Қоҳирада халқаро китоб кўргазмаси бошланди

Қоҳирада халқаро китоб кўргазмаси бошланди

2018 йил 27 январь куни Миср Араб Республикасининг пойтахти Қоҳира шаҳрида Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси иш бошлади.

Бу йил қирқ тўққизинчи маротаба ўтказилаётган ушбу кўргазмада дунёнинг 27 давлатидан ташриф буюрган турли нашриёт ва матбаалар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Қатнашчиларнинг 15 таси араб давлатларидан, қолган 12 таси бошқа мамлакат вакиллари бўлиб, кўргазмада жами 849 нафар нашриётнинг 1194 растаси, фойдаланилган ва аввал нашр қилинган китоблар учун эса яна 117 раста ажратилган. Аввалги кўргазмалардан фарқли ўлароқ, бу йил болалар учун мўлжалланган китоблар савдоси учун алоҳида 2000 квадрат метр махсус жой ажратилган.

Кўргазмага кириш чиптасининг нархи 1 жунайҳ бўлиб, бу тахминан 500 сўмга тўғри келади. 12 ёшгача бўлган болалар учун эса кўргазмага кириш бепул. Кўргазма эрталаб соат 10:00 дан кеч соат 21:00 га қадар давом этади.

Кўргазманинг бу йилги шарафли меҳмони Жазоир давлати бўлиб, бу йилги азиз меҳмони эса мисрлик машҳур ёзувчи Абдурраҳмон Шарқовий.

Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси 1969 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади. Кўргазма қишки таътил пайти – январь ойининг охирида бошланиб, расман 12 кун, ташриф буюрувчиларнинг кам ё кўплигига қараб эса 15 кунгача давом этади. 2006 йили Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси Франкфурт халқаро китоб кўргазмасидан сўнг дунё бўйича иккинчи энг катта китоб кўргазмаси деб эътироф этилган.

Кўргазмада «Ҳилол» нашриёт-матбааси раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф ҳамда «Олтин силсила» ҳадислар тўплами таҳририяти аъзоси Нодирбек Хидировлар ҳам иштирок этишмоқда.

back to top