан хавотирда

Ҳар жума куни Австрия пойтахтидаги Шўро масжиди жума намозига йиғилган мусулмонларга тўлиб кетади.

Австрияда жами 300 масжид ва намозхоналар 700 000 мамлакатда яшовчи мусулмонга хизмат кўрсатиб келмоқда. Ислом Австрияда 1912 йилдан бери қонунан тан олинган, аммо шунга қарамай Австрия жамиятида исломофобия авж олмоқда.
Австрия масжиди минорасида азон айтилмайди, чунки мусулмонлар ўзларига ортиқча салбий эътибор тортишни истамайдилар. Лекин барибир Вена шаҳар кенгаши аъзоси, Шўро масжиди имоми Умар Ар-Равий мусумон давлатларидан келган қочқинларнинг аҳволидан хавотирда.
“Улар жамоат намозига келмаймиз, акс ҳолда бизни мутаассиб деб ўйлашади, ундан кўра бизнинг қочқин мақомимизни тан олгунларича уйда намоз ўқиб турамиз, демоқдалар”, – аниқлаштирди Ар-РАвий, деб хабар бермоқда NPR.
18 декабр куни иш бошлаган янги ҳукумат Австрия мусулмонларининг хавотирига сабаб бўлмоқда. Ундаги фракциялардан бири, ўнг радикаллар, очиқ исломофоб позицияни эгаллаб, жамиятда нифоқ ва қўрқувни кенг ёймоқчи.
“Улар одамларни қўрқитмоқдалар ва мусулмонларни бегоналардек қабул қилишга ундамоқдалар”, – дейди Австрия исломий ташкилоти вакили Карла Амина Багажатий.

back to top