Масжид ва черков муҳтожларга байрам уюштириб берди

Қўшма Штатларда мусулмонлар шу ҳафта байрам муносабати билан кам таъминланган насронийларга хайрия ёрдами кўрсатишда фаол иштирок этмоқда.

Лонг-Айленддаги Ислом маркази волонтёрлари методистлар черкови фаоллари билан ҳамжиҳатликда муҳтожларга ҳақиқий Рождество базмини уюштириб берди.
“Жаҳонда шунча фожиалар рўй бериб турибди, – деди кўнгилли муслималардан бири Ойша Муҳаммад. – Биз қайси динга эътиқод қилишимиздан қатъи назар, бир-биримизга ёрдам беришимиз керак, чунки инсонийлик ва меҳр-оқибат ҳар нарсадан устун туради”.
Методистлар черкови волонтёри Жордан Уокер ҳам турли диндаги кишилар бир оила аъзоларидек бўлиб кетишларига ишонади, деб хабар бермоқда CBS Local.
Бундан ташқари, Ислом маркази ва черков ёшлари болаларга аталган юзлаб совғалар учун маблағ ва кийим-кечак тўплашди.
“Мақсад дунёга тинчлик, шодлик ва муҳаббат улашиш ҳамда ҳамжиҳатликни намоён этишдир”, – таъкидлади Лонг-Айленддаги Ислом маркази фаолларидан бири Узма Саид.
Таъкидлаш жоиз, ушбу икки диний муассаса уч йилдан бери муҳтожларга Рождество байрамини уюштириб келмоқда.

back to top