Филиппин Исроилнинг орзуларини пучга чиқарди

Филиппин ташқи ишлар вазири Алан Питер Каетанонинг айтишича, мамлакат ҳукумати ўзининг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш масаласини умуман муҳокама қилмаяпти.

Бу билан у Исроил ОАВлари тарқатган Филиппин элчихонасини Қуддусга кўчирмоқчилиги ҳақидаги хабарни рад этди.
Исроил ОАВси пойтахтини Қуддусга кўчириш ниятида бўлган давлатлар қаторида Филиппиндан ташқари Руминия, Жанубий Суданни ҳам санаган эди, деб хабар бермоқда РИА Новости. Бунгача Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари Ципи Хотовели ўндан ортиқ давлатлар билан Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш масаласида музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.
“Яқин Шарқдаги барча дўстларимизга аниқ-тиниқ қилиб айтамизки, Филиппинда элчихонани Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш масаласи умуман муҳокама қилингани йўқ”, – деди Каетано GMA News телеканали орқали.
Филиппин вазири ўз мамлакатининг Фаластин-Исроил можаросини икки халқ учун икки давлат принципи асосида ҳал этилиши тарафдори эканини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Филиппин БМТ бош ассамблеясида АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганига қарши резолюция бўйича бетараф қолган давлатлардан биридир.

back to top