Автомобиль трассасида Аллоҳ номи ёзилган ёдгорлик ўрнатилди

Автомобиль трассасида Аллоҳ номи ёзилган ёдгорлик ўрнатилди

Тюменда Тоболск шаҳрига кираверишда мусулмонлар Аллоҳ номи ва Қуръони Карим оятлари ёзилган ёдгорлик ўрнатишди.

Чорраҳага ушбу ёдгорликни ўрнатиш лойиҳаси маҳаллий маъмурият билан келишилган ҳолда амалга оширилди.
Ёдгорликнинг юза қисмида Аллоҳ сўзи арабча имлода ёзилган. Рус тилида «Раҳмдил ва меҳрибон Аллоҳ номи билан» («Во имя Аллаха, Милостивого, Милосердного») ва «Бизни тўғри йўлга бошла» (бу оятнинг оригинали араб тилида ҳам) деб битилган.
Таъкидлаш жоиз, бир неча ўн йиллар давомида турли федерал трассаларда, жумладан, аҳоли пунктларига кириш жойларида ҳамма ерга черковга доир тимсоллар – турли диний иқтибослар ёзилган православ хочлари ўрнатиб келинган.
Худди шундай хочлар мусулмонлар кўп яшайдиган миллий республикаларга ҳам ўрнатилган.
Мусулмонларнинг диний ва жамоат ташкилотлари эса ҳукуматдан ўзларнинг диний рамзларини ўрнатиш ҳақида неча бор мурожаат қилиб муваффақиятга эриша олмаган эди.
Аммо Тоболск шаҳри мусулмонлари қадим Сибир заминида мусулмонлар ҳам яшашининг, шунингдек, 1580-йилларда бу ерда Сибир хонлиги бўлганининг рамзи ўлароқ ушбу ёдгорлик тошини ўрнатишга рухсат олди.
Тоболск шаҳри яқинидан топилган Сибир хони Кўчимхоннинг бош қароргоҳи жойлашган Искар шаҳри қолдиқлари шу кунгача маҳаллий аҳоли томонидан авайлаб асраб келинмоқда.
Ташкил топганидан бери Тоболск шаҳри тоғ усти ва тоғ ости қисмларга бўлинади. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, 1587 йили икки татар истеҳкоми ўрнида Тоболск шаҳрига асос солинган. Ўша татар қўрғонларидан бирининг номи «Бичик тўра» бўлгани маълум.
Сибир хонлигига тааллуқли қадимийлик излари қурилиш ишлари давомида бот-бот юзага чиқиб туради. Шаҳарнинг тоғ усти қисмидаги кўчалардан бирида қурувчилар тупроқ остида қалъа девори қолдиқларига дуч келди, археологлар эса қазилма ишларини давом эттириб, татар аскарининг қадамий мақбараси ва садоғини топди.

back to top